Бош саҳифа / Жамият / “Алло, бу “Сувоқова”ми?..”

“Алло, бу “Сувоқова”ми?..”

Дарҳақиқат, сув — бу ҳаёт! Сув тирикликнинг ибтидоси ва интиҳосидир. Шу маънода, ичимлик сувини тежаб ишлатиш, уни ифлослантирмаслик керак. Бугун республикамиз ҳудудида ҳаммаси бўлиб 19,04 км3 ер ости сувлари бўлиб, шундан 11,53 км3 сифатли ичимлик сувидир. Аммо, кейинги вақтда ер ости сувлари шўрланиб, ифлосланиб бормоқдаки, бундай сувлар билан ҳаттоки қишлоқ хўжалик экинларини суғориш ҳам хавфли экани таъкидланаётир.

Хўш, бу борада воҳада, хусусан Термиз шаҳар “Сувоқова” давлат  унитар корхонаси томонидан аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда? Дебитор ва кредитор қарздорлик ҳолати аҳолининг қанча қисми ичимлик суви билан таъминланганини билиш мақсадида “Сувоқова” Давлат унитар корхонаси Термиз шаҳар бўлимига мурожаат қилдик.

— Бу саволларингизга Нуриддин исмли муовиним жавоб беради,— деди ўзини Термиз шаҳар “Сувоқова” давлат унитар корхонаси раҳбари деб таништирган Панжи Ҳасанов. — Телефон рақамингизни қолдирсангиз, сизга боғланиб, барча керакли маълумотлар билан таъминлайди.

— Мумкин бўлса, менга ўша ўринбосарингизнинг телефон рақамини берсангиз!

— У телефон кўтармайди. Тайинлаб қўяман, сизга албатта,  қўнғироқ қилади.

Ўз қобиғида “кутиб” олган масъул, тағин ўша қобиқда “кузатиб” қўйди. Ҳақли савол туғилади, бу каби масъулларнинг хавотири нимадан? Тақдим этилиши лозим бўлган маълумот улар учун қандай кўнгилсиз муаммоларни туғдириши мумкин?

Шубҳалар ўй-хаёлларимизни янгидан-янги манзиллар томон етаклайди. Беихтиёр ўйга толасан, киши, “Сувоқова” давлат унитар корхонаси фаолиятидаги кўзбўямачилик наҳот шу даражага етган бўлса? Йўқса, маълумотларни беркитишдан мақсад нима?

Мана, орадан бир неча кун ўтди, ҳали-ҳануз ўша, мутасадди ваъда қилган қўнғироқни кутяпмиз! Телефон жиринглайди… Ҳар сафар шеригим энтикиб  гўшакни кўтаради: “Алло! “Сувоқова”данмисиз?..

Эркин НОРСАФАР

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Аёл ва замон” марказида янги лойиҳа

Воҳамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам ўз ўрни бор. Бу борада “Аёл ва замон” …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan