Бош саҳифа / Маданият / Алпомиш юртга қайтди

Алпомиш юртга қайтди

Бахшичилик  бизга бобомерос. Бобомиз  Шерназар бахши, отам Мардонақул  бахши ҳам  халқ  достонларини айтиб, узоқ йиллар  эл-юрт дуоси, олқишини олган.

Мен ҳам мана саксон ёш остонасида бўлсам-да ҳамон “Алпомиш”, “Гўрўғли”, “Авазхон”, “Кунтуғмиш” каби достонларни куйлаганимда, бутун вужудимда завқу шавқ жўш ураётганини сезаман. Халқимизнинг шонли ўтмишини юрак-юрагимдан ҳис  этаман.

Адабиётшунослар томонидан мендан ёзиб олинган кўплаб халқ  достонлари  китоб ҳолида ўқувчилар қўлига етиб борди. 50  га  яқин  шогирдлар  етиштирдим. Улар орасидан Шоберди  бахши, Боборайим бахши, Абдуназар  бахши, Шодмон бахши каби шогирдларим «Ўзбекистон халқ бахшиси» унвони билан тақдирланишди. Бахши сўзи “маърифатчи, зиё улашувчи” маъноларини англатади. Соддароқ қилиб айтганда, у қўшиқ ва достонларни ёддан куйловчи, айтувчи ва ўз маънавий меросини авлоддан авлодга етказувчи санъаткордир.  Шундай шогирдларим борлигидан доим фахр туяман. Термизда “Бахшилар мактаби” қурилиб фойдаланишга топширилгани  кўнглимни тоғдек кўтарган  бўлса,  “Бойсун баҳори” фестивалининг қайта тикланганидан  ҳам хурсандчиликдан бошим  кўкка  етгудек  бўлди. Энди “Бойсун баҳори”да яна дўмбиралар тилга кириб, овоз созга, соз овозга мойил бўлганда қалблар  оҳанглар асирига айланади. Энди яна  Бойсуннинг мовий осмони, бепоён кенгликлари бахши дўмбирасига жўр  бўлиб   дилларга завқ-шавқ улашади. “Бойсун баҳори” га марҳабо!

Хўшбоқ бахши МАРДОНАҚУЛОВ,
Ўзбекистон халқ бахшиси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ноанъанавий сабоқ

Милоддан аввалги II асрда Юнон-Бақтрия подшолиги чегара ҳудуди қандай ҳимоя қилинганини биласизми? Оғир ва енгил …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan