Бош саҳифа / Иқтисодиёт / Афғонистонлик ишбилармон вакиллари учун самарали бизнес-форум

Афғонистонлик ишбилармон вакиллари учун самарали бизнес-форум

Термиз шаҳридаги Санъат саройида Ўзбекистон – Афғонистон бизнес-форуми бўлиб ўтмоқда. Унда Афғонистон бизнес ҳамжамиятининг 70 дан ортиқ вакили, шунингдек, қатор вилоятларнинг ҳокимлари ва мутасаддилари иштирок этишмоқда.

Форумда қатор маҳаллий корхоналар ўз маҳсулотларини намойиш этмоқда. Шунингдек, улар афғонистонлик ҳамкорлари билан экспорт ва инвестиция масалалари бўйича музокаралар ўтказяпти.

Санъат саройи биноси ва унга туташ очиқ майдонларда Сурхондарё вилоятининг барча туманлари, шунингдек, Тошкент, Фарғона, Наманган, Андижон, Самарқанд, Қашқадарё, Навоий вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрининг ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳияти намойиш этадиган кўргазмада юртимизда ишлаб чиқарилаётган истаган турдаги маҳсулотни топишингиз мумкин. “Made in Uzbekistan” миллий маҳсулотлар кўргазмасида эса нафақат бошқа вилоятлар, балки Сурхондарёда ишлаб чиқарилаётган қурилиш моллари, электротехника, чарм, текстиль саноати, қишлоқ хўжалиги, автотранспорт воситалари ва бошқа маҳсулотлар, миллий ҳунармандлик буюмлари ҳам кенг намойиш этилмоқда.

— Бугунги кўргазмага “Ўзбекбалиқсаноати” уюшмаси ўзининг 50турга яқин балиқ маҳсулотлари билан иштирок этмоқда, — дейди уюшма раиси ўринбосари Мақсуд Остонов. — Улар орасида тайёр маҳсулотдан тортиб тирик балиққача бор. Ҳатто, Бухоро вилоятида “Бухоро балиқ” масъулияти чекланган жамияти томонидан ишлаб чиқарилаётган балиқдан тайёрланган калбаса маҳсулотларининг ҳам намойишини ўтказяпмиз. Бизнинг маҳсулотларимиз афғон ишбилармонлари томонидан яхши қаршиланди ва бугун биз улар билан 200 минг АҚШ доллари миқдоридаги шартномани ҳам имзоладик. Бу шартнома орқали энди биз балиқ маҳсулотларимизни қўшни давлатга экспортга чиқарамиз.

— Афғон халқи ҳам табиий доривор дамламаларни севиб истеъмол қилишади, — дейди “Замона Раъно” масъулияти чекланган жамияти ташқи хизмат раҳбари Гулнора Адилхонова. — Шу боис, биз ҳам 100 хил турдаги турли доривор гиёҳли дамламаларимиз билан кўргазмада иштирок этаяпмиз. Маҳсулотларимизнинг 17 хили илмий тадқиқотлардан ўтган ва шу кунга қадар корхонамизда ишлаб чиқариладиган чойлар Польша, Грузия, Молдовия, Россия, АҚШ каби мамлакатларга экспорт қилинмоқда. Бугунги тадбирда афғонистонлик ишбилармон вакиллари билан ҳам муваффақиятли шартномалар имзоласак, экспортимиз географияси қўшни давлат томонга ҳам йўналтирилади.

          Бизнес–форум 26 май куни ҳам давом этади.

Феруза Раҳмонқулова

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ангорда жун ва ипакчилик ривожлантирилади

Президентимиз жорий йилнинг 1-2 июнь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan