Бош саҳифа / Жамият / Афғон жароҳати

Афғон жароҳати

1989 йилнинг 15 феврали. Чекланган Совет қўшинлари Афғонистон ҳудудини тарк этган кун. Мана, орадан 30 йил ўтибди ҳамки, афғон жароҳати қалбимиздан ҳали-ҳануз кетмайди.

Маълумки, Афғонистонда 1973 йилнинг 17 июлида рўй берган қуролли тўнтариш мамлакатда ҳукм суриб келаётган монархия тузумини ағдариб ташлаб, Афғонистоннинг республика деб эълон қилинишига олиб келди. Бироқ ташкил топган Муҳаммад Довуд ҳукуматининг мамлакатда олиб борган сиёсати шаклланаётган ижтимоий-иқтисодий муаммоларнинг ҳал этилишига муҳтож бўлган афғон халқининг турмушига тузукроқ ўзгариш киритмади. Шу тариқа 1978 йилнинг 27 апрелида мамлакатда миллий демократик инқилоб ғалаба қилди. Бу воқелар қандай кечганлиги Игорь Буничнинг таниқли адабиётшунос олим Озод Шарафиддинов томонидан ўзбек тилига таржима қилинган «Партиянинг олтинлари» асарида кенг ёритилганлиги ва ундан кўпчилик хабардорлиги учун батафсил тўхтаб ўтирмадим. Айтиш мумкинки, тўнтаришни СССР давлат хавфсизлиги қўмитаси бошлиғи Ю.Андропов раҳбарлигидаги ходимлар бир неча йил давомида тайёрлаган эдилар. Дарҳол СССРдан жуда кенг кўламдаги иқтисодий ва молиявий ёрдам келди. Шўроларнинг минглаб маслаҳатчилари бу юртга ёпирилди.Коммунистлар кўрсатмасига амал қилган Нурмуҳаммад Тарақий ҳукумати одамларни отиш, масжидларни бузиш ва бошқа қадриятларни оёқ ости қилишга киришди. Халқ бунга қарши исён кўтарди. 1979 йилнинг 14 сентябрида янги тузум бош министри Ҳафизулла Амин Тарақийни отиб ташлади ва ўзини президент деб эълон қилди. У Советларга қарши эди. Кремль Афғонистонда ҳарбий тўнтариш содир этиш, қўшин киритишга қарор қилди. Гарчи Афғонистон ҳукумати қатъиян қарши турса-да, 1979 йил 27 декабрь куни кечқурун «Мусулмон роталари», аниғини айтганда, афғон ҳарбийлари кийимини кийиб олган КГБнинг «Альфа» гуруҳи, шунингдек, махсус хизмат десантчилари Кобулга туташ Тожбекдаги президент қароргоҳига қуролли ҳужум уюштиришди. Ҳафизулла Амин, унинг хотини, фарзандлари ва қўриқчилари отиб ташланди. Афғонистон халқ демократик партиясининг қувғиндаги «намояндаси» Бобрак Кармал Кобул радиоси орқали мамлакат халқига мурожаат қилиб, «халқаро имперализмнинг ёлланган малайи Ҳафизулла Амин режимига барҳам берилганлиги»ни маълум қилди.

Эртаси куни собиқ Иттифоқнинг телеграф агентлиги — ТАСС баёнот бериб, афғон инқилобининг соғлом кучлари диктаторни йўқ қилганлиги ҳақида дунёни огоҳ этди. Шу тариқа 1979 йилнинг 27-29 декабрь кунлари чекланган Совет ҳарбий кучлари “қардош халққа интернационал ёрдам” сифатида Афғонистон ҳудудига киритилди.

Афғон урушида 40-армия таркибида жами 820 минг ҳарбий хизматчи қатнашган. МДҲ давлатларидан 14453 киши ҳалок бўлган, 50 минг нафар ҳарбий ногирон майиб ва мажруҳ ҳолда ўз уйига қайтиб келган, 417 нафар зобит ва аскар бедарак йўқолган, 119 нафар аскар эса асирликдан озод қилиниб, шулардан 97 нафари оиласи бағрига қайтган, 22 нафари бошқа мамлакатларда яшаб қолди. Бўлиб ўтган афғон уруши жараёнида Ўзбекистондан ҳаммаси бўлиб, 64500 аскар иштирок этган ва улардан 1522 нафари темир тобутларда олиб келинди. Шуларнинг 98 нафари сурхондарёлик навқирон йигитлар эди. Масалан, шулардан бири Шўрчи туманида таваллуд топган Мурод Хидиров 1984 йилнинг 17 февралида яъни умрининг 19 баҳорини қаршилаб турган куни уруш қурбонига айланган эди. Бундан ташқари, 1262 нафар аскаримиз ногирон бўлиб уйга қайтган бўлса, 37 нафар аскаримиз тақдири нима билан якун топгани ҳанузгача номаълум. Собиқ Иттифоқ парчаланиши арафасида, яъни 1989 йилнинг декабрь ойида бўлиб ўтган СССР халқ депутатлари сеъзди Совет қўшинларининг Афғонистон ҳудудига киритилиши тўғрисидаги қарорга сиёсий баҳо бериб, мазкур қарор маънавий ва сиёсий жиҳатдан қораланиши керак, деган хулосага келди.

Ҳа, афғон можароларининг бошланганига қирқ йилдан ошди. Ўзбекистон Республикаси раҳбарияти доимий равишда можароларни тинч, сиёсий йўл билан ҳал қилишга катта аҳамият бериб, ана шу йўлда саъйи ҳаракат қилиб келмоқда. Мамлакатимизнинг биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан 1997 йилнинг 19-20 июль кунлари ўтказилган 6+2 (Эрон, Покистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон, Хитой, АҚШ, Россия), 6+3 (бунда НАТОнинг тинчлик йўлидаги ҳамкорлик ташкилоти ҳам қатнашган) гуруҳига аъзо бўлган мамлакатлар иштирокида ўтказган йиғилишлари, бевосита ушбу ҳаракатларнинг давомчиси сифатида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан 2017 йилнинг ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида ўтказилган «Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик» мавзусидаги хал қаро конференция ҳамда 2018 йилнинг 26-27 март кунлари «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзусида ташкил қилинган Тошкент халқаро конференцияси бунга яққол мисол бўла олади.

фғон жароҳати битмайди, унинг оғриқлари ҳали асрлар давомида ўзини билдириб туради. Шунинг учун жойларда турли тадбирлар, тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.

2019 йилнинг 2 февралида «Ветеран» жангчи-фахрийлар ва ногиронлар бирлашмаси ташкил этилганлигининг 25 йиллиги муносабати билан турли хил тадбирлар ўтказилди. Байналмилал жангчилар мотамсаро она пойига гулдасталар қўйдилар, афғон урушидан қайтмаган қуролдош дўстларини хотирладилар, вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан «Афрўз» чойхонасида бир пиёла чой устида суҳбатлашдилар, уларга концерт дастурлари қўйиб берилди. Таъкидлаш жоизки, Афғонистон ҳудудидан Совет қўшинлари олиб чиқилганлигининг 30 йиллигига бағишлаб ҳам тадбирлар режаси ишлаб чиқилган.

Биз Афғонистондаги бесамар уруш натижасида юзага келган барча фожиалар, кўнгилсизликлардан тўғри хулоса чиқариб, бугунги тинчлик ва осойишталикнинг қадрига етишимиз, асраб-авайлашимиз лозим. Бу йўлдаги саъйи-ҳаракатларимиз ўз самарасиии бериб, Афғон ерида ҳам тинчлик-осойишталик қарор топса, ўз мақсадимизга эришган бўлардик.

Соатмўмин БЎРИЕВ,
тарих фанлари номзоди,
байналмилал жангчи

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Эл-юрт умиди” жамғармаси танлови

Вилоят ҳокимлигининг кичик мажлислар залида “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан давра суҳбати ташкил этилди. Унда жамғарманинг …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan