Бош саҳифа / Жамият / “ҚАЙНОНАЛАР КЕНГАШИ” оилалар тотувлигига хизмат қилади

“ҚАЙНОНАЛАР КЕНГАШИ” оилалар тотувлигига хизмат қилади

Янги оила аъзоларининг инсофга келиб қолишини кута-кута бир неча йилни ўтказган келинчак бу вақт ичида икки нафар фарзандли ҳам бўлди. Аммо, эрининг ишсизлиги, қайнонасининг келини ишидан камчилик ахтариб, жанжал қилиши қолмади. Келинчакнинг бахтига маҳалладаги диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи ҳамда “Қайноналар кенгаши”даги кўпни кўрган онахонлар хонадондаги низога барҳам берди.

Улар келинчакнинг қайнонаси билан суҳбатлашиб, ўртадаги муносабатларни юмшатишга ҳаракат қилишди. Маҳалла раиси ва маслаҳатчининг кўмаги билан Саодат икки нафар фарзандини маҳалла ҳудудига яқин мактабгача таълим муассасасига берди, ўзи эса ишга кирди. Орадан вақт ўтиб, келинчакнинг турмуш ўртоғи ҳам ҳудуддаги фермер хўжалигида ишлай бошлади. Қарабсизки, рўзғорнинг ками бутланиб, оиладагиларнинг ҳам бир-бирига муносабати ўзгарди. “Тадбирли” келиннинг оқилалиги ва маҳалла фаолларининг саъй-ҳаракати билан яна битта оилада осойишталик ўрнатилди.

Музработ туманидаги “Меҳригиё” маҳалла фуқаролари йиғини ҳузурида оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш, оилаларда тинчлик ва тотувликни сақлаш, маънавий соғлом ва юксак маданиятли муҳитни яратиш, турли низолар, ажримларнинг олдини олиш, қайнона-келин ўртасидаги муносабатларнинг ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибатга асосланишига эришиш мақсадида ташкил этилган “Қайноналар кенгаши” уч ой ичида яна тўққизта ана шундай низоли оилани яраштирди.

— Апрель ойининг бошидаёқ маҳалла фуқаролар йиғинимизда 15 кишидан иборат “Қайноналар кенгаши”ни туздик, — дейди “Меҳригиё” маҳалла фуқаролар йиғини диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия бўйича маслаҳатчиси Фазилат Даминова. — Кенгашга маҳалламизда истиқомат қилаётган обрў-эътиборли, бой ҳаётий тажрибага эга зиёли онахонлар, бошқаларга ҳам ибрат бўлиб, ҳам тарбиявий таъсир ўтказа оладиган фаол қайноналарни жалб этдик. Айни пайтда кенгаш фуқаролар йиғинлари ҳузурида ташкил этилган “Қайноналар кенгаши” жамоатчилик тузилмасининг намунавий низоми асосида фаолият олиб бормоқда. Унга кўра, маҳалладаги оналар, қайноналар, мустақил ҳаёт бўсағасида турган қизлар ўртасида “Қайноналик илми ва санъати”, “Келинлик илми” мавзусида суҳбатлар олиб борилмоқда.

Албатта, қўни-қўшни, қариндош-уруғ, айниқса, қайнона-келин ўртасидаги низоларни бартараф этиш осон кечмайди. Бунда “Қайноналар кенгаши”даги кўпни кўрган онахонларнинг ҳаётий тажрибаларию ўгитлари қўл келади. Шу билан бирга оилаларда қизлар тарбияси, уларни никоҳга, ҳаётга ҳар томонлама тайёрлаш, эрта никоҳнинг олдини олиш, тўй ва бошқа тадбирларни ихчам ва тартибли ўтказишда ҳам уларнинг ўрни муҳимдир.

— Маҳалламиздаги ёш, нотинч оилалар, ноқобил ота-оналар билан хонадонларга бориб, якка тартибда иш олиб боряпмиз, — дейди маҳалладаги “Қайноналар кенгаши” аъзоси Гулсара Юсупова. — Уларни “Ота-оналар университети” машғулотларида фаол қатнашишга ундаяпмиз. Баъзан оилада ишсизлик, иқтисодий қийинчиликлар сабаб тушунмовчиликлар, низолар келиб чиқади. Ана шундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида, айниқса, уй бекаларини тикувчилик, касаначилик билан шуғулланишга ундаймиз. Ҳозирда маҳалламиздаги кўпчилик хотин-қизларимиз уйда бўш ўтирмай, миллий чопонлар, кўрпача, қуроқ тикиб, оилавий бюджетига даромад қўшишмоқда.

Намунали оилаларнинг тутумлари, шу оила аъзолари билан юзма-юз учрашувлар ташкиллаштириш ва намунали оилалар ва қайноналарни аниқлаб, улар ўртасида турли танловларни ўтказиш каби тадбирлар оилалардаги тотувликни таъминлашга хизмат қилади. Шу маънода бу борада маҳалла фуқаролар йиғинида бундай учрашувлар, тадбирлар яхши йўлга қўйилган. Яқинда тумандаги маҳаллалар ўртасида ўтказилган “Адолатли қайнона” кўрик-танловида ҳам Гулсара Юсупова ғолибликни қўлга киритиб, туманнинг энг фаол ва адолатли, намунали қайнонаси сифатида эътироф этилди.

Оилада соғлом муҳит шаклланишининг аҳамияти жуда катта. Негаки, оила хотиржам бўлса, у ерда эркин меҳнат қилиш, фарзандларнинг таълим-тарбия олиши учун қулай шароит яратилади. Акс ҳолда оилада боқибеғамлик, бефарқлик, ўз келажакларига нисбатан ишончсизлик кайфияти пайдо бўлади. Бундан кайфиятдаги оиланинг яқин келажаги қандай бўлишини тасаввур қилиш қийин эмас. Шунинг учун жорий йилда маҳаллаларда оилалар билан ишлашнинг ўзига хос бир тизими юзага келди. Агар ҳар бир маҳалла фуқаролари йиғинида “Қайноналар кенгаши”нинг намунавий мактаби яратилса, бу оилаларимизнинг осойишта ва тотувлигига албатта, ўз ижобий таъсирини кўрсатади.

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Аёл ва замон” марказида янги лойиҳа

Воҳамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам ўз ўрни бор. Бу борада “Аёл ва замон” …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan