Бош саҳифа / Таълим / Қалбларни уйғотинг, муаллим

Қалбларни уйғотинг, муаллим

Назокат АННАҚУЛОВА — “Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси” бўлди.

Эшали Раҳимов Иккинчи жаҳон урушидан ногирон бўлиб қайтди. Тоғли Вандоп қишлоғи ҳам анчайин ҳувуллаб қолган, хат-саводли кишилар бармоқ билан санарли эди. Фарзандларининг илмли, зиёли, элга нафи тегадиганлардан бўлишини, айниқса, жажжи қизалоғи Назокатнинг ўқитувчи касбини эгаллашини чин дилдан истарди.

“Менинг қизим, албатта, ўқитувчи бўлади, ҳаммага дарс бериб, одамлар қалбини уйғотади” дея Назокатга катта умидлар боғларди ота. Неча бор тушларида мактаб муаллимасига айланар, атрофи тўла ўқувчилар бўларди. Бу ширин орзулар бир кунда қаергадир йўқолиб қолди. Онаизори Тасиқхон опа бевақт оламдан ўтди. Вақт тўхтаб қолгандек, бу оламлар музга айлангандек эди. Тўрт ёшли Назокат меҳрибонини ва орзуларини излаб уйнинг у бурчидан бу бурчига борар, гоҳо осмонларга тикилганча кўзлари шашқатор ёшларга тўларди. “Сен ўқитувчи бўлишинг керак, қизалоғим…”. Бу сўз қаерга бормасин, унга пешвоз чиқаверар, митти юрагида бу оташин чорловнинг ҳаяжони ва ҳароратидан ўзга илиқлик, қувонч ҳам йўқ эди гўё. Урушдан кейинги одамларнинг кунлари ва тунлари бир тутам. Одамлар қуёш чиқмасидан далаларга отланар, то кеч қоронғусигача кенг дала даштларнинг бағрида замин билан ҳасратлашарди. Мана, биринчи синф сабоқларлари ҳам бошланди. Муаллим деганларининг чеҳрасида, айтар сўзларида ҳам орзуларидаги каби яқинликни туя бошлади. Ҳали бу ҳисларнинг номи меҳр эканини билмас ҳам эди. Қунт билан савод чиқарди, китобларни равон мутолаа қиладиган бўлди. Онасиз болаларга ёлғиз бош бўлган ота бу қоракўзларни фақат китоблар билан дўст, сирдош тутинмоғига тиришар, уни қўлдан қўймасликни қатъий талаб қиларди. Шу зайл хонадонда китобхонлик одатга айланди. Назира 5-синфда Алишер Навоий достонлари билан танишдию бир умр унинг муҳибига айланди. Ҳар бири бир олам асарларининг завқи, ҳаяжонисиз ўткан кунлар бўлмади. Адабиёт муаллими Маҳмадали Тошбадалов Назира сингари ўқувчиларига ана шу ҳайратлар эшигини борича очган, Навоийнинг эзгу ғоялари ортидан эргаштирган ҳам эди. Тақдир тақозоси билан 9-10 синфларни Ангор туманида ўқиган қаҳрамонимиз мактабни аъло баҳоларга тугатиб, ўша вақтларда Термиз педагогика институтининг ўзбек тили ва адабиёти факультетига ўқишга кирди. Мана, олий даргоҳда орзулар бўй кўрсатди, моҳир устозлардан сабоқлар олди. Отасининг эзгу ниятлари ижобат бўлди. Турмуш қурди, 7 нафар фарзандларнинг меҳрибон онасига айланди. Дастлаб, Термиздаги 2-умумталим мактабида, сўнгра 4-мактабда она тили ва адабиёт фанидан сақбоқлар берди. Ярим асрга яқин умрини ўқитувчиликка бахшида этди. Минглаб шогирдлар тайёрлади. Бугун нафақада, шунга қарамасдан шаҳардаги 6-умумтаълим мактабида ёш авлодга бор билимини бериб келмоқда.

— Муаллимликнинг муҳим фазилати болаларни яхши кўриш ва уларга меҳрибон бўлишда, — дейди Назокат Аннақулова. — Ҳатто рус гуруҳларида дарс ўтганимда ҳам, энг аввало, бола қалбига қулоқ тутаман, уларни тинглайман, дўстлашаман. Шунда мен айтган сўзлар, уларга бегона туюлмайди. Демакки, мақсадга ҳам эришаман.

Назокат Аннақулова 1 октябрь — “Ўқитувчилар ва мураббийлар куни” муносабати билан Президентимиз фармонига кўра, “Ўзбекистон халқ ўқитувчиси” унвони билан тақдирланди. Хушхабар бутун мамлакатга овоза бўлди. Кеча Термиз шаҳридаги 6-умумтаълим мактабида муаллимани қутлаш, табриклаш мақсадида шогирдлари, ҳамкасблар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари тўпланишди. Гул тутганлар ким, тилак айтган яқинлар қайси. Ахир бунча қувончни қалбга сиғдириш ҳам осон иш эмас экан-да. Тадбирда сўзга чиққанлар Назокат Аннақулова тимсолида мамлакатимизда ўқитувчилар меҳнати муносиб қадрланаётгани, улар доимо эъзозланишини мамнуният билан қайд этишди. Биз ҳам меҳнати шарафланган устозга, эл хизматида ҳорманг, толманг, азиз бошингиз доимо омон бўлсин, деймиз.

Баҳром НОРМУРОДОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Қалбни ёритувчи маёқ

Онам қишлоқдаги мўъжаз кутубхонада ишлардилар. Бутун ҳаётим давомида китобни севишни, уларга меҳр қуйишни онамдан ва …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE