Алимент миқдори ўзгарди

0
38

Турмуш ўртоғим билан ажрашганман. Икки нафар фарзандим бор. Фарзандларим учун ҳар ой алимент пули оламан. Яқинда алимент тўлаш тартиби ўзгарди, деб эшитдим. Шу ҳақида маълумот берсангиз.

Гулзор Турдиева, Шеробод тумани

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-4-моддасига ўзгартириш киритилган бўлиб, унга кўра, илгари ҳар бир бола учун алимент миқдори энг кам иш ҳақининг учдан бир қисми берилар эди. Энди ҳар бир бола учун энг кам иш ҳақининг 75 фоизидан кам бўлмаган миқдорда, яъни 138 225 сўм этиб белгиланди. Алиментни бола вояга етгунга қадар кўчмас мулк ёки қимматбаҳо буюмлар орқали ҳам бир йўла тўлаб қўйиш мумкин. Агар алимент тўлиқ олдиндан тўланса ёки гаров шартномаси тузилса, алимент тўлаган шахсга республикадан ташқарига чиқишга рухсат этилади. Бунда гаров қиймати энг кам иш ҳақининг икки юз бараваридан, яъни 46 миллион 75 минг сўмдан кам бўлмаслиги лозим.

Мабодо фуқаро алимент тўлашдан бош тортса, 15 суткага маъмурий қамоққа олинади. Маъмурий жазо қўллангандан кейин ҳам белгиланган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаса, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 5-боб, 122-моддасига биноан икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Ўша қилмиш хавфли жиноятчи (рецидивист) томонидан содир этилган бўлса, икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Яна бир гап. Агар шахс алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни тўлиқ тўлаган бўлса, у жавобгарликдан озод қилинади.

Саволга Мажбурий ижро бюроси Термиз шаҳар бўлими қидирув шўъбаси катта инспектори Акмал САМАТОВ жавоб берди.

 

 

Ҳуқуқшунослар аттестациядан ўтказилди

Вилоятда юридик хизматни тўғри ва самарали йўлга қўйиш, соҳа ходимларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш борасида адлия бошқармаси томонидан жорий йилда бир қатор ишлар амалга оширилди.

Хусусан, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш маркази билан ҳамкорликда вилоят миқёсида сайёр ўқув курси ташкил этилиб, 70 га яқин юридик хизмат ходимлари малакаси оширилди. Шунингдек, юридик хизматга тайинлашга тавсия этилган 50 нафардан ортиқ фуқаро ҳамда 35 нафар юридик хизмат ходимлари суҳбат ва аттестациядан ўтказилди. Шундан 24 нафарига Адлия вазирлигининг буйруғига асосан махсус унвон-мартаба даражалари берилиши таъминланди.

Юридик хизмат ходимининг иш жойини моддий-техника жиҳатидан жиҳозлашга доир минимал талаблардан келиб чиққан ҳолда соҳа ходимларига зарур шарт-шароит яратилиши белгиланган. Ушбу талабнинг 6-банди ҳам муассасалар, ташкилот ва корхоналар раҳбарларининг юридик хизмат ходимларига қулайликлар яратиб беришга жавобгарлиги белгилаб қўйилган.

Адлия бошқармаси томонидан давлат органлари ва ташкилотларида ўтказилган мониторинг ва ўрганишлар давомида айрим ташкилот раҳбарлари томонидан юқорида келтирилган талабларга риоя қилмаганлик ҳолатлари аниқланди. Мазкур ҳолатлар юзасидан давлат органлари ва ташкилотларига аниқланган қонун бузилишлар ва уларнинг содир этилишига олиб келган сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш ҳақида 4 та тақдимнома ҳамда Меҳнат кодексининг 177-моддаси талабини бузганлиги сабабли Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддаси 1-қисмига асосан 29 та ташкилот раҳбарларига нисбатан маъмурий жавобгарлик масаласини кўриб чиқиш хусусида вилоят бандликка кўмаклашиш бош бошқармасига таклифлар киритилиб, 7 та ташкилот раҳбарларига нисбатан маъмурий жарима қўллаш ҳақида қарорлар қабул қилинди. Қарийб 10 нафар юридик хизмат ходимлари зарур шарт-шароитлар билан таъминланди.

Ғ. ТИЛОВҚОБИЛОВ,
вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг