Бош саҳифа / Bo'limsiz / АКТАМ ХАИТОВ СУРХОН ЁШЛАРИ ДАВРАСИДА

АКТАМ ХАИТОВ СУРХОН ЁШЛАРИ ДАВРАСИДА

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикер ўринбосари, ЎзЛиДеП фаракцияси раҳбари Актам Хаитов сурхондарёлик фаол ёшлар билан учрашди. Самимий, турли таклиф ва мулоҳазаларга бой ўтган учрашувда дастлаб, А.Хаитов Президентимизнинг Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида ўртага ташланган масалалар ва қилинажак вазифалар хусусида тўхталиб, уларнинг жамият ва бизнинг ҳаётимизда қандай аҳамиятга эга эканлигини ҳаётий мисоллар билан тушунтириб берди. Жумладан, ер бериш масаласига доир қонунчилигимиздаги камчиликлар, тўй-ҳашамларни ортиқча сарф-харажатларсиз, дабдабаларсиз ўтказиш, рақамли иқтиссодиётнинг афзалликлари, Ўзбекистонда мукаммал шакллантирилмаган суғурта бозори ҳамда камбағалчиликни камайтиришда «Намунали томорқачи»ларни кўпайтириш йўллари ҳақида аниқ таҳлилларга асосланган фикрлар билдирилди.
Вилоят касаба уюшмаси ташкилотлари бирлашган жамияти биносида ўтказилган учрашувда партиянинг Термиз шаҳар ҳамда вилоят Кенгашлари депутатлари, «Аёллар қаноти» ва Ёшлар билан ишлаш бўлими вакиллари ҳам иштирок этишди. Унда иштирок этган партиянинг фаол ёшлари эса қатор таклифларини айтиб, уларни қийнаётган масалалар юзасидан депутатларга мурожаат қилишди.
— Сир эмас Олтинсой тумани узумчилик ва олма етиштиришга ихтисослашган туманлардан бири, — дейди Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети Термиз филиали талабаси Фарҳод Ражабов. — Аммо бизда етиштириладиган олма навлари экспортбоп эмас, яъни узоқ сақланмайди. Эшитганим бор, Самарқанд вилоятида туркиялик ишбилармонлар томонидан олманинг «пинк леди» деган нави етиштирилади ва у ички бозорга эмас, балки фақат чет элгагина экспорт қилинади. Бу олма нави асосан, Европа давлатларига экспорт қилинади, холос. Воҳада ҳам ана шу олмани ўзимизнинг олма навларига пайвандлаб, етиштиришни йўлга қўйиш лозим. Кейин бизда меваларни пайвандлаш, янги навлар яратишни ўргатадиган мактаблар йўқ. Ёшлар учун ана шундай мактаблар ташкил этилса, нур устига нур бўларди.
— Мен Фарғона вилоятининг Водил қишлоғидан бу ерга ўқишга келганман, — дейди яна бир талаба Садоқат Шарофиддинова. — Бизнинг Водил қишлоғимизда малина меваси етиштирилади ва аҳолининг кўпчилиги шундан даромад қилади. Сурхондарёда ҳам Водилнинг об-ҳавосига ўхшаш салқин ҳудудлар бор. Масалан Бойсун тумани. Ана шу туманда малина етиштириш йўлга қўйилса, воҳа аҳолиси ҳам бу фойдали мевадан баҳраманд бўлишарди. Қолаверса, йилда бир мартагина бозорларда бир-икки кўриниш бериб, устига-устак ўта қиммат нархда сотиладиган бу меванинг нархи ҳам ҳамёнбоп бўларди.
А.Хаитов бу таклифларга жавобан, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва ер эгалари Кенгаши ҳомийлиги асосида «Томорқачилар мактаби» ташкил этилиши, шунингдек, малина етиштирмоқчи бўлган ташаббускорлар учун керак бўлса, Водилга юбориб бўлса-да тажриба аламашишига кўмаклашиш, кредит ёки ер ажратилиши билан боғлиқ масалаларда ҳам кўмаклашишини билдирди.
Бундан ташқари, талабалар, ўқитувчилар Термиз шаҳридаги автобуслар ҳаракати, шаҳарда автобуслар тўхташи учун бекатлар етарлича қурилмагани, олий ўқув юртларига кириш бўйича қабул квоталари ҳудудлардаги эҳтиёж ва талабларга қараб ҳам имтиёз берилиши, ўқишга кира олмай, уйда бекор қолган ёшларни жамоат ташкилотлари назоратга олиб, уларни фойдали иш билан банд қилиш ҳақидаги таклифларни ҳам айтиб ўтишди.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan