Амалиёт ва назария уйғунлиги

0
44

«Бугунги кунда олдимизда турган энг асосий муаммолардан бири — бу респуб-ликамиз қишлоқ хўжалигида илм ва амалиётнинг бир-биридан узоқлашгани, аксарият ҳолларда узилиб қолганидир. Бир ҳақиқат барчамизга маълум: илм ва изланиш бўлмаган жойда ҳеч қандай ривожланиш, юксалиш ва умуман, бирор-бир соҳанинг келажаги бўлмайди», — деган эди Президентимиз қишлоқ хўжалиги ходимлари кунига бағишланган тантанали маросимда.

Бу куюнчак сўзлар замирида қишлоқ хўжалигидаги жуда кўплаб муаммолар ётибди. Соҳага оид муаммоларнинг ечимини топиши вилоятимиз аҳолиси учун жуда муҳим. Бунга жавобан ўтган йили Тошкент давлат аграр университети Термиз филиали очилди.  Энди ўзимизда ҳам соҳа ривожига ҳисса қўшадиган, қишлоқ хўжалигидаги муаммоларни бартараф этишга кўмаклашадиган, энг муҳими, амалиёт ва назарияни баравар олиб борадиган муассаса фаолият юритмоқда.

Бу каби саъй-ҳаракатлар қандай натижа бермоқда, қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга оид қандай янгиликлар қилиниши режалаштирилган, амалиёт ва назария уй- ғунлиги қай тартибда шакллантирилади каби саволлар туғилиши табиий. Шу мақсадда Чори Бегимқулов раҳбарлик қилаётган Тошкент давлат аграр университети Термиз филиалига ташриф буюрдик.

Бизга берилган маълумотларга қараганда, ҳозирда Тошкент давлат аграр университети Термиз филиалида 9 та таълим йўналишида 362 нафар талаба таҳсил олмоқда. Соҳада кадрларга бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб, жорий йилда 13 та таълим йўналишига 300 нафар талаба қабул қилиш белгиланган.

Президентимизнинг 2018 йил 8 майдаги “Тошкент давлат аграр университетида олий маълумотли кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, Термиз филиали тузилмаси ўзгарди, агрономия факультети — агробиология факультетига, агроинженерия ва қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш факультети эса — агробизнес ва инвестицион фаолият факультетларига айлантирилди, — дейди филиалнинг ўқув-методик бўлим бошлиғи Акмал Маҳмадалиев. — Жорий йилда қишлоқ хўжалиги экинлари селекцияси ва уруғчилик, ўрмончилик, ипакчилик ва тутчилик ҳамда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари карантини, сабзавотчилик, полизчилик ва картошкачилик, иссиқхона хўжалигини ташкил этиш ва юритиш йўналишлари ҳам очилди. Бундан ташқари, жорий йилда муассаса 10 та ўқув лаборатория билан таъминланиши режалаштирилган. Бу лабораторияларда ўқитувчилар талабалар билан назарияни амалиётда қўллашади ва янги навлар яратиш устида иш олиб бориб, турли хил тажрибалар ўтказишади. Филиалимизда Кластер яратиш бўйича ҳам бир мунча ишлар йўлга қўйилмоқда. Хусусан, филиалга ажратилган ер майдонида Кластер  ташкил этмоқчимиз. Кластернинг афзаллиги шундаки, етиштирилган маҳсулот бир жойнинг ўзида қайта ишланади ва экспортга ҳамда ички бозорга йўналтирилади. Шу билан биргаликда музлаткичли омборхоналарда сақлаб турилади.

Вилоятимизга пиёз, картошка каби маҳсулотларнинг уруғи асосан бошқа вилоятлардан келтирилади. Уруғни ўзимизда етиштирадиган ва унинг сирини биладиган кадр- лар кўпайиши, албатта, фойдали. Ипак қурти уч мавсумда боқилаётгани, пиллага бўлган эҳтиёжнинг юқорилиги инобатга олиниб, ушбу йўналишда ҳам факультет очилди. Иссиқхона ҳам ҳозирги кунда яхши самара бераётган йўналишлардан бирига айланиб улгурди. Натижада кадрларга бўлган эҳтиёж ортди ва янги факультет очилди. Қайси соҳа бўлмасин, унда ҳақиқий мутахассис кўпайса, ўша соҳада ривожланиш ва янгиликлар кузатилади.

Филиални кенгайтириш ва талабаларга яхши шароит яратиб бериш мақсадида, 2018-2019 ўқув йили Термиз филиалига 35 миллиард 970 миллион 600 минг сўм маблағ ажратилиб, 1000 ўринли ўқув биноси, 240 ўринли  талабалар турар жойи қурилаяпти.

Филиалдаги профессор ўқитувчилар фаолиятининг дастлабки йилида талабаларга фақат фундаментал билим бериш билан чекланиб қолмасдан, ажратилган ер майдонида тажриба ишларини ҳам олиб бормоқда. Россия сабзавотчилик илмий марказидан сабзавот экинлари бўйича тажриба изланишларини олиб бориш учун помидор, ширин қалампир, ортишок, пуштиранг помидор, райҳон каби 10 дан ортиқ сабзавот экинларининг бошланғич селекцион материаллари олиб келиниб, филиалга қарашли ер майдонида экспериментал-тажриба ишлари олиб борилмоқда. Бу йил филиал қошида “Ўсимликлар клиникаси” ҳам ташкил этилди. Ушбу “клиника”да аҳоли томорқаларида қишлоқ хўжалиги экинларининг касаллик ва зараркунандаларига қарши курашиш тизимини ташкил этиш орқали ҳосилдорликни оширишга қаратилган хизмат йўлга қўйилган.

Назария ва амалиётнинг уйғун тарзда олиб борилиши назарда тутилиб, буюртмачилар билан талаба ўқишни битирганидан сўнг 5 йил ишлаб бериш мажбуриятини белгиловчи, эвазига эса талабанинг тўлов контрактини 2-босқичда камида 50 фоиз, 3-бос- қичда 75 фоиз ҳамда 4-бос- қичда 100 фоиз тўлаб бериш мақсадида уч томонлама шартномалар тузилмоқда. Талабалар эса ўша жойнинг ўзида амалиёт ўтайди ва соҳани ривожлантириш йўлида хизмат қилади.

Қайсики соҳага эътибор бўлса, ўша соҳанинг фидойилари бор имкониятдан унумли фойдаланмоғи ва жамият ривожи учун ҳисса қўшмоғи лозим. Олий таълим ва қишлоқ хўжалигидаги бу каби янгиликлар, изланишлар тез орада ўз самарасини беради ҳамда аҳолининг оғирини енгил қилишда кўмаклашади, деган умиддамиз.

Адолат МЎМИНОВА

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг