Бош саҳифа / Қишлоқ хўжалиги / Ғаллазорлар қисқаради…

Ғаллазорлар қисқаради…

аммо масъулият ўша-ўша

Ҳамма замонларда ҳам элни дон маҳсулотлари билан таъминлаш долзарб масала бўлган. Қимирлаган жон борки, хоҳ инсон бўлсин, хоҳ қуш дон, демакки нон топишга интилади, ҳаракат қилади.

Дастурхонларда ҳар қанча шоҳона таом, ноз-неъмат мўл бўлмасин, барибир ноннинг ўрни бўлак. Изма-из гўшт есангиз, ҳар куни мева-чева истеъмол қилсангиз, барибир, беш-ўн кун орасида медангизга тегади. Лекин нонсиз яшаб бўлмайди.

Деҳқонларимизнинг бугун бепоён далалардаги амалга ошираётган юмушлари, саъй-ҳаракатлари замирида келгуси — 2019 йил ҳам хал- қимизни сифатли дон билан таъминлаш масъулияти мужассам.

Ўз еримизда етиштирилган буғдой нони билан элимизни боқиш вазифаси юкланганидан буён ўтган чорак аср мобайнида деҳқонларимиз бошоқли дон экинларидан мўл ҳосил етиштириш ҳадисини олишди, тажрибалари ошди. Мустақилликнинг дастлабки йилларида ғаллазорлардан 27-30 центнердан ҳосил ундирганлар эндиликда 55-60 центнердан ошириб ҳосил йиғмоқдалар. Бу ютуқлар деҳқонларимизнинг, энг аввало, буғдой уруғларини эртачи экишаётгани билан изоҳланади. Эртачи экилган буғдой серҳосил бўлишини ғаллакорлар тажрибада синовдан ўтказишган. Шу боис, 2019 йил ҳосили учун ҳам кузги ғалла экиш барвақт бошланди.

Вилоят қишлоқ хўжалик бошқармаси мутахассислари маълумотига кўра, 2019 йил 2018 йилга нисбатан ғаллазорлар 2 минг гектар майдонга қисқартирилмоқда. Яъни 93 минг гектар суғориладиган майдонларда ғалла парваришланади. Лекин умумий дон тайёрлаш ҳажми камаймайди. Бунинг учун деҳқонлардан ердан самарали фойдаланиш чораларини излаш талаб этилади. Ҳукуматимиз томонидан ғаллакорларга ҳар томонлама ғамхўрлик қилинмоқда. Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 сентябрдаги “2019 йил ҳосили учун кузги бошоқли дон экинлари навларини жойлаштириш ва бошоқли дон етиштиришнинг прогноз ҳажмлари тўғрисида”ги қарорига асосан ғаллакорларимиз 93 минг гектар унумдор майдонда ғалла ўстириб, якунда 265,7 минг тонна сифатли ва сара дон тайёрлашлари учун вилоятдаги фермер хўжаликларига имтиёзли шартларда 146 миллиард 694 миллион сўм кредит ажратилмоқда. Бу маблағ молия вазирлиги ҳузуридаги қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан берилаяпти.

— Аёнки бозор иқтисодиёти шароитида маҳсулотлар ва хизматларнинг нархи ўсиб бораяпти. Шунга қарамай, ғалла етиштирувчиларга енгиллик берилаётир, — дейди вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармасининг “Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасида ишлаб чиқариш иқтисодий таҳлили” бўлими бошлиғи Зафар Жумаев. — Мисол учун Президентимизнинг 2018 йил 28 февралдаги “Пахта хом- ашёси ва бошоқли дон етиштиришни молиялаштириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, ғалла етиштирувчи хўжаликларга ёнилғи-мойлов материаллари ва маъданли ўғитлар нархи оширилмаган ҳолда етказиб берилаяптики, бу ҳам ҳукуматимизнинг элимизни дон маҳсулотлари билан таъминлашга беқиёс ғамхўрлик қилаётгани ва ғалла етиштирувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётганидан дарак беради.

Айтиш керакки, мўл ҳосил сифатли уруғликка боғлиқ. Ҳосилдорликни ошириш мақсадида ҳар йил далаларимизга буғдойнинг янги навлари экилишига эътибор берилаяпти. 2019 йил ҳосилини ўйлаб Россия- дан “Антонино”, “Гром”, “Безостоя”, “Васса” сингари буғдой навлари уруғи келтирилди ва ғалла уруғчилигига ихтисослашган фермер хўжаликлари далаларига экилмоқда. Бундан ташқари, “Сурхондарёдонмаҳсулотлари” АЖ ва шўъба корхоналари томонидан деҳқонларга экиш учун 23250 тонна сифатли уруғликлар етказиб берилаётир. Бу имкониятлардан фойдаланаётган ғаллакорларимиз мавжуд 209 та экиш сеялкаси ва 382 та мосламани юқори унум билан ишлатиб, экиш ишларини жадаллаштиришаяпти. Ҳозиргача вилоят бўйича 33,3 минг гектар очиқ майдонга, 29,5 минг гектар даладаги ғўза орасига уруғ қадалди. Барвақт ҳаракат қилган ғаллакорлар даласида пешма-пеш буғдой кўкариб чиқаяпти. Ариқлардан оқиб келаётган оби ҳаётнинг ҳар қатрасидан самарали фойдаланишга интилаётган ғаллакорларимиз октябрь ойи охиригача ажратилган майдонларда экишни тўлиқ якунлаш ва ноябрь ойининг иккинчи декадасигача майсаларни биринчи суғоришни тугатиш чора-тадбирларини кўришаяпти.

У. НОРМАТОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

СОТИХИДАН БИР ТОННАГАЧА

Уй-жойи, томорқаси бор, тоғни урса толқон қиладиган йигитларнинг оиламни  боқаман, деган баҳона билан  хорижий мамлакатларда …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan