Бош саҳифа / Таълим / Афғон ўқувчилари – воҳамиз меҳмони

Афғон ўқувчилари – воҳамиз меҳмони

Термиз шаҳрида вилоят халқ таълими бошқармаси ва Афғонистон Маориф вазирлигининг Балх вилояти раёсати томонидан 4-ихтисослаштирилган мактаб-интернати ва қўшни давлатнинг Мозори Шариф шаҳридаги “Хони нур” хусусий мактаби ҳамкорлигида “Жаҳолатга қарши маърифат!” шиори остида дўстлик анжумани бўлиб ўтди. Унда афғонистонлик ўқувчилар вилоятимиз меҳмони бўлишди.

Дўстлик анжумани доирасида иштирокчи ўқувчилар учун вилоят қўғирчоқ театрида турли эртак қаҳрамонлари иштирокида саҳна асарлари намойиш қилинди. Маориф ходимлари тарихий обидаларни зиёрат қилиб, Термиз шаҳрининг диққатга сазовор жойлари билан танишдилар. Шоир ва ёзувчилар билан учрашувлар ташкил этилди.

Меҳмонлар Термиз шаҳридаги 4-ихтисослаштирилган мактаб-интернатида бўлиб, таълим муассасаси билан яқиндан танишдилар. Шунингдек, “Фарзандимга китоб совға қиламан” тадбирида иштирок этишди. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказида таҳсил олаётган афғон ёшлари билан учрашиб, у ерда афғон ёшлари учун яратилган шарт-шароит билан танишишди. Айниқса, таълим марказидаги сомон иши, ҳайкалтарошлик ва ҳайдовчилик каби тўгараклари ўқувчиларда қизиқиш уйғотди.

Шундан сўнг меҳмонлар Шеробод туманидаги Исо Термизий мажмуа сини зиёрат қилишди. Термиз шаҳридаги муҳташам Санъат саройида эса болажонларга вилоят мусиқали драма театри жамоаси томонидан тайёрланган ажойиб спектакль намойиш қилинди.

— Мен Сурхондарёга келиб, кўп чиройли жойларни кўрдим. Айниқса, қўғирчоқ театридаги томоша жуда ёқди, — дейди меҳмон ўқувчилардан бири Мадина Сиддиқий — Саёҳатдан ажойиб таассуротлар билан қайтаяпман. Улар ҳақида афғонистонлик дугоналаримга ҳам сўзлаб бераман. Бундай саёҳатлар тез-тез уюштирилишини, дўстларим ҳам осойишта юртингизни, зиёратгоҳларни кўриб, қувонишини хоҳлардим.

Уч кун давом этган анжуманда ўқувчилар учун “Марварид” дам олиш сиҳатгоҳида барча шарт-шароит яратилди. Тантаналар “Ёшлар маркази”да ташкил этилган хайрлашув кечаси билан ниҳоясига етди.

Баҳром ХОЛЛИЕВ,
ўқитувчи

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Раҳбар кадрлар тайёрлаш – бош мақсадимиз

Муҳтарам юртбошимизнинг 2018 йил 30 майдаги “Истиқболли бошқарув кадрларни танлов асосида” танлаб олишнинг замонавий тизимини …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE