Бош саҳифа / Жамият / Айритом фризи

Айритом фризи

Сурхон воҳасидан топилган Кушонлар даврига оид Айритом ёдгорлиги илк буддавийлик ибодатхонаси ҳисобланади. 1932 йилда Амударёда “Октябрёнок” номли қайиқда сузиб кетаётган чегарачиларимиз Айритом яқинида бир оқтошни кўрганлар, текшириш натижасида, унга ноғорачи тасвири ўйиб туширилганлиги маълум бўлган. Орадан бир йил ўтиб, бу топилмага профессор М. Массон бошчилигидаги археологлар экспедиция уюштиришади.

Айритом ибодатхонаси ҳозирги Термиз шаҳридан 18 чақирим узоқликда, Шарқда, баландлиги 2-2,5, қалинлиги 1,5 метрлик истеҳком деворлари билан ўралган, 1-2 асрларга оид будда ибодатхонаси саналади. Ибодатхона оҳактошдан ишланган ажойиб фриз билан безатилган. Унда муқаддас ботхи дарахтининг барглари остида уч нафар созанданинг сурати акс эттирилган. Ноғорачи ҳамда ранг-баранг кийимдаги аёлларнинг сурати, айниқса, диққатга сазовор. Созандалардан бири уд, яна бирови арфа чалмоқда. Фризда қўлларида гулчамбар ҳамда чиройли идиш кўтарган қизлар тасвирланган.

Ибодатхона майдонидан будда ҳайкали ва бошқа ибодатхона қисмлари қаторида тошдан ясалган одам ҳайкаллари топилган. Улар мусиқа чалувчилар, ҳадялар ташувчи эркак ва аёлларнинг ҳайкаллари бўлиб, ибодатхонанинг ташқи томони — карнизи шу ҳайкаллар билан безатилган.

Ушбу фризда акс этган суратлар ўша даврда Бақтрияда мазкур санъат турининг энг юксак чўққига чиққанлигининг исботидир. Мазкур фриз сарой ва ибодатхоналарнинг шифтини безашда ишлатилган. Демак, бу санъат асари бақтриялик ҳайкалтарошларнинг маҳсулидир. Ҳайкалларда ҳақиқий бақтрияликларнинг юз қиёфаси акс эттирилган, учала созанда чеҳрасида ҳам енгил табассум ифодаси балқиб турибди. Бу санъат асари будда дафн маросимини акс эттирувчи махсус мажмуа бўлиб, у “Паринирванна жатака” деб номланади. Яъни, Будда вафотидан сўнг унинг руҳини шод қилиш учун маҳзун куйлар чалиниб турган ва шу куйлар садоси остида дафн этилган.

Бугунги кунда ушбу топилма Термиз археология музейининг кўргазмалар залидан жой олган бўлиб, бу ерга ташриф буюрувчи маҳаллий ва хорижий сайёҳларнинг диққат-эътиборини жалб қилиб, кўпчиликда қизиқиш уйғотмоқда.

Ш. РАЖАБОВ,
Термиз археология
музейи бўлим мудири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Улуғ инсон эди…

У пайтлар Ангор тумани маданият бўлими бошлиғи бўлиб ишлар эдим. Ташкилотчилигим, ташаббускорлигимни яхши билган туман …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE