Бош саҳифа / Жамият / Афғонистонлик талабалар кутиб олинди

Афғонистонлик талабалар кутиб олинди

Ўтган давр мобайнида Афғонистон фуқароларининг Ўзбекистонда таълим олишлари, малакали кадрлар тайёрлаш борасида самарали ишлар амалга оширилди. Жумладан, Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғанининг 2017 йил декабрь ойида мамлакатимизга ташрифи чоғида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказини ташкил этиш бўйича битим имзоланган эди.

Вилоятимизда ташкил этилган ушбу марказ қисқа муддат ичида самарасини бера бошлади. Хусусан, 2018-2019 ўқув йили давомида 96 нафар битирувчи ўзбек тили ва адабиёти йўналишида марказни тамомлаб, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг бакалавр дипломига эга бўлдилар. Шундан 5 нафари жорий йилда Термиз давлат университетининг магистратура босқичида таҳсилни давом эттирмоқда. Айни кунларда эса марказда 25 нафар талаба ер усти транспорт тизимлари ва уларнинг эксплуатацияси, яъни локомотивлар, вагонлар йўналишида таълим олмоқдалар.

Куни кеча марказда таҳсил олиш истагини билдирган 147 нафар талаба-ёшлар “Хайратон чегара пости”да сурхонча меҳмоннавозлик ила нон-туз, гуллар, карнай-сурнайлар билан кутиб олинди. Улар ўзбек тили ва адабиёти, тиббиёт, ер усти транспорт тизимлари ва уларнинг эксплуатацияси каби йўналишларда таҳсил олишади. Меҳмонлар махсус автобусларда Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказига келишди.

 Қувонарлиси, вилоятимизга ташриф буюрган талабаларнинг 48 нафари хотин-қизлар. Бундан кўриниб турибдики, қўшни давлатда ҳам қизларнинг таълим олишига эътибор кучаймоқда.

— Икки нафар вояга етмаган фарзандим бўлишига қарамай Ўзбекистонда таълим олишни орзу қилиб келганман, — дейди Афғонистоннинг Тахор вилоятидан келган Муради Фазила. — Мен бу ердаги тинчлик-хотиржамлик, энг муҳими, ўзбек тилининг жозибадорлигини севаман. Ўзбекистонга келиб ўқиш, бу ернинг меҳмондўст халқи билан ҳамнафас яшаш бахтига муяссар бўлганимдан хурсандман.

— Ўзбекистонга бориб таълим олишимни отамга айтганимда, у киши менга Ўзбекистонни ҳам ўз мамлакатингдек бил, чунки бу икки давлатнинг анъаналари бир, ҳеч иккиланмасдан боравер қизим, дедилар, — дейди Балх вилояти Мозори Шариф шаҳридан келган Шамс Садат Нилаб. — Ўзбек тилини ўрганиш энг катта орзуим. Бу тилни ўрганиб, юртимдаги болаларга билим беришга астойдил бел боғлаганман.

Талабалар марказ фаолияти билан яқиндан таништирилгандан сўнг, уларга кўтаринки кайфият улашиш мақсадида маданий тадбир ташкил этилди. Унда вилоят ҳокими Т. Боболов, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари С. Бузрукхонов, Афғонистон Олий таълим вазирлиги хорижий ўқув грантлари бўлими бошлиғи Али Ҳошимий, Афғонистон Ислом Республикасининг Термиз шаҳридаги консули Сангин Сикандарийлар сўзга чиқиб, марказ ҳақида қисқача тўхталиб, таълим олиш истагида келган талаба-ёшларнинг ўқишларига муваффақиятлар тилашди.

Тадбир давомида вилоят ҳокими Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказига яқиндагина 1 дона “ISUZU” автобуси ажратилганлиги ва янги талабалар келгандан сўнг, ушбу марказга яна битта автобус ажратилишини алоҳида таъкидлади. Бу эса талабаларнинг юртимизнинг диққатга сазовор жойларига саёҳат қилишлари учун айни муддао бўлади.

А. САФАРОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Япониялик журналистлар воҳамизда

Япониялик журналистлар Сурхондарё вилоятидаги ижодий сафарини Термиз туманидаги Султон Саодат меъморий мажмуаси ва Қирққиз тарихий …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan