Бош саҳифа / Адабиёт / “Қайтадан бахт сўраб келолмаймиз биз”

“Қайтадан бахт сўраб келолмаймиз биз”

Ҳалима Худойбердиеванинг номини эсимни таниган кунимдан эшитиб ўсганман. Шоирани таниганлар, унинг ижодини ўқиганлар бунчалар Ҳалима Худойбердиевага ўхшайсан, дейишарди.

Баъзан адабиёт шайдоси отажонимнинг тилидан, баъзан эса муаллимимиз тилидан “бўлажак Ҳалима Худойбердиева”, деган сўзларни эшитганимда ҳижолатдан қизариб кетардим. Ахир Ҳалима Худойбердиевадек шоира бўлиш мен учун юлдузга нар- вонсиз чиқиш билан тенг эди, гўё. Эҳтимол, шунинг учун ҳам бу ном мен учун ниҳоятда қадрли, ундан аллақандай ёқимли нур таралиб тургандек, шу нурдан руҳиятим ойна каби равшанлангандек туюлаверарди.

Аслида қуёш, ой, юлдузларга қўлингни узатсанг етмайди. Шундай бўлса-да улар кунимизни ёруғ, тунларимизни нурафшон қилиб турганлиги учун танамизга тафт бериб тургандек яқин, ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб, умримизнинг мазмунига дахлдор. Бу ҳақиқатни Ҳалима Худойбердиева шундай таърифлайди:

Яшарканмиз, биз бировга жон бермоққа шай,
Бировларга ҳайф кўрамиз ҳатто сомонни.
Биргина сен, бобогинам, Қуёшим, бирдай,
Меҳринг билан иситасан яхши ёмонни.

Ҳалима Худойбердиева мен учун нурафшон сайёралар каби қўл етмас олис ва айни пайтда менга жуда яқин инсон эди. У киши отажонимнинг энг яқин дўсти, кўп йиллар “Шўрчи ҳаёти” туман газетасининг бош муҳаррири бўлиб фаолият олиб борган моҳир журналист марҳум Нурмамат Тошбоевнинг курсдоши эди. Болалигимдан шеърлар машқ қилардим. Туман газетасида шеърларим босилиб чиққандаги ҳаяжонимни таърифлаб беролмайман. Бир гал Нурмамат бобом, ҳозир сени бир киши билан гаплаштираман деб, Ҳалима Худойбердиевага телефон қилганди. Мен ҳақимда маълумот бергач, шу неварагинамга дуо бер, сендек бўлиб юрсин, деганди. Ҳалима опа билан телефонда ҳаяжон билан гаплашгандим. Пойтахтга келганда, албатта, келинг, деб уйига таклиф қилгандилар. Не тонгки, турмуш ташвишларидан ортиб Ҳалима опаникига ўтолмадим. Ёки у кишига юзма-юз бўлишга ўзимни лойиқ кўрмадимми?

Эсимда бир гал отам эшигимиз остидан хат топиб олганди. Хат менга муҳаббат изҳор қилган қишлоқдош йигитдан эди. Отам менга ҳеч нарса демади, лекин Ҳалима Худойбердиеванинг “Илк муҳаббат” деб номланган китобини совға қилдилар. У кишининг “Садоқат”, “Тўмариснинг айтгани”, “Муқаддас аёл”, “Суянч тоғларим”, “Буюк қушлар” деб номланган сайланмаларини, унга кирган лирик шеърларни ютоқиб ўқиганларим, ижтимоий            руҳ билан йўғрилган мисралар таъсирида узоқ вақтгача ўйчан юрганларим — бутун таассуротларим ёдимда.

Ўйлаб қарасам, Ҳалима Худойбердиева уни ўқиганлар учун нафақат шоира, балки шахс сифатида шаклланишига ҳам жиддий таъсир кўрсатган экан. У кишининг “Бегим, сизни Худойим…”, “Муҳаббат”, “Ишқ”, “Сизга ишқ- им”, “Хайр энди”, “Сиз топмишим”, “Ишонинг кўзимни то…”, “Алвидо денг, алвидолар…” каби шеърлари олис-олислардаги чекка бир қишлоқда вояга етаётган мендек хом-хаёл, мендек хаёлпараст, тўпори қизнинг дунёқараши шаклланишида, оила, турмуш ўртоқни севиш ва ардоқлаш борасида муайян ҳаётий маслакка эга бўлишимда ҳам адибанинг ўрни катта эди.

Ҳалима опанинг шеърияти булоқ сувидек тиниқ ва табиий, содда ва теран, мусиқий ва равон. Тафаккур мувозанати сақланган ижод намуналарини ҳар ўқиганимда бу мақомга кўтарилиш ҳаммага ҳам эмаслигини анг лайвераман. Шоиранинг ёниқ шеърлари муайян қатламга эмас, бутун халқимизга маънавий озиқ, руҳий қувват бўлганлигини ҳис қиламан. Эҳтимол, шунинг учун ҳам шоира Ҳалима Худойбердиева ушбу мисраларни битганмикан, деб ўйлаб қоламан.

Қайтадан босилмас бизларнинг бу из,
Қайтадан бу отда елолмаймиз биз.
Қайтадан навбатда тизилолмаймиз,
Қайтадан бахт сўраб келолмаймиз биз.

Илоҳим, устоз шоира Ҳалима Худойбердиевани Оллоҳ ўз раҳматига олсин!

Райҳона РАҲИМОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Янги китоблар тақдимоти

Илк бор ўтказилаётган I Халқаро бахшичилик санъати фестивали доирасида Сурхондарё вилоят ҳокимлиги ва Республика маънавият …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan