Бош саҳифа / Жамият / “Афғон шамоли”нинг зарари

“Афғон шамоли”нинг зарари

унга қарши қандай чора қўлласа бўлади?

Сурхон воҳаси жўғрофий жиҳатдан жуда қулай жойлашган. Амударё унинг жанубий сарҳадларини ювса, шимолий-ғарб ҳамда шимолий-шарқда баланд тоғлар шимолнинг совуғидан сақлаб туради.

Воҳа иқлими юқори қурғоқчилиги билан характерланади. Йиллик ёғин миқдорининг асосий қисми баҳор-қиш ойларига тўғри келади, куз, айниқса, ёз мавсумлари ёғингарчиликнинг бўлмаслиги ҳаво намлигининг жуда пастлиги билан ажралиб туради.

Чўл зонасининг ғарбий қисми (Шеробод тумани) шарқий қисми (Термиз, Жарқўрғон туманлари)га қараганда иссиқроқ. Шу билан бирга чўлнинг шарқий қисми йиллик ёғингарчилик миқдорининг бироз камлиги билан ажралиб туради. Йил давомида Термизда 133 миллиметр, Шерободда эса 154 миллиметр ёғин ёғади. Шундан вегетация даврига атиги 31-35 миллиметр тўғри келади. Атмосфера ҳавоси ниҳоятда қуруқ, йиллик ўртача нисбий намлик 43-54 фоизни ташкил этгани ҳолда, июлда 21-32 фоизгача камаяди, аксинча, қишда 62-66 фоизгача ортади.

«Афғон шамоли» деб аталувчи иссиқ гармсел жануб томондан бемалол кириб келиб, ҳудудда ноқулай об-ҳаво шароитини юзага келтиради. Шамол қум кўчкиларини ташиб кўчаларга, аҳоли яшайдиган ҳудудларга олиб киради. Бундай пайтларда аҳоли уйларида эшик ва деразаларни ёпиб, қум бўронидан паноҳ топади. Шамол оқибатида, атмосфера ҳавосига туз чангларининг кўтарилиши воҳанинг айрим ҳудудларига ноқулай шароитларни юзага келтираяпти.

Чанг ва тузлар атмосфера ҳавоси, сув, тупроқ ва ўсимлик дунёсининг фаолиятига сезиларли салбий таъсир кўрсатади. Чўл ҳудудларидан учган қум, чанг ва тузлар фақатгина атмосферани эмас, шу билан бирга тупроқ қатлами ва сувни ҳам бараварига ифлослантириб, сифат кўрсаткичларини бузмоқда. Охирги йиллардаги иқлим ўзгаришидан айниқса, Музработ, Термиз, Ангор, Шеробод, Қизириқ, Жарқўрғон туманларида туз-қум аралашмали кўчкилар атмосферага тарқалиб, аҳоли азият чекмоқда. Йилнинг ҳамма фаслида ҳам бундай бўронли туз, қум кўчкили кунларни ҳар ҳафта кўришимиз мумкин. Шy сабабли вилоятнииг асосий ҳудудлари экологик мураккаб зонага айланмоқда. Аҳоли «Афғон шамол»идан руҳий, моддий, маънавий, иқтисодий ва экологик жиҳатдан азият чекмоқда.

Инсоннинг саломатлиги ижтимоий омиллардан ташқари, кўп жиҳатдан атроф-муҳит экологик ҳолатига ҳам боғлиқдир. Тоза ҳаво, ер усти ва ерости сувлари, тупроқ, ўсимлик, ҳайвонот оламининг тозалик даражаси қанчалик табиий меъёрда бўлса, инсон соғлиги ҳам шунча мустаҳкам бўлади. Шундагина киши организми ташқаридан бўладиган баъзи хуружларга бардош берадиган ва қарши кураша оладиган даражада ривожланади. Кучли шамол барханлари турли касалликлар ёйилишига олиб келмоқда.

Чўл саксовулсиз қолган, қум эса тобора шаҳар марказигача кириб бормокда. Шаҳарнинг исталган унгурида қум уюмлари топилади. Бу бора-бора ҳосилдорликка зарар етказиши, ерларни сувга бўлган талабини ошириши муқаррар. Кесилган дарахтлар ўрнига янгилари экилмаяпти. Экилса-да, ер сувсизланиб, шўрланиб бораётгани сабаб саксовулзорни қайта тиклаш имконсиз. Аслида уни тиклашга биров уринаётгани ҳам йўқ.

Сурхон воҳасининг табиий шароитлари, экологик муаммолари республикада кам ўрганилган. Айрим изланишларни ҳисобга олмаганда, тадқиқотлар деярли ўтказилмаган. Узоқ йиллар давомида мелиоратив-экологик вазиятнинг ўзгариши, уларнинг бугунги кундаги ҳолатини акс эттирувчи маълумотлар деярли йўқ.

Экологик муаммолар йил сайин кўпайиб бориши ҳеч кимга сир эмас. Айниқса, Сурхон воҳаси учун энг глобал экологик муаммо бўлган «Афғон шамоли», чўлланиш муаммоси ва унинг салбий оқибатларини тузатиш бўйича барча илмий ишланмалар ва ихтироларни, инновацион технологияларни молиялаштириш ва амалиётга тадбиқ қилиш ишларини ягона бир ташкилотга бирлаштирган ҳолда олиб бориш мақсадга мувофиқ.

Бундан кейин ўзимиз учун яхши иқлим шароитини яратишимиз зарур. Бунинг учун мавжуд кўлларнинг сув сатҳларини белгиланган кўрсаткичларда ушлаб туриш, сунъий ҳимоя қудуқларини (буфер зоналарини), яъни иҳотазорларни яратиш керак. Иҳотазорлар нафақат шамолларни тўсиши, балки ернинг шўрланиши, қум ва тузли кўчкиларнинг олдини олиши, қурғоқчиликка чидамли ва ҳар томонлама экологик ва иқтисодий жиҳатдан фойдали бўлиши мумкин. Қолаверса, ўрмон хўжалигини ривожлантириб, маҳаллий имкониятлар мажмуасидан фойдаланган ҳолда яйловзор-бутазорлар барпо этиш зарур.

Воҳанинг чўл ҳудудлари сатҳига янтоқ уруғи куз ойларида экилади ва қиш бўйи ёққан ёғинлар суви ҳар бир ypyғ атрофида 200-900 миллилитргача йиғилишига эришилади. Баҳор фасли келиши билан экилган ypyғ қиш давомида йиғилган ёғинлар суви ҳисобига униб, илдиз отади ва икки йил давомида 5-12 метргача чуқурликка етади. Янтоқзор билан қопланган сатҳга намлик ҳам ер остидан кўтарилиши туфайли янтоқзор орасида ажриқ ёки сувсизликка ва тузларга чидамли бир ва кўп йиллик ўтлар ўсади. Ажриқларнинг бошқа бир йиллик ўтлардан устун томони шундаки, aгap бирор сабаб билан сувсизланиш оқибатида қуриб қолса, кейинги йилги намлик таъсирида бўғинларидан яна кўк майса униб чиқади. Янтоқ ва ажриқли қатламда, биринчи навбатда, туз-қум кўчкиси туфайли ер эррозиясининг олди олинса, иккинчидан, бунда ернинг устки қатламигача намлик кўтарилишига эришиш мумкин. Лойиҳанинг кейинги босқичи эса янтоқли майсазор сатҳи да бутазор ташкил қилишга йўналтирилган. Бу тадқиқот натижасида чўл сатҳида қум кўчкиси туфайли тупроқ эррозияси олди олинади ҳамда чорвачиликни ривожлантириш қулай бўлади.

Ирода РЎЗИЕВА,

экология ва атроф-муҳитни муҳофаза

қилиш давлат қўмитаси ҳузуридаги илмий-

тадқиқот институти етакчи илмий ходими

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Аёл ва замон” марказида янги лойиҳа

Воҳамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам ўз ўрни бор. Бу борада “Аёл ва замон” …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan