Қалбимиздан жой олган инсон

0
27

Вилоят халқ таълими тизими оғир жудоликка учради. Меҳрибон устоз, ажойиб дўст, беназир мураббий Амир Жўраев 75 ёшида бу ёруғ оламни тарк этди. У 1943 йил Термиз туманидаги Янгиариқ қишлоғида таваллуд топган. Тумандаги 9-умумий ўрта таълим мактабини тамомлагач, Самарқанд давлат университетининг ўзбек ва тожик филологияси факультетига ўқишга кириб, уни 1970 йилда аъло баҳолар билан тугаллади. Амир Жўраев ўқитувчилик фаолиятини ҳозирги Музработ туманидаги 14-умумтаълим мактабида бошлади. Ўтган йиллар давомида туман халқ таълими бўлимида бош инспектор, мактаб директори вазифаларида ишлади. 1989 — 1991 йилларда вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари сифатида воҳадаги мактабларнинг ўқув-техник базасини мустаҳкамлаш, кадрлар салоҳиятини ошириш, илғор ўқитувчилар тажрибасини оммалаштириш, кўргазмали ўқув семинарлари ўтказишда бош-қош бўлди.

Тажрибали мураббий, тадбиркор раҳбар 1991—1998 йилларда Музработ туман халқ таълими бўлими бошлиғи сифатида кенг кўламдаги ишларни амалга оширди. Туман халқ таълими бўлими кучли бешликдан ўрин олди. Иқтидорли, талабчан ва тажрибали педагог кадрларни ўз ўрнига қўйиш, кадрлар тайёрлаш Давлат дастури ва халқ таълими тизимини тубдан ислоҳ қилиш бўйича туманда катта ишларни амалга оширди. Буни ўша даврда вилоят ва республика фан олимпиадаларида музработлик ўқувчилар фахрли ўринларни эгаллаганликлари ҳамда мамлакатнинг нуфузли университетларида ўнлаб ўқувчилар давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинганлиги мисолида ҳам кўриш мумкин эди.

Амир Жўраев бир муддат “Музработ” қишлоқ фуқаролар йиғини раиси сифатида фаолият олиб борди. Қисқа вақтда ҳудуддаги маҳаллаларни, кўчаларни, қабристон ва зиёратгоҳларни, мактаб, коллеж ҳамда маҳалла гузарларини ободонлаштиришда ибратли ишларни амалга оширди. У бир муддат Халқ депутатлари Музработ туман Кенгаши депутати сифатида ҳам фаолият кўрсатди.

У самимий ва талабчан, меҳрибон ва қаттиққўл раҳбар сифатида кўпчиликнинг ҳурмат-эътиборини қозонган инсон эди. 9 нафар фарзанднинг меҳрибон отаси, набираларининг севимли бобоси бўлган Амир ҳожи Жўраев умрининг сўнгги дамларигача ҳақиқий зиёли ва мураббий сифатида фаолият олиб борди. Халқ таълими соҳасида у амалга оширган эзгу ишлар, ёш авлодни тарбиялаш борасидаги заҳматли меҳнати, шогирдлар етиштиришдаги фидойилиги, меҳрибон ва жонкуярлиги уни билган ва таниган инсонлар қалбида бир умр қолади.

БИР ГУРУҲ ДЎСТЛАРИ ВА ШОГИРДЛАРИ

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг