Ҳам меҳнат, ҳам даромад

0
22

Меҳнат қилиб, ҳалол пул топишнинг уятли жойи йўқ. Хоҳ у юқори лавозим бўлсин, хоҳ оддий юмушларни бажариш бўлсин, ўз меҳнати билан рўзғор тебратишга бел боғлаган ҳар қандай инсон учун, албатта, имконият эшиги очилади.

Бугун давлатимиз томонидан аҳолининг барча қатламларига бирдек эътибор қаратилиб, ҳатто, уйида бекор ўтирган, ҳеч қандай фаолият билан шуғулланмаётган фуқароларни ҳам иш билан таъминлаш муҳим масалага айланган. Жумладан, жамоатчилик асосидаги ишларнинг ташкил этилгани кўплаб фуқароларга, айниқса, кам таъминланган, кўмакка муҳтож инсонларнинг ишли бўлиб, рўзғор тебратишига кенг йўл очди.

Хўш, жамоатчилик асосидаги меҳнат нима ўзи, бундай ишчилар қандай юмушларни бажариши керак, уларнинг маош билан таъминланиши қай тартибда амалга оширилади? Кўпчиликни шу каби саволлар қийнаётгани турган гап. Буни жамоатчилик ишларига жалб қилиш бироз суст тарзда кечаётганидан ҳам англаш мумкин.

Бугун ҳар бир маҳалла кесимида жамоатчилик асосида меҳнат ташкил этилган бўлиб, шу асосда фаолият юритадиган фуқаролар асосан, уй-жой коммунал инфратузилмаларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларини олиб бориш, маҳаллалар, аҳоли яшаш пунктларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, қишлоқ хўжалигидаги мавсумий ишлар ҳамда ижтимоий-маданий ва тарихий-меъморий объектларни, қўриқланадиган табиий ҳудудларни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш каби бир қатор ишларни бажаришга жалб қилинади.

Жамоатчилик асосидаги ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида айрим маҳаллаларга ташриф буюрдик. Хусусан, биз ўрганган Шеробод тумани “Дўстлик” маҳалласида 4 327 нафар аҳоли истиқомат қилади. Маҳаллада йигирмадан ортиқ кўп қаватли турар жойлар бор. Ушбу биноларни таъмирлашда жамоатчиларга эҳтиёж бор. Маҳаллада йил бошида 15 нафар фуқаро жамоатчилик асосида ишга қабул қилинган. Уларга меҳнат дафтарчалари очилиб, ҳар ойда 511 725 сўм маош ҳам белгиланган.

—    Айни пайтда эса 6 киши жамоатчилик асосида фаолият юритмоқда, — дейди “Дўстлик” маҳалласи раиси Маҳмуд Кенжаев. — Йил бошидан бери жамоатчилик асосидаги меҳнатга фуқароларни кўпроқ жалб қилмаганимизнинг сабаби, уларга маош беришда қийналиб қоламиз, деган ҳадик бор эди. Аммо бизга ҳокимиятдан топшириқ берилдики, маҳаллада жамоатчи ишчиларни эҳтиёжга қараб олиш мумкин, уларнинг маоши энди 612 минг сўм этиб белгиланди.Бироқ кўпчилик жамоатчилик ишини бировларнинг хизматини қилиш, деб тушунади. Айримлар эса маоши кам деган сабаб билан ишга киришни исташмайди.

Аммо бунинг нотўғри эканлигини жамоатчилик асосида фаолият юритаётган фуқароларнинг фикридан ҳам билиб олишингиз мумкин.

—    Бундай меҳнатга қабул қилинишимдан олдин моддий томондан қийналар эдим, — дейди Назира Рўзибоева. — Ишга кирганимдан кейин маош ола бошладим, ҳам одамлар билан яқиндан мулоқотда бўлиш давомида мендан ҳам қийналиб яшаётган инсонлар борлигини кўриб, шукрона келтирдим. Ишим қийин эмас. Жамоатчилик асосида меҳнат ташкил этилганидан мамнунман.

Тумандаги Эркин Жўраев раҳбарлик қилаётган “Ғамбур” маҳалласига ҳам борганимизда, у ерда жамоатчилик асосида атиги 2 нафар ишчи меҳнат қилаётганига гувоҳ бўлдик. Бизга берилган маълумотларга қараганда маҳаллада 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган 732 нафар уюшмаган ёш бор экан.

—    Маҳалладаги ишсиз кўплаб фуқаролар асосан, бошқа маҳаллаларга анор ўраш ишларига кетади, қолаверса, бизнинг маҳаллада жамоатчилик асосида меҳнатга кўпам эҳтиёж йўқ, — дейди “Ғамбур” маҳалласи котибаси Муҳайё Қурбонназарова. — Баъзи маҳалладошларимиз жамоатчилик асосида ишлашни хоҳлашмайди.

Аслида жамоатчилик асосидаги меҳнат дегани кимнингдир хизматини қилиш, бу ишда тартиб-интизом йўқ, ишга кирган кишини дуч келган пайтда ишга жалб қилиш дегани эмас. Чунки бу ишчиларнинг ҳам иш режаси бор. Улар ҳам кун тартибига риоя қилган ҳолда фаолият юритади. Ҳафтада беш кун соат 8:00 дан кечки 17:00 гача ишлайди. Шанба, якшанба кунлари дам олади. Фуқаролар ўртасида англашилмовчилик келиб чиқмаслиги учун маҳалла фаоллари тарғибот-ташвиқотни кучайтириши, жамоатчилик ишларига жалб қилишда аҳолига тушунтириш ишлари олиб бориши муҳим. Ана шунда одамлар ҳам ишли бўлишга қизиқади, ҳам даромад топади. Маҳаллада банд, ўзига тўқ аҳоли кўпайса, низоларнинг келиб чиқиши ҳам камаяди.

Адолат МЎМИНОВА

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг