Бош саҳифа / Жамият / Алла айтинг, оналар!

Алла айтинг, оналар!

Алла дунёдаги қўшиқларнинг қадимийла-ридан саналади. Она меҳри мўжизасини, ажиб жозибасини унда ҳис этасиз.

Гарчанд улғайган бўлсангиз ҳам беихтиёр уни тинглагингиз келаверади. Соф ва беғубор туйғуларнинг ифодаси янглиғ жаранглаган қўшиқ бир зумга хаёлингизни ўғирлайди. Кўз олдингизга ором қўшиғини тинглаб ширин уйқуга кетган гўдаклар келади. Яна онаизорингизнинг мунаввар чеҳраси кўз ўнгингизда намоён бўладию гўё унинг орзу умидларини қўшиб куйлаётган алласи қулоғингиз остида янграйди:

Алла болам, от чопсин-о, алла,
Отига бахмаллар ёпсин-о, алла.
Йигитларга бош бўлиб-о, алла,
Катта бўлсин, бахт топсин-о, алла…

Онам айтган аллаларнинг бирида шундай сўзлар бор эди. Мен ҳам онамдан ўрганганларимни чиройли сўзлар билан бойитиб, фарзандларимга куйлаб бердим. Шунга амин бўлдимки, бола онасининг  овозини, қўшиқ оҳангинию сўзларини яхши таниб олар экан. Яна йиғламоққа тушган бола она алласини тинглабгина овунмоғига кўп бора гувоҳ бўлганман. Бу ҳол ҳамма оналаримизга таниш, албатта.

Мени ҳайрат ва таажжубга солаётган бир ҳолат борки, кейинги вақтларда айрим оналаримиз фарзандига алла айтиш ўрнига қўл телефонидан шовқинли қўшиқларни қўйиб, гўдакни ухлатишга уринишади. Аммо улар алла қўшиғининг ўрнини асло боса олмайди. Мурғак болажонимизга қўшиқни оналаримиз телефондан эмас, юрагидан айтсинлар, куйлаб берсинлар. Истагимиз, она ва фарзанд ўртасидаги меҳр риштасини, ўтмиш ва келажакни телефон эмас, волидаларимиз тилидан айтилган боқий қўшиқларимиз боғлаб турсин.

Ойнахол ЭШҚУЛОВА,
Шўрчи тумани “Гўзаллик” маҳалласи

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ногиронлар – эътиборда

Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, айниқса, уларга сифатли тиббий хизматлар кўрсатиш, зарурий тиббий-ижтимоий …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE