Бош саҳифа / Маданият / Ахборот хизмати ва дунё тажрибалари

Ахборот хизмати ва дунё тажрибалари

Термизда 18-20 апрель кунлари “Фан, таълим, маданият ва бизнесда интернет ва ахборот-кутубхона ресурслари” XII халқаро конференцияси бўлиб ўтди

Шиддат билан ривожланаётган давримизда ахборот ресурсларидан фойданишга бўлган эҳтиёжимиз ҳам тобора ортиб бормоқдаки, бунда манбалардан тўлақонли фойдаланиш имкониятининг талаб даражасида бўлмоғи  ниҳоятда муҳим. Илм-фан, маданият ва бизнес тараққиётида мазкур хизматнинг ўрни алоҳида бўлиб, айниқса ёш иқтидор эгалари, тадқиқотчилар ҳамда ишбилармонлар учун бундай майдоннинг яратилиши янгиликларнинг ҳаётимизга кириб келишини янада жадаллаштиради. Табиийки, бу илғор тажрибаларнинг оммалашуви, ахборот маданияти ва медиасаводхонликнинг ошишига, интернет, электрон маълумотлар базаларига эркин киришни таъминлашга хизмат қилади. Мана йигирма йилдирки, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси томонидан ўтказиб келинаётган “Central Asia” анъанавий халқаро конференцияси ушбу мақсадларнинг рўёбга чиқишига муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

“Central Asia-2018” XII халқаро конференцияси учун бу гал айнан воҳамиз марказининг танланишида ҳам чуқур маъно бор. Негаки, конференцияда қатнашиш таклифини билдирган мутахассислар ва олимларнинг воҳа тарихи ва Термизийларнинг илмий ва адабий меросига бўлган қизиқиши юқорилиги туфайлидир.

Анжуманда республикамиздаги ахборот-ресурс, ахборот-кутубхона марказлари ва кутубхоналар, нашриётлар,архив раҳбарлари ва мутахассислар, таълим муассасалари олимлари, вазирлик ва идоралар масъуллари ҳамда Россия, Жанубий Корея, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Туркия, Эрон, Исроил, Покистон каби давлатлардан 300 нафардан ортиқ мутахассислар, экспертлар иштирок этди.

Конференция олдидан матбуот анжумани ўтказилди. Унда Ўзбекистон Миллий кутубхонаси вакиллари, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази масъуллари, вилоятлар ахборот-ресурс марказлари директорлари иштирок этиб, оммавий ахборот воситалари ходимларининг секцияларда кўриладиган масалалар ва тренинг машғулотлари ҳақидаги саволларига жавоб беришди.

Анжуманнинг ялпи мажлиси Термиз шаҳридаги “Ёшлар маркази”да бўлиб ўтди. Унинг очилишида вилоят ҳокими Э.Турдимов, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги бош директори ўринбосари С.Шукуров, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори А.Абдуазизов иштирок этди. Вилоятимиз раҳбари Э.Турдимов конференция иштирокчиларини Сурхон заминига қилган ташрифи билан қутлади. Мамлакатимизда ахборот-кутубхона фаолиятини ривожлантириш, соҳадаги илғор тажрибаларни оммалаштириш, шунингдек, мутолаа маданиятини юксалтиришга қаратилган Президент қарор ва фармо-йишларининг ижроси хусусида атрофлича маълумот берди. Хусусан жорий йилда вилоятда адиб Собир Термизий номидаги ахборот-кутубхона марказининг янги замонавий биноси фойдаланишга топширилгани, унда “Book-kafe” ва “Китоб олами” савдо дўкони ташкил этилиб, “Wi-Fi” ҳудуди яратилгани, Денов туманида 15 минг аҳолига хизмат кўрсатадиган “Чағониён” китоб марказини очилиши кўзда тутилаётганини қайд этди. Айниқса, Музработ туманида “Уй кутубхонаси”ни ташкил этган маърифатпарвар инсон Дўстқобил Қодировнинг ибратли ташаббусини алоҳида тилга олди.

Ялпи мажлисда Жанубий Корея Миллий кутубхонаси рақамли кутубхона бўлими директор ўринбосари Ким Ин Сук, Покистоннинг Гордон коллежи профессори Наушахи Ариф, Эрон миллий кутубхонаси ва архиви директор ўринбосари Гхоламреза Амирхани, Муҳаммад ал Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети профессори Марат Раҳматуллаев, Россия Фанлар академияси Сибир бўлинмасининг давлат оммавий илмий-техника кутубхонаси илмий котиби Оксана Макаева, Корея Республикасининг “LG CNS” компанияси МУЭК ло-йиҳаси менеджери Томас Ким, Россиянинг Б.Н.Ельцин номидаги Президент кутубхонаси бўлим бошлиғи Юлия Селиванова ва бошқалар соҳага оид марузалари билан иштирок этишди.

Анжуман доирасида Ўзбекистон Миллий кутубхонасидан жамоавий шартнома асосида хал-қаро EBSCO компаниясининг маълумотлар базасидан самарали фойдаланаётган Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти, Жиззах политехника университети, Самарқанд вилояти ахборот-ресурс маркази ҳамда ва адиб Собир Термизий номидаги ахборот-кутубхона марказлари вакиллари тақдирланди.

— Конференциянинг қадимий Термиз шаҳрида ўтаётгани ва унда иштирок этаётганимдан мамнунман, — дейди Эрон миллий кутубхонаси ва архиви директор ўринбосари Гхоламреза Амирхани. — Кутубхонамизда кўплаб ватандошларингиз, хусусан термизлик олимлар ва ижодкорларнинг қўлёзма асарлари сақланади. Яқинда шоир Мунжиқ Термизийнинг шеърий девонини нашр қилдик. Мен уни вилоятингизга совға сифатида олиб келдим. Ушбу анжумандан сўнг Миллий кутубхона ва архивимиздан фойдаланувчи ўзбекистонлик тадқиқотчилар сони ортишига ишонаман ҳамда  алоқаларимиз янада мустаҳкам бўлишини истайман.

Конференция ўз ишини ТерДУ ахборот-ресурс марказида давом эттирди. Иштирокчилар “Ҳудудларда ахборот-кутубхона соҳасини ривожлантиришда янги тенденциялар”, “Фан ва таълим ривожида ахборот-кутубхона муассасаларининг роли”, “Ахборот-кутубхона муассасаларининг нашриётлар, архивлар ва музейлар билан ўзаро ҳамкорлиги масалалари: ҳукумат топшириқлари ижроси кесимида”, “Технологиялар ва инновацияларни жорий қилиш ­– аҳолига ахборот-кутубхона хизмат кўрсатиш сифатини оширишда муҳим омил” каби мавзуларда маърузалар қилишди. Шунингдек конференцияда маҳорат дарслари ташкил этилиб, қатнашчиларга сертификатлар ҳам топширилди.

Баҳром НОРМУРОДОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Халқаро хунармандчилик фестивали

Сурхон воҳаси делегацияси Қўқондаги халқаро фестивалда фаол иштирок этмоқда. Қўқон шаҳрида илк бор Халқаро ҳунармандчилик …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE