Бош саҳифа / Маданият / Алпомишсиз эл бўлмайди

Алпомишсиз эл бўлмайди

Яратган кимнидир  мансаб, бойлик билан иймонини, виждонини синовдан ўтказса, бошқа бировни эса ташвишу муаммолар орқали иродасининг собитлигини, сабрини тарозига тортади. Албатта, ҳар иккала ҳолатда ҳам ўз виждонига қарши бормаган, адолатнинг йўлини маҳкам тутган, оқил киши тақдирнинг туҳфасидан бенасиб қолмайди.

Вилоят мусиқали драма театрида янгича талқинда намойиш этилган “Алпомишнинг қайтиши” спектаклидан ҳам ана шу ҳаётий ҳақиқатни уқиш мумкин.

Спектакль Ўзбекистон халқ шоири, драматург    Усмон Азимнинг шу номли асари асосида саҳналаштирилган.  Режиссёр — Ўзбекистон санъат арбоби Мансур Равшанов, рассом — Ўзбекистон санъат арбоби Бахтиёр Тўраев. Бош ролларни Фарҳод Болтаев, Нигора Аҳмедова, Ўзбекистон халқ артисти Гулнора Равшанова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Ҳамид Орипов, Чоршанби Чориев, Қудрат Бурҳоновлар ижро этишган.

Асар сюжети Алпомишнинг Қалмоқ юртига қайнотаси ва амакиси Бойсарини Тойчихоннинг зулмидан халос этиш учун жўнаб кетишидан бошланади. Ва у ерда қалмоқларнинг ҳийласи билан етти йил зиндонда қолиб кетади. Бу орада Бойсун-Қўнғиротда Бойбўрининг чўридан бўлган чўпон ўғли Ултонтоз ўзини бий деб эълон қилиб, юртни бошқармоққа киришади. У Алпомишнинг ота-онасидан тортиб унга дўстман деган барчани қийноққа солиб, қул қилади. Алпомишнинг ёри Барчинойга уйланиш ниятида унга етти йил давомида совчи қўяди, аммо розилигини ололмайди. Ўз ёри ва муҳаббатига садоқатли Барчиной Алпомиш кетаётганда берган ваъдасига содиқ қолиб, уни наинки етти йил, балки етти дунё тургунча кутишга аҳд қилади.

Ниҳоят, етти йилдан сўнг Алпомиш ўз юртига қайтади. Дастлаб, у Қултой бобо билан режа тузиб, ким унга дўсту, ким душман эканлигини билиш мақсадида ўзини ошкор қилмайди. Қултой бобо қиёфасида тўйга бориб, Барчинойга уйланиш учун тўй бошлаган Ултонтознинг ота-онасини, халқни қандай хўрлаётганининг гувоҳи бўлади. Спектакль ниҳоясида у халқини, дўстларини ва яқинларини Ултонтознинг зулмидан халос этиб, яна Бойсун-Қўнғиротда адолатни тиклайди.

Спектаклнинг ютуғи шундаки, халқ оғзаки ижоди маҳсули бўлмиш машҳур “Алпомиш” достонидаги воқеалар асосида миллий қаҳрамонимиз Алпомиш образи гавдалантирилган. Асарни тушуниш учун достонни ўқиш ва ундаги воқеалардан хабардор бўлиш лозим.

Спектаклни шунчаки дам олиш учун эмас, балки руҳий қувват, ҳаётий хулосалар олиш учун томоша қилиш мумкин. Муҳими, саҳна ва томошабин орасидаги масофа яқин. Бунда томошабин бевосита воқеалар силсиласида иштирок этади ва бу ҳол ўз-ўзидан ягона руҳий майдон ҳосил қилади. Шундай вазиятлар бўладики, гоҳ қаҳрамонни қабиҳликка ундаётган мунофиқларнинг ёвуз мақсадидан огоҳ этгингиз келса, гоҳ Алпомишнинг қайтишини кута-кута юрак-бағри эзилган қаҳрамонга таскин бериб, ғам юкини кўтаришга ёрдам қилгингиз, унинг кўз ёшларини артгингиз келади. Айниқса, Ултонтознинг хизматкорларидан бири Эргаштоз образи актёрга жуда мос тушган. Лаганбардорларга хос хислатларни унинг ҳаракатлари, мимикаларидан ҳам илғаш мумкин. Ёки Кунтуғмиш бека образини талқин этган актриса ўзининг ички ижодий имкониятларини ҳам намоён эта олган.

Адолатсизликлар авж олган пайтда фақат ўзлигини англаган, виждонига қарши бора олмайдиган, мард кишиларгина ҳақиқатни баралла айта олади. Аслида бу ҳам катта жасорат. Асарда ана шундай қаҳрамон Ҳаққул бахши образи кўпчиликка ўрнак қилиб кўрсатса арзигулик. Боиси, у маддоҳлик эмас, ҳақиқат йўлини танлайди. Бунинг учун ҳатто, золим бийнинг зулмидан, ўлимдан ҳам қўрқмай, ўз жонини қурбон қилади.

Саҳна безакчилари ва рассомнинг ишини ҳам алоҳида эътироф этиш лозим. Саҳнага шундай руҳ берилганки, асар воқеалари кечган Сурхон воҳасининг сўлим табиати, адирлари кўз олдингизда намоён бўлади. Актёрларнинг пардози ва либосларида ҳам воҳа кишиларига яқин қиёфани кўрасиз. Саҳнадаги оддий деталлардан бири — қалқонда эса бадиий юк бор. У бу юртнинг ҳимоячиси борлигини, кун келиб уни адолатсизликлардан озод қилажагини томошабинга эслатиб туради.

Асарнинг томошабин қалбини забт этишида оддий бўлиб кўринган нарсалар ҳам жуда муҳим. Зеро, спектаклда чироқ усталари ҳам ўз ишини маҳорат билан бажаришганки, натижада ҳолат ва вазият тасвири ишончли чиққан.

Спектакль ютуғи ўзига хос бўлсада, камчиликлардан холи эмас. Мисол учун, Ултонтоз образини талқин этган актёрнинг қиёфаси ҳам, унинг ҳаракатлари ҳам ушбу қаҳрамоннинг характерини тўла очиб бера олмаган. Назаримизда, бунинг устида бироз ишлаш керак.

Спектаклдан мансаб пиллапоясига чиққанда атрофимизда гирдикапалак бўлганлар қўрқоқ, мунофиқ кимсалар, аксинча, бошини баланд тутиб, ўз нуқтаи назари ва дилидагини айта оладиган киши дўст эканлигини англаймиз. Барчиной садоқатини эса ҳаётда оддий қийинчиликларга дош беролмай, оила аталмиш муқаддас даргоҳни оёқости қилишаётган ёшларга ўрнак қилиб кўрсатсак арзийди. Томошабин эса ана шундай ҳаётий синовлар майдонида қандай йўл тутмоқ кераклигидан сабоқ олади.

Феруза
РАҲМОНҚУЛОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ноанъанавий сабоқ

Милоддан аввалги II асрда Юнон-Бақтрия подшолиги чегара ҳудуди қандай ҳимоя қилинганини биласизми? Оғир ва енгил …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan