Бош саҳифа / Жамият / Қайтадан босилмас бизларнинг бу из…

Қайтадан босилмас бизларнинг бу из…

Болалигимда “Олтин балиқ” эртагини қайта-қайта ўқиб, ўз фикри, нуқтаи назари йўқ ношуд чолга ачинганларим, борига шукр қилмайдиган, таъмагир кампирдан қаттиқ нафратланганиму оила тутумида собитқадам, шукроналик неъматини ардоқлаган, ҳамиша қаноат туйғуси мустаҳкам бобо, момоларим билан фахрланганларим ёдимда. Лекин баъзида “Олтин балиқ” эртагидаги кампир каби доим бир нарса ундириш илинжида яшайдиган қаноатсиз одамлар борлигини кўриб ачинасан, киши.

Давлатимиз раҳбарининг “Халқ билан мулоқот, одамларнинг ичига кириш, уларнинг дарду ташвишлари билан яшаш, инсон манфаатларини таъминлаш — бу биз учун фақат бир йиллик иш эмас”, деган чақириқларини чуқур тушуниб, бизни вояга етказган, бизни тарбиялаган, бизга туз-насиба берган, бизни раҳбар қилиб сайлаган халқ орасига кираяпмиз. Мулоқот чоғида эса инсонни севиш, севишгина эмас, уни ардоқлаш, манфаатларини ҳимоя қилишнинг моҳиятини англай бошлаганимиз сари содда ва самимий халқимиз янада кўпроқ оҳанграбодай ўзига чорлайверади.

Баъзида ўйлаб қоламан. Худойим ҳаммани ҳам халқ хизмати учун яратмайди. Шахсий ғояси, миллий ғояга, миллий ғоя шахсий ғоясига айланган кишиларгина халқ хизмати учун яралган бўлади. Халқ билан учрашувлар чоғида касбим нуқтаи назаридан суҳбатлар, мулоқотлар, мулоҳазалар, муҳокамалар, баҳслар, талаб ва таклифлар, таҳлиллар, танқидларга эътибор қаратаман.

Вилоятимиз раҳбари тимсолида халқпарварликнинг юксак ифодасини кўриб ҳайратланаман. Шу ўринда мени битта савол қийнайди. “Авесто”даги “эзгу ният, эзгу сўз, эзгу амал” тамойилини дастур қилиб олган вилоят раҳбарининг халқ- парвар, инсонпарварлик ғояларига нисбатан Сурхон халқи ўзини қандай тутаяпти?

Жамиятимиздаги бугунги шиддатли вазиятларда мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш чоралари ҳақида ўз сўзи ва ўрнини нафақат вилоятимиз, балки бутун мамалакатимиз миқёсида кўрсата олаётган вилоят раҳбарига ҳеч бўлмаса шукроналик назари билан қарай олаяпмизми? Баъзида ўзимиздаги норозилик, атрофга ғазабнок қараш, бошқаларни тушунмаслик ва қўполлик, лоқайдлик кайфияти туфайли ҳамиша ҳаммадан жаҳли чиқадиган одам қиёфасини гавдалантириб қўяётганимизни наҳотки сезмаяпмиз.

Қумқўрғон туманидаги сайёр қабуллардан бирида кўзи ожиз, касалманд, йўқчиликдан жуссаси ҳам кичрайиб қолган эркакни ўзи каби озғин ва рангпар аёл етаклаб вилоят раҳбарига рўбарў бўлди.

— Сизни эшитаман, дардингиз нима?— деди вилоят раҳбари.

— Мен мана шу одамнинг аёлиман. Бир неча йилдан бери кўзи ожизлиги учун етовимда юради, кўзини даволатиш учун маблағимиз йўқ.

Раҳбар зудлик билан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғини чақирди ва аёлнинг турмуш ўртоғини республиканинг энг зўр клиникаларидан бирида даволатиши учун амалий ёрдам беришини, тўловини шахсан ўзи, албатта, амалга ошириб беришини айтиб топшириқ берди.

— Менинг муаммоим фақат бугина эмас, мана бир неча йилдирки, ўғлимни фотиҳа қилиб қўйибмиз. Қўлимиз калталиги учун тўй қилиш уддасидан чиқолмай қудаларимиз олдида уятлимиз.

— Сизни тушундим. Тўйингизни биз ўтказиб берамиз. Фақат сизлар хурсанд бўлсаларингиз бўлди, — деди вилоят раҳбари, яна нимадир айтишга чоғланган эр-хотиннинг сўзини қатъий бўлиб, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими раисини чақириб, бу фуқаролар билан самимий суҳбатлашиб олишни ва тўй харажатлари рўйхатини зудлик билан тузиш лозимлигини буюрди.

Воқеани кузатиб туриб, биратўла иккита орзуси кўз очиб юмгунча ушалган шу оила учун азбаройи хурсандлигимдан мен ҳам уларга эргашдим.

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят раиси: “Қани бир бошидан ўйлаб тўй харажатарингизни айтинг, мен ёзиб оламан”— деди қоғоз қаламини тўғирлаб.

— Ёзинг! 200 шиша ароқ!— деди буюрганнамо кўзи ожиз эр дабдурустдан.

— Иииии, вой…, — деб юборди бирварака- йига суҳбатга гувоҳ бўлиб турганлар ўзлари билмаган ҳолда.

— Нима э-э, вой-войлайсизлар, тўй ароқ билан тўйда, бизам вақтида ичганмиз, энди шуни қайтаришимиз керак! Ҳалиям 300 шиша демадим-ку,— деди эр, амрнома оҳангда.

—Тўғри, сизни тушундим, бу нарсанинг ҳам ўз ўрни бор. Лекин раҳбар бўлсак ҳам биз тўйимизга шунча ароқ қўймаймиз, — деди раис.

— Сиз қўймасангиз, мана, биз қўямиз. Сиз ёзишни билинг, сизга ҳоким бова ёзинг дедима, индамай ёзинг, — деди фуқаро.

— Ҳай майли айтаверинг-чи, кейин бир гап бўлар,— деди раис ми- йиғида кулиб.

Қизиқ, негадир кўзи ожиз деб эътироф этилиб турган фуқаро бирдан қизишиб, асабийлашиб кетди, унга хотини ҳам қўшилди.

— Юринг, қайтадан борамиз ҳокимга, қайтангга томни ёпиш учун шифер сўрашга улгурмадик, шуни ҳам сўраб оламиз, булар одам эмас, гапни тушунмайди, — деди зарда билан. Иккала раҳбар ҳам эр-хотинни астойдил тинглашди. Иккала раҳбар ҳам уларнинг чексиз чегарасиз хоҳиш истакларини қоғозга ҳижжалаб туширишди. Суҳбат асносида гердайган эр-хотин иккала раҳбарни ҳам бир неча марта жеркиб-жеркиб, силтаб-силтаб, иддоа аралаш гапиришди. Мен эса эр-хотинларни олтин балиқ қаршисида турган чол кампирларга ўхшатгим келди.

Шу ўринда мен ҳам бу фуқароларнинг фикрини ўзгартиришга, ҳамма нарсани ҳам давлат қилиб бермаслигини, одамнинг ўзида ҳам ҳаракат бўлиши кераклигини англашига жуда кўп мисоллар билан тушунча беришга ҳаракат қиламан. Ҳатто, ногиронларга бошпана берилиши асносида уларнинг тикиш машиналари билан таъминланаётгани ва пахта теримида зарур бўлган фартук ва шунга ўхшаш зарур буюмларни тикиб, меҳнат қилаётганини, ундан кўра биттагина тикиш машина олиб меҳнат қилиш кераклигини айтаман.

— Мен тикиш қили-и-и-и-б ўтирсам, мана кишини ким еталайди, йўқ, йўқ белим ҳам оғрийди, қўйинг бошимни оғритманг, ўзи сиз кимсиз, нимага бизнинг ишимизга аралашаяпсиз,— деди хотини. Уларнинг фикрини ўзгартиролмаганимдан ўзимга ўзим ачиниб кетаман.

Шу ўринда Президентимизнинг “ҳаётнинг ўзи ва халқнинг талаблари бизнинг олдимизга амалий ечимини топиш лозим бўлган янги ва мураккаб вазифаларни қўймоқда” ёки “Афсуски, ҳозирги кунда жамоатчилик назоратининг таъсири амалда сезилмаяпти. Одамлар орасида ҳалигача боқимандалик кайфияти ҳукм сурмоқда. Давлат бор-ку, боқсин-да, деган кайфиятлардан, афсуски, тўлиқ қутула олмаяпмиз”, деган фикр- лари ёдимга тушади.

Бугун мамлакатимизда жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш бўйича Президентнинг давлат маслаҳатчиси раҳбарлигидаги республика ишчи гуруҳи қарийб барча ҳудудларда ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш ва аниқланган муаммоларни бартараф этиш учун жамоатчилик назоратини кучайтириш юзасидан тегишли чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Лекин шунинг ўзи етарли, деб бўлмайди. Менимча, бу борада бизда замон билан вобасталик етишмаяпти. Чувалган воқеалар моҳиятини ўрганиш, унинг ечимини топиш борасида бош қотирмаяпмиз. Одамларнинг ҳаётий эътиқоди, ички олами, ахлоқий қоидалари ва қадриятларини мустаҳкамлаш борасидаги вазифани ҳеч ким зиммасига олмаяпти. Ваҳоланки, бу масаланинг ечимини ўзимиз ечмасак, четдан келиб биров ҳал қилиб бермаслигини англамаяпмиз. Айниқса, соғлом эътиқод, соғлом фикр тарғиб қилиш борасида холис хизмат қилиш имкониятига эга бўлган имом-хатибларимизнинг ўрни сезилмаяпти.

Қолаверса, давлат раҳбари ўз ваколатидаги барча ишларни ортиғи билан уддалаб, жамиятимиз, халқимизнинг тинчлиги ва осойишталигини ўйлаб, ички ишлар тизими, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва “Нуроний” жамғармаларига, Ёшлар иттифоқи, хотин-қизлар қўмитасига қўшимча куч ажратиш, уларнинг фаолиятини енгиллаштириш масалаларини ҳал этиб қўйди.
Фақат биз ҳамон уйқудамиз. Фақат биз зиёлилар — эл-улус ташвиши билан яшаш бахти ҳаммагаям насиб эмаслигини чуқур ҳис қилмаймиз, лоқайдмиз. Эй замондошим, уйғонинг, сизнинг кўмагингизга муҳтож халқ ва Ватан қошига шошилинг!! Шоира Ҳалима Худойбердиева айтганларидек…

Қайтадан босилмас бизларнинг бу из,
Қайтадан бу отда елолмаймиз биз.
Қайтадан навбатда тизилолмаймиз,
Қайтадан бахт сўраб келолмаймиз биз.

Райҳон РАҲИМОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Аёл ва замон” марказида янги лойиҳа

Воҳамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам ўз ўрни бор. Бу борада “Аёл ва замон” …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan