Бош саҳифа / Қишлоқ хўжалиги / Ҳам лимон, ҳам гул

Ҳам лимон, ҳам гул

Бундан чорак аср муқаддам фалончининг шахсий трактори бор, десалар ҳеч ким ишонмасди. Чунки ўша пайтда трактор тугул, велосипед олиб минганлар ҳам назорат остида эди. Биров пишиқ ғиштдан уй қурса, дарров суриштирувчилар топиларди. Мустақиллик одамларга эркинлик берди, ҳалол меҳнат қилаётганларга кенг йўлни очди. 

Бугуннинг талаби: тадбиркорлик билан шуғуллан, ухлама, меҳнат қил, даромад топ, хоҳласанг “Malibu” олиб мин, ҳеч ким йўлингни тўсмайди. Термиз туманидаги Қорахон — 1 қишлоғида яшовчи Шодавлат Алламуродов  2007 йилда ҳалол меҳнат билан йиғиб-терган маблағига хусусийлашиб кетаётган ташкилотнинг битта “Зил” автомашинасини хусусий мулк қилиб, сотиб олганди. Шодавлат бу машинани олишга олдию то уни созлаб, ишга яроқли қилгунича олган баҳосидан икки баравар кўп маблағ сарфлади.

Аммо ҳозир унинг ошиғи олчи, буюртма кўп. Қишлоқчиликда, кимдир ғиштимни фалон жойга ташиб бер, деб келади, бошқаси фалон жойдан хашагимни олиб келайлик, деб тонг саҳардан дарвозасини тақиллатади. Яна бировга қум керак, тош керак, ўтинини бир жойдан бориб олиб келиш керак. Шодавлат хизматга кўникиб қолган, остонасидан хатлаб келганнинг раъйини қайтармайди. Туннинг алламаҳалида бўладими, эрта тонг бўладими, машинасининг моторини ўт олдиради-да, мижознинг ҳожатини чиқариб қайтади.

— Шодавлат Алламуродов бўйни бўш йигит, — дейди маҳалла оқсоқоли Нурали Чориев. — Маҳаллада тўй бўладими, маърака бўладими ёки “қўли калта” бирор оилага техника зарурми, йўқ демайди, бўйин товламайди, айтган ишингизни дарров бажаради, маҳалла-кўйдан ёрдамини аямайди…

Шодавлатнинг топган пули ҳалол, баракали. Ўн сўм топса, ярмини машинаси учун ажратади. Қолгани рўзғорга белбоғ бўлмоқда. Турмуш ўртоғи Бахтигул Чоршанбиева уй бекаси. Аммо баъзи аёлларга ўхшаб бекорчи эмас, соатлаб телевизорда сериалларни томоша қилмайди. Эпли аёл. Абжирлиги, чаққонлиги боис ҳар куни Шодавлат машинасидан орттириб берадиган пулни жамлаб, ён қўшниси Шаҳар Худойбердиевага ҳавас қилиб, ундан ўрганиб, тежаб-тергаб, томорқасида ҳар бири 4 сотихли иккита иссиқхона барпо этди. Бирида 28 туп лимон ўстирмоқда, икки йилдан бери лимон сотаяпти, яхшигина даромад қилмоқда. Ана шу лимонлар орасига ҳар йили “Канар” ва “Вашингтон” пальма гулларини ўстириб, оила хазинасига даромад қўшаяпти.

— Ҳозирда 100 тупдан кўпроқ тайёр гулимиз бор, — дейди Бахтигул Чоршанбиева. — Ҳар тупини 30-40 минг сўмдан харидорларнинг ўзи олиб кетишаяпти…

Бировнинг чўнтагидаги пулни ҳисоблаш яхши одат бўлмасада, оила гул етиштиришдан йилига 4-5 миллион сўм даромад кўраётганини айрим  ишёқмасларга ўрнак олиши,  ўрганиши учун шунчаки эслатмоқчимиз, холос.

Уй бекаси Бахтигул Чоршанбиева қизи — 9-синф ўқувчиси Мафтуна билан иккинчи иссиқхонада 28 туп мандарин дарахтини ўстирмоқда. То дарахтлар ҳосил туггунича иссиқхонанинг унумдор тупроғига картошка, помидор, бодринг ўстириб, бозорга чиқаришаяпти. Иссиқхонада экилган 120 килограмм уруғлик картошкадан икки ҳисса кўп ҳосил олиш кўзда тутилмокда.

Бахтли бека Бахтигул Чоршанбиева болалар тарбиясига ҳам, рўзғор юмушларига ҳам, қўралардаги 5 бош қўй, олти бош қорамол боқишга ҳам, энг муҳими, турмуш ўртоғи Шодавлат Алламуродовнинг ишдан чарчаб келганда хуш гапини бериб, бир пиёла иссиқ чой узатишга ҳам вақт топади. Оиладаги тинчлик-тотувлик, дастурхондаги қут-барака — ҳаммаси меҳнат самарасидир.

Усмонали НОРМАТОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Хирмон тўлиб тўкилди дон…

Воҳамиз ғаллакорлари давлатга ғалла сотиш шартномавий режасини ошириб бажаришди. Қабул масканларига бугунгача 289,9 минг ўрнига …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan