Бош саҳифа / Жамият / Қалбга туташ илдизлар

Қалбга туташ илдизлар

Баъзан момом олисроқдаги қадрдонини кўриб келгач, юзида хурсандчилик билан айтаётган гурунглари орасида “Фалончи бир ватан қилибди, бир ватан қилибди”, — дейди. “Ватан нима экан?”, — деб ўйлаб қоламан. Шу заҳотиёқ сўрай десам, гапини бўлмай дейман.

Томорқада ер чопаётган бобомнинг олдига югуриб бораман. Бобом ҳар ерга кетмон урганда ичи-ичидан “ҳиҳ”,”ҳиҳ” деган овоз чиқади. “Бобо, Ватан нима?”, — дейман. Бо­бом кетмонига суяниб кўм-кўк осмонни кўрсатади, биз турган ерни, ям-яшил боғни, уйи- мизни, ўйнаб юрган укаларимни кўрсатади. Улар томон югураман. Синглимнинг менга кулиб турган юзларига қарайман, укамнинг тупроқда қолдириб юрган дона-дона изларига қарайман. Улар бошқача кўринади. Ичимга титроқ киради. Бу титроқ елкамдан кафтимгача оқиб келади. Боғни оралаб чопаман. “Барча энг чиройли нарсалар — Ватан! Энг чиройли Ватан бизникида”. Учгим ке­лади, учай дейман, учолмайман…

Бобом билан даштларга қўй ҳайдаймиз. Бобом олисларга тикилиб ўтиради. Мен ҳам ўша ёқларга қараб жим ўтираман. Салқин шамол майин исларни келтиради. Сўнг ёмғирга аралашиб кетади. “Бобо Ватаннинг иси келяпти”, — дейман. Бо­бом мириқиб кулади…

Интизор бўлиб кутган куним келиб, мактабга илк бор отланаман. Оппоқ манзил. Залга оёқ кийимимни ечиб, синфхонага кираман. Акам кулади… “Ўқиладиган жойга ҳам оёқ кийим билан кирадими?”, — дейди. Ўқитувчимизни баъзан ота, баъзан она деб юбораман. Синфдошларимни ака-ука, сингилларимдек яхши кўраман. Бари Ватан бўлиб туюлади. Ўқитувчимиз дунё харитасидан “Мана бизнинг Ватанимиз — Ўзбекистон” — деб чегара кўрсатади. “Дунёда Ватан ва отаонани танлаш инсоннинг ихтиёрида эмас. Худо томонидан танланади”,— дейди. “Яхшиям Худо мени ота-онамга фарзанд қилган, шунча яхши одамларни танийман”, — деб, ичимдан ўтказаман.

Қишлоқ юқорисида ҳафтанинг жума кунлари бозор бўлади. Қўни-қўшнилар битта қирдан ошиб бозорга кетишади. Ҳамма болалар кўча деворлари тагида тизилишиб, бозорчиларни кутишади. Қир ошиб, эшаги йўрғалаб, энг биринчи бобом кўринади. Қайсимизгадир сум­ка олиб келса, ҳар гал ичи тўла дафтар, ручка, ширинлик бўлади. “Сотувчи бериб юборди. Яхши ўқисин деди…” Ўша сотувчидан астойдил миннатдор бўламан, зўр ўқишни дилимга туйиб қўяман.

Ҳар гал ариқда тўлиб оқаётган сувга қараб, ойнаи жаҳонда кўрганим: шўрлаб кетган ерни ковлаб, пиёлалаб сув олаётган озғин, қора танли болаларни ўйлайман. Шу сувдан бир челак узатгим келади.

Бобом биринчи мар­та “Алпомиш” достонини айтиб  берганда ҳали мактабга бормас эдим. Чироқ йўқмиди ёки ўчирилганмиди, кўзимни юмиб “Алпомиш”- ни хаёлан кўрганман: … Бойсари Ватанини ташлаб, Қалмоққа жўнайди… Сурхайлнинг еттита дев ўғли бор… Бойчибор оппоқ от… Алпомиш Барчинни олиб келади… — Бойсари Бой- бўрининг қони-да, Ватанига қайтариб келиш керак… Алпомиш етти йил чоҳда қолиб кетди… Яшин тушса букчаяди Боботоғнинг беллари… Қалдирғоч туя боқибди. Онаси ўтин теради, отаси сув ташийди… Ултонтоз оёқ кийимнинг таги дегани. Берилган муҳлатнинг сўнги куни… Ерга тушган гуручларни териб еётган Ёдгорни кафгир билан урибди… — Қўли синсин, бор жоним томоғимга тиқилиб қолади. — Ултонтоз Барчиннинг ўтовига яқин қолди. Ал­помиш чоп дейман, Ал­помиш югур дейман, Бойчиборнинг қулоғига шивирла дейман… Ултон ўтовга етган жойида Алпомиш келибди… Момомнинг тиззасини қучоқлаб йиғлайман. Алпомиш етиб келди. Энг керак пайти энг сўнгги нуқтада. Энди Қалдирғоч туя боқмайди, онаси ўтин термайди, отаси сув ташимайди. Ёдгорни ҳеч ким урмайди. Барчин йиғламайди… Эгаси келибди. Ватани тўлибди”, — деб, бобом достонини тугатади. Мен нималигини билмай узоқ йиғлайман…

Момом  бир  гилам тикади: “Ўн бир эн бўлибди. Яхши ўрайди”. Ҳар бир эн орасини камалакранг қилиб, туморчалаб тикади. Мен ҳам ёрдамлашаман. Гапларига тушунмай, нима учунлигини сўрайман. “Мен кетганимда шунга ўраб олиб кетишади”, — дейди. Қўлларим титрайди, кўзимга ёш тўлади. “Ўлим ёмон нарса, нима қиласиз?”… “Эртага ўлмайман-ку, бо­лам. Улуғ сафарга олдиндан тараддуд кўрилади”, — дейди. Мен имиллаб тикаман, битса момом “кетиб” қолади деб. Гилам битгач, сандиғига йиғиб қўйиб, роппа-роса ўн беш йил умр кўрди. Сўнгги манзилга шу гиламга ўраб олиб кетишди. Мен энг катта эътиқодни шунда кўраман. Иймон, умрга эътиқод, қадриятлар бари бир бутунликни ташкил этади.

Ўқитувчим кўп мақтаган Ўткир Ҳошимовнинг “Дафтар ҳошиясидаги битиклар”ини ўқидим. Ҳижжалаб, қайтиб-қайтиб ўқидим. Духновски ҳақидагисини ҳам. Ўзбекларнинг итига унинг исми қўйилгани (аввал озроқ таскинландим) камлик қилгандек. Таш- қарига чиқдим. Итимиз кўзлари жавдираб, ёнимга югуриб келди. “Итимизга унинг номи умуман ҳайф”, — дедим. (Момом оламдан ўтганда у ҳам одамдек эзилди, ёши тийилмади. Овқат емай кўзи мўлтираб бир чеккада, бир неча кун ётган эди. Кулгили туюлмасин, укаларимдан кам яхши кўрмайман) Томорқа этагида эшагини эгараётган укамга кўзим тушди, ёнига бордим. “Ука, кел, эшагингга Духновски деб ном қўямиз”, — дедим. “Ким у?”, — деди. Эшагимни яхши кўраман-да, ранжийди. У одамнинг номини ҳеч нарсага қўймаслик керак”…

Одам улғайгани сари иқрорлари, туйғулари улканлашиб боравераркан. Кўча-кўйдами, бозордами одамлар гавжум манзилларда атрофимдаги чеҳраларга қарасам, қошу кўзлари таниш, яқин кишимдек туюлади. Юрагимдан бир нималар ўтади. Ҳар бирини тўхтатиб нималардир айтгим, меҳримни билдиргим келади. Дунёдаги жараёнларни кузатсак, бирида уруш, бирида табиий офат, бирида… Шу тупроқда илдизлари одамийликнинг энг олий сифатлари билан туташган аждодларга қондошлигимдан Худога шукрона келтираман.

Наргиза ОДИНАЕВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Осойишталик посбонлари эҳтиёжманд 1000 оилага ўн турдаги озиқ-овқат маҳсулоти етказиб бермоқда

Сурхондарё вилояти ички ишлар идоралари ходимлари Президентимиз томонидан илгари сурилган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan