Бош саҳифа / Жамият / Ҳам саёҳат, ҳам зиёрат

Ҳам саёҳат, ҳам зиёрат

Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари билан мана икки йилдирки, Янги йил байрамида аҳолига беш кун дам берилмоқда.

Байрам арафасида аҳоли эҳтиёжи учун зарур бўлган маҳсулотлар таннархи кескин ошиб кетишининг олдини олиш мақсадида 50 дан ортиқ ярмарка расталарида гўшт, тухум, картошка, пиёз, мева-сабзавотлар, гуруч, балиқ, ичимликлар ва бошқа турдаги истеъмол товарлари биринчи қўл, яъни ишлаб чиқарувчи ва етиштирувчи тадбиркор ва фермерлар томонидан савдога қўйилган.

Шулардан бири Ҳаким Термизий мажмуаси бўлиб, ўзидан 400 дан ортиқ илмий асарлар қолдирган ватандошимиздир. Ҳаким Термизий мажмуаси IX-XV асрларда бунёд этилган. Ҳукуматимиз саъй-ҳаракати билан тубдан таъмирланган бу мажмуа саёҳатчилар ва зиёратчилар учун барча қулайликларга эга. Шеробод туманидаги Имом Термизий мақбараси ҳам XI-XII асрларда бунёд этилган бўлиб, муҳтарам Юртбошимиз Ш. Мирзиёевнинг ташаббус билан 2016-2017 йилларда жуда катта таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Бу муқаддас даргоҳда 450 ўринли масжид, эркаклар ва аёллар таҳоратхонаси, 5 та шарқона айвон, ошхона ва бир қанча қўшимча бинолар бунёд этилган. Мусулмон оламида унинг йиққан ҳадислари мактаб ва дорилфунунларда дарслик сифатида ўқитилади.

1108-1109 йилларда бунёд этилган Жарқўрғон минораси ўзининг салобати, бетакрор нақшлари, тарихий аҳамияти билан ҳар қандай кишини лол қолдиради. Воҳамиздаги энг катта, энг қадимий илм масканларидан бири — Саййид оталиқ мадрасаси XVI асрда бунёд этилган бўлиб, Қуръон сураларига монанд 114 та ҳужрадан иборат ўзига хос икки қаватли иншоотдир. Бу мадраса Нақшбандия тариқатининг кўзга кўринган алломаларидан бири Хожа Аловиддин Атторга атаб йигирма олти йил давомида бунёд этилган. Шунингдек, Вахшивор қишлоғидаги Сўфи Оллоёр масжиди ва мақбараси XVII-XVIII асрларга мансуб бўлиб, тариқат ва тасаввуфнинг улуғ алломаси зиёратгоҳи ҳашар йўли билан замонавий тарзда таъмирланиб, ободонлаштирилган. Бу ерга борган ҳар бир сайёҳ жуда катта руҳий ва маънавий қувват олади.

Термиздаги Қирққиз қалъаси IX-X асрларда бунёд этилган қизлар мадрасаси бўлиб, у ерда ўз даврида зодагонлар саройи, хонақоҳ, карвонсарой жойлашган. Бу ҳам халқимиз миллий қадриятининг ажралмас бир бўлаги ҳисобланади. Кокилдор хонақоҳи XVI асрда Абдуллахон II даврида бунёд этилган. Бу ердаги нақшлар, гумбазлар кишини ҳайратга солади. Пайғамбаримиз авлодлари қабрлари жойлашган Султон Саодат мажмуаси етти аср давомида бунёд этилган. Мақбаранинг узунлиги 70 метр бўлиб, ўзининг қурилиши, жойлашиши ва шарқона тарҳи билан муқаддас мажмуа ҳисобланади.

Сайёҳларни ўзига оҳанграбодек тортадиган Узундара, Қўрғонзол, Кампиртепа, Далварзинтепа, Фаёзтепа, Қоратепа, Зурмала маданий ёдгорликлари бу заминда яшаб ўтган авлод ва аждодларимизнинг бой ва ибратли ҳаёти ва тарих тамаддунида тутган ўрнидан ҳикоя қилади. Омонхона, Хўжаикон сиҳатҳолари, Хўжамайхона, Хўжаипок булоқлари ҳам саёҳатчи ва зиёратчиларни ўзига оҳанрабодек тортади.

— Юқорида сиз айтган тарихий ва хушманзара жойларга аҳоли оилавий ёки жамоа бўлиб бориши учун ҳаммада ҳам шахсий транспорт бўлмаслиги мумкин. Зебунисо, айтинг-чи, бу борада қандай ташкилотга ёки кимларга мурожаат қилиш лозим?

— Мазкур инфратузилмага давлатимиз томонидан жиддий эътибор берилаётганлиги сабабли йилдан йилга хорижий ва маҳаллий сайёҳларнинг сони ортиб бормоқда. Айни пайтда вилоятимизда “Ўзбекистон бўйлаб сайёҳат қил!” шиори остида 17 та сайёҳлик фирмаси фаолият юритмоқда. Хорижий ва маҳаллий саёҳларни замонавий транспорт воситалари билан таъминлаш мақсадида 50 ўринли “Mersedess-Bens” 0303, 52 ўринли “XML” 6122J13, 29 ўринли “SAZ HD” 50 “ISUZI”, 10 ўринли “Hyundai”, 20 ўринли “Mersedess-Bens” русумидаги 12 автобус ва 6 та микроавтобуслар хизмат кўрсатмоқда.

— Воҳамизда    сайёҳларнинг талаб даражасида дам олишлари, овқатланишлари учун имкониятлар қандай?

— Бу борада хизмат кўрсатиш турлари ва сифати хорижникидан қолишмайди. Бундан ташқари, сайёҳларга вилоятимизда миллий ва замонавий жиҳозланган “Ассон”, “Меридиан”, “Silk Road”, “Карвон Сарой” меҳмонхоналари ва кемпинглар каби 32 та меҳмонхона 7 кун 24 соат давомида фаолият кўрсатмоқда.

Воҳа ҳудудида «Malika Gold», «Dubay», «Begoyim», «Farhod», «Карвон Сарой», «Zoirbek», «Азия», «Золотая бочка», «Ассон», «Афродита», «Орзу», «Азизбек», «Каримбек», «Учрашув», «Antaliya», «Амар Холд», «Асилбек», «Кошона», «Yes Boss», «Берёзка», «Хан Султан», «Feredun», «Бахус» каби 35 дан ортиқ миллий ва европача таомлар тайёрланадиган ресторан, кафе, ошхона ва чойхоналар мавжуд. Уларнинг барчаси жаҳон стандартларига тўла мос келади.

— Янги йил тилакларингиз…

— Фурсатдан фойдаланиб, барча ватандошларимизга оилавий бахт, хотиржамлик, тинчлик ва меҳнат фаолиятида юксак самаралар тилаб қоламан. Юртдошларимиз Янги йил байрамини қалбларда муҳрланиб қоладиган даражада кўнгилли ва мароқли ўтказишларига тилакдошман. Шу ўринда муҳтарам Юртбошимиз Ш. Мирзиёевнинг воҳамиз ҳақидаги дил сўзларини келтириб ўтишдан фахрланаман: “Сурхон воҳасининг Зараутсой, Тешиктош ғорлари, Боботоғ ва Бойсунтоғ қояларидаги расмлар бу замин жаҳон цивилизациясининг бешикларидан эканига гувоҳлик беради. Бақтрия, Кушон каби кўҳна давлатлар тарихи, Далварзинтепа, Кампиртепа, Зартепа қалъаси сингари ноёб ёдгорликлар бу ерда қадим замонларда ҳам юксак тараққиёт бўлганини исботлайди.

Сурхондарёни яратганнинг ўзи гўзал табиат билан сийлаган. Олтинсой, Сангардак, Сайроб, Дарбанд, Хонжиза, Боботоғ каби гўзал гўшаларни бир бор кўрган, “Алпомиш” достонини бахшиларнинг ўзидан эшитган одам бу диёрга умрбод мафтун бўлиб қолади”.

Суҳбатни
Сафар ОМОН
ёзиб олди

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Сувга чўкишдан сақланинг!

Сўнгги вақтларда вилоятимиз ҳудудида фуқароларнинг, айниқса вояга етмаганларнинг сув ҳавзаларида чўкиб кетиши билан боғлиқ нохуш …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE