«Қайноналар кенгаши»

0
85

ОИЛАЛАРГА ИНОҚЛИК ОЛИБ КИРАЯПТИМИ?

Ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада кенгайтириш ҳамда “Оила” институтини такомиллаштириш, шу билан бир қаторда битта бўлса ҳам оиланинг бузилиб кетишининг олдини олиш мақсадида 2017 йилдан бошлаб маҳаллаларда “Қайноналар кенгаши” жамоатчилик тузилмалари ташкил этилган бўлиб, бугун ушбу тузилмалар маҳаллалардаги оилалар билан ишлашда фаоллик кўрсатиб келмоқда.

Жумладан, Шўрчи тумани “Шалдироқ” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам “Қайноналар кенгаши” тузилган. Ўн нафар ҳаётий тажрибага эга, обрў-эътиборли, бош- қаларга тарбиявий таъсирини ўтказа оладиган кайвонилардан тузилган ушбу кенгаш шу кунгача қатор ишларни амалга ошириб келаяпти.

— Ҳар бир маҳаллада бу каби кенгашларнинг ташкил этилгани ҳудуддаги оилавий низолар, ёш келинлар ва қайноналар ўртасидаги муносабатларни яхшилаш ҳамда фуқаролар билан суҳбатлар ўтказишда қўл келди, — дейди маҳалланинг хотин-қизлар бўйича мутахассиси Муҳаббат Соатмуродова. — Нуронийларимизнинг ҳаётий тажрибаси, сўзамоллиги баъзи бир гап уқмайдиган оилалар, келинлар билан тушунтириш ишларини олиб боришда фойда бераяпти.

Маҳалламиздаги “Қайноналар кенгаши” аъзолари томонидан уч-тўртта маҳалла ўртасида “Энг меҳрибон қайнона” танлови ўтказилди, — дейди кенгаш аъзоси Обод Эшмўминова. — Бундан ташқари, 15 май — “Оила” куни муносабати билан ҳар йили “Энг наъмунали оила”, “Энг озода оила” ҳамда “Энг бахтли оила” акцияларини ўтказаяпмиз. Бунда кенгаш аъзолари жам бўлиб, хонадонларга уйма-уй кириб, назоратдан ўтказдик. Тадбир якунида уларга маҳалла томонидан эсдалик совғалар ва мақтов ёрлиқлари берилди. Ёрлиқлар хонадон дарвозасига ёпиштириб қўйилди. Ушбу кенгаш маҳалладаги кўплаб оилаларга иноқлик олиб кираяпти.

Кенгашларнинг фаолияти йўлга қўйилгани, жамият ривожида, катталар ва ёшлар ўртасида тажриба алмашишда, оилавий низоларнинг имкон қадар ички тартибда ҳал қилинишида ўз самарасини бериб келаётганига гувоҳ бўлдик. Мисол учун, маҳаллада истиқомат қилаётган Икром Музаффаров қўшниси билан қаттиқ низо сабабли судлашишгача борган пайтда “Қайноналар кенгаши” аъзолари унга маслаҳатга келишиб, тушунтириш ишлари олиб бориб, икки қўшнини яраштиришган. Жорий йил бошидан буён маҳалла фуқароларидан 14 та шикоят тушган бўлса, унда кўрсатилган масалалар ижобий ҳал қилинганлигини кўриш мумкин.

Арзимаган масала юзасидан ҳам тегишли ташкилотлар эшигини қоқиб, уйдаги гапни кўчага чиқаришнинг олдини олиш борасида ҳам “Қайноналар кенгаши”нинг маслаҳати ва кўмаги зарур.

— Қўшним билан томор- қамизни суғориш масаласида сув талашиб жанжаллашиб қолган эдик, — дейди Нодира Холмуродова. — Кенгаш аъзолари тушунтириш ишлари олиб борди ва бизни яраштириб қўйди. Энди билсам, улар менинг фойдамни кўзлаб шундай қилган экан. Эрта-индин қизимни турмушга бераман. Агар қўшниларим билан низолашиб, судма-суд юрсам, фарзандларимнинг келажагига таъсир этишини тушуниб етдим. Ҳар қандай муаммони ҳам муроса билан ечса бўлар экан.

Абдуғаффор Йўлдошев раҳбарлик қилиб келаётган маҳаллада тез-тез тўй-ҳашамларни ихчамлаштириш, оилада фарзанд тарбияси мавзуларида турли хил давра суҳбатлари, тадбирлар, акциялар ҳамда мусобақалар ўтказиб келинаяпти. Бу ҳам маҳалладаги “Қайноналар кенгаши”нинг сайъ-ҳаракатлари натижасидир.

Адолат
МЎМИНОВА

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг