Айтганларинг эртакдамиди…?

0
44

ёхуд “Каттабоғ”нинг сабрини синаётган кўчалар

Йўл юрибди, йўл юрса ҳам мўл юрибди… шундай оҳанграбо билан бошланадиган эртакни болажонлар мириқиб, бор вужуди қулоқ бўлиб тинглаши бор гап. Шунинг учун ҳам алдагани бола яхши, — дейди доно халқимиз. Аммо бу эртакни катталарга айтсангиз, сизни гўлликда, соддаликда айблаб мийиғида кулиб қўяди. Термиз шаҳар ҳокимлиги ва йўлсозлар бутун бир маҳалла аҳлига 2016 йилдан буён “эртак” айтиб келишдими ёки …?

Шундоққина Термиз шаҳри марказида жойлашган “Каттабоғ” маҳалласининг “Холчаён” ва “Атиргул” кўчалари таъмирланадиган бўлиб, аҳолининг, айниқса баҳор ва қишда лой, ёзда чангдан безор бўлган болаларининг боши осмонга етди, шаҳар ҳокими ва йўлсозларнинг дуойи жонини қилишди. Аммо…

Бизнинг билишимизча, унутилган ўйдим-чуқур кўчаларни таъмирлаш, асфальтлаш бўйича 2016 йил буюртмачи Сурхондарё вилоят ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати инженеринг компанияси” билан “Жарқўрғон сифат таъмир” МЧЖ ўртасида шартнома имзоланади. Катта иштиёқ билан бошланган йўл қурилишига кўз тегдими ёки одатдаги “касал” тегдими нима бўлгандаям “оқсоқ”ланиб қолди. 2016 йилдан буён аҳолининг сабрини синаб келаётган бу масала юзасидан 2018 йилга келиб Сурхондарё вилояти халқ депутатлари Термиз шаҳар Кенгаши депутати Б. Сафаров Термиз шаҳар ҳокими номига 2018 йил 30 январь санаси билан депутатлик илтимосномаси ёзади. Аммо бу  “илтимоснома” жавобсиз қолиб кетади. Мана сизга депутат сўровига муносабат. Энди оддий фуқаро мурожаатининг ҳоли не кечишини тасаввур қилаверинг. Б. Сафаровнинг  таҳририятимизга йўллаган мактубидан иқтибос келтирсак: “Термиз шаҳар “Каттабоғ” маҳалласида жойлашган “Холчаён” ва “Атиргул” кўчаларини асфальт қилиш масаласида мен кўп маротаба тегишли ташкилотларга мурожаат этдим. Аммо шу кунгача бирор бир амалий  ёрдам  кўрсатилмади. Сурхондарё вилоят автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси бошлиғи У.Б. Темиров  пуч  ваъдалар  беришдан  нарига  ўтмаяпти” . Б. Сафаров 2018 йилнинг 31 январда  айнан  шу йўл  масаласида  вилоят  халқ  қабулхонасига депутатлик илтимосномаси  ёзади.  Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоят халқ қабулхонасидан Термиз шаҳар ҳокимлигига келган хат эса жавобсиз қолмайди. Аммо энди айрим раҳбарлар қолиб  қоғозлар ҳам алдаш йўлига ўтгандек.

Эътибор  қилинг, жавоб хатида Термиз  шаҳар ҳокими ўринбосари Ш. Рахмонқулов имзоси билан “Сизнинг Ўзбекис тон Республикаси Президентининг ..Халқ қабулхонасига…қилган мурожаатингиз ўрганиб чиқилиб қуйидагиларни маълум қиламиз  …“Каттабоғ”  маҳалласи “Атиргул” ва “Холчаён” кўчалари Термиз шаҳар ҳокимлигининг 2018 йил манзилли дастурига киритилган бўлиб, ушбу дастурга асосан жорий йилда асфальт қилиш ишлари амалга оширилади”, — деган жавоб келади. Ушбу кўчада яшовчиларнинг сўнган умидлари жонлана бошлайди. Орадан икки ойга яқин вақт ўтсада чанг кўчада йўлсозларнинг қораси кўринмайди. “Пичоқ суякка бориб етгач, депутат 2018 йилнинг 17 март куни йўл масаласида амалий ёрдам сўраб вилоят ҳокимининг телеграм мессенжерига мурожаат қилади. Бу хатга Термиз шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Қ. Эламоновдан Б. Сафаров номига 2018 йилнинг 24 март санаси билан “… “Холчаён” ва “Атиргул” кўчалари ишларини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А. Раматовнинг “Сурхондарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда аҳоли турмуш даражасини янада ошириш чора-тадбирлари ҳақида”ги  8-сонли  йиғилиш баёнининг 1-б иловасига кўра, юқорида келтирилган кўчаларни таъмирлаш манзилли дастурга киритилган бўлиб, таъмирлаш ишлари тегишли  пудратчи ташкилот томонидан 2018 йилда амалга оширилишини маълум қиламиз”, деган мазмунда жавоб хати келади. Худди шу мурожаатда вилоят автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармасидан ҳам “Холчаён” кўчаси Термиз шаҳри ҳокимлиги томонидан 2017 йилнинг 2-босқич жорий таъмирлаш ишлари дастурига киритилган.  Ҳозирда Термиз шаҳар кўчаларидаги йўлларни таъмирлаш ишлари буюртмачи ўзгарганлиги сабабли қолдиқ иш ҳажмлари хатловдан ўтказилиб, буюртмачи “Минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати” давлат унитар корхонаси томонидан бажарилиши лозим бўлган ишлар қайтадан молиялаштирилгандан сўнг “Каттабоғ” маҳалласидаги “Холчаён” кўчасининг жорий таъмирланиши ниҳоясига етади”, деган жавоб тақдим этилади.

— Пудратчининг  имконияти катта. Бироқ зарур маҳсулот бўлмагач, нима қилсин, — дейди  вилоят автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси бошлиғининг умумий ишлар бўйича ўринбосари Бахтиёр Тўлаев.

Бу фикрни  “Жарқўр- ғон сифат таъмир қурилиш” хусусий корхонаси билан 2018 йилнинг май ойида Термиз шаҳридаги “Каттабоғ” маҳалласи кўчаларини жорий таъмирлаш бўйича қайтадан пудрат шартномасини тузган “Сурхондарё минтақавий йўлларга буюрт- мачи хизмати” давлат унитар корхонаси директори Ўрал Маҳмудов ҳам қўллаб-қувватлаб, пудратчи манзилли дастур асосида 479558156 сўмлик қурилиш монтаж ишларини бажариши кераклиги ва буюртмачи томонидан 435968808 сўм молиялаштирилгани ҳамда қурилиш маҳсулотларини харид қилиш учун пудратчига  аванс маблағи берилганини таъкидлади.

Мана энди битум бўлса, бу узоқ чўзилган йўл масаласи охир оқибат 2018 йилда хамирдан қил суғургандек битади, — деб ўйлаб ҳар қалай кўнглингиз таскин топар. Аммо…

Шу маҳаллада яшовчи Б. Сафаров 2018 йилнинг 18 май куни “Каттабоғ” маҳалласининг сабрини роса синаган йўлсозлар келишига интиқ бўлгач, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Термиз шаҳар Халқ қабулхонасига яна мурожаат қилади.

Бу мурожаатга эса  Термиз шаҳар ҳокимининг имзоси билан 2018 йил 24 май кунида антиқа жавоб келади: “…Маҳалланинг “Холчаён” ва “Атиргул” кўчаларини таъмирлашда амалий ёрдам бериш тўғрисида” ги қилган мурожаатингиз шаҳар “Ободонлаштириш” бошқармаси ходимлари томонидан ўрганиб чиқилиб, қуйидагилар маълум қилинади.

Ўрганиш даврида, Сиз яшаб келаётган маҳаллангизнинг умумий узунлиги 2.0 км. қисмини таъмирлаш шаҳар ҳокимлиги 2018 йилги Дастурга киритилгани, бироқ ушбу дастурга “Холчаён” кўчаси киритилмаганлигини маълум бўлди”. Мана сизга жавоб. Юқоридаги “… “Холчаён” ва “Атиргул” кўчалари ишларини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А. Раматовнинг “Сурхондарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда аҳоли турмуш даражасини янада ошириш чора-тадбирлари ҳақида”ги  8-сонли  йиғилиш баёнининг 1-б иловасига кўра, юқорида келтирилган кўчаларни таъмирлаш манзилли дастурга киритилган бўлиб, таъмирлаш ишлари тегишли  пудратчи ташкилот томонидан 2018 йилда амалга оширилишини маълум қиламиз” деган мазмундаги  жавоб хатлари маҳалла болаларини руҳлантирувчи эртакмиди?  Гўёки шаҳар кўчасидаги йиллар давомида давом этиб келаётган муаммо энди маълум бўлибди. Бу масалага шаҳар “Ободонлаштириш” бошқармаси “чуқур ёндашиб”, “Сарагини саракка, пучагини пучакка” ажратибди. Қойил қолмай иложингиз йўқ. Майли “Холчаён” кўчасининг “пешонаси шўр экан”, аслида шаҳар кимники, деган савол туғилади…аслида ҳам  шаҳар кимники, маҳалла болалариникими ёки аҳолиники,  ёки депутат Б. Сафаровнинг масъулиятига ёзилганми? Агар бу саволни ёш болага берсангиз ҳам маъноли жавоб беради. Термиз шаҳар ҳокимлиги, “Ободонлаштириш” бошқармаси бу саволга қандай жавоб берар экан? Биз бу жавобни “туя гўшти еган” “Каттабоғ”нинг кўчаларидек йиллар давомида кутишга сабримиз етмайди. Бу мавзуга, албатта, яна қайтамиз.

Алиёр РАЖАБОВ

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг