Бош саҳифа / Жамият / АФҒОНИСТОНЛИК ЎЗБЕК ЁШЛАРИ ИЖОДИДАН

АФҒОНИСТОНЛИК ЎЗБЕК ЁШЛАРИ ИЖОДИДАН

Бир насим келади дарё ортидан…

Қўшни афғон халқи билан бизни асрий ришталар боғлаб туради. Сўнгги йилларда бу алоқалар кўлами янада кенгайиб, айниқса, таълим соҳасидаги ҳамкорлик жадал ривож топмоқда.

Хабарингиз бор, вилоятимизда ташкил этилган Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказида юздан ортиқ афғонистонлик ёшлар олий маълумот олишаяпти. Ўзбек тили ва адабиёти таълим йўналишида таҳсил олаётган ёшлар орасида истеъдодли ижодкорлар ҳам борки, ўтказилган ижодий учрашувлар чоғида бунга амин бўлдик. Ёзганларида туғилиб ўсган тупроқ, унда қад кўтариб турган обидалар ҳайрати, яқинлар соғинчи, ошиқ дил розларию тинчлик қадри, меҳрибон устозларга бўлган чексиз ҳурмат ва меҳмондўст ўзбек халқига миннатдорлик ифодалари яққол сезилиб туради. Шу боис, ўзбек тилида сўзлашаётган миллатдошларимизнинг ижодий машқларидан намуналарни газетамиз саҳифасида беришни ният қилгандик. Таъкидламоқчимизки, Афғонистонда яшаётган ва ўзбек тилида сўзлашувчи аҳолининг бизга илмий жиҳатдан ҳануз номаълум бўлиб турган тил хусусиятлари, нутқидаги ўзига хослик анчайин қизиқиш уйғотади. Шеърий ифодалардаги ширали нолалар, ташбеҳу ўхшатишлар она тилимизнинг беқиёс нафосатига яққол далилдир. Шундай қувончли кечинмалар билан уларнинг илк ижодий машқларини ҳукмингизга ҳавола этамиз.

ТАҲРИРИЯТ

Тинчлик учун дуолар айтинг

Тинчлик сўзини кўпдан азиз ва табаррук калом деб биламан. Соғинчга ўхшаш шу сўз! Эсимни танибманки, унинг борлиги бутун хаёлимни банд этган. Эрта баҳорда лойсувоқ уйларнинг томида очилган қизғалдоқлару ям-яшил майсалардан уни сўрайман, тинчлик ёнингиздами?

Дарахт гулларидан, ариқларда оқмиш сувлардан сўрайман: тинч лик шу ердами? Эрта тонг дастурхон тузаб, ошу нон қўяётган онамдан, дуога қўл очаётган отамдан сўрайман, тинчлик сизларнинг қадоқ кафтларингиз

орасидами? Яна яқинларимнинг чеҳрасидан, сукутли нигоҳларидан такрор ва такрор сўрайман: тинчликни қайга яширгансиз, азизларим?..

Ватанимиз Афғонистон ҳудудида қарийб 40 йилдирки, уруш, жанг-жадаллар тўхтамайди. Еру кўкни ларзага келтирган бомбалар, дайди ўқлар, кўча-кўйда жон таслим этган одамлар, гоҳ отасидан, гоҳ онасидан айрилган гўдаклар, жўмард акасини қурбон берган сингилларнинг нолалари қулоғим остидан асло кетмайди. Уруш ана шундай миллионлаб инсонлар оромини, ҳаловатини, тинчлигини ўғирлаб, изтиробли хотиралар қолдирди. Бахтиёр болалигимизни, ўйинларимизни бағримиздан юлиб олган ҳам уруш. Бу даҳшатли манзараларни бир умрга унутишни истайман, аммо хаёлимдан унинг ҳеч кетгиси йўқ.

Мана, Ўзбекистонда, Термизда таҳсил олаётганимизга ҳам 10 ой бўлибди. Тинч ва осойишта ҳаёт бағрида ўтаётган кунларимиз баъзан тушга ҳам ўхшайди. Бирга ўқиётган тенгдошларимизнинг руҳиятидаги ўзгаришлар менга сезилиб туради. Мен шу заминда гирён ахтарганим — тинчликни топдим, ёвуз урушни унутдим. Тинчликни унутган одамларга қарата: “У бор экан одамлар, йўқ этинг урушни, шунда унинг ўрнида, албатта, тинчлик пайдо бўлади”, дегим келаяпти. Бор умидларидан айрилган одамларнинг юрагидан туриб шу сўзларни овозим борича айтгим, ҳайқиргим келар…

Ўзбекистонлик ёшларнинг ҳаётидаги қувонч, шодлик асло завол билмаслигини Яратгандан сўрайман. Ва уларга “Тинчликнинг, берилган беқиёс имкониятларнинг қадрига етинг”, дегим келади.

Муҳаммад ҲУМОЮН АМИНЕ

Она тилинг – булбул забонинг

Она тилингда жаранглаган ҳар бир сўз мисли жонбахшдир. Қалбингизга хуш ёқувчи, қулфи дилингизни очувчи сўзларда мўъжизалар бордек.

Аммо мўъжиза эканини улғайиброқ тушундик. Ёдимдан ҳамон кетмайди, хонадонимизда ҳазрат Навоий, Мирзо Бобур шеърлари ўқилган кунларнинг таассуротлари. Биз болаларга бундан ортиқроқ қувонч, шодлик бўлмасди, байрамга айланарди кунларимиз. Гўё бу сўзларни уларнинг тилидан эшитгандек қувончимиз зиёда бўларди. Афсуски, бундай онларни узоқ вақтгача соғинардик. Бу сеҳрли, оташин сўзлар хотирамиздан унут бўлмаслиги учун бир-биримизга айтиб, такрорлаб юрардик. Агар болалигимдаги шу дамларни ёдимга келтирсам, менинг ўзбек тили ва адабиёти муаллимаси бўлиш орзуим шу кунларда пайдо бўлганини тушунаман. Негаки, муаллима ҳам болаларни ҳайратга солиб, меҳр ва муҳаббат билан она тилида бийрон шеърлар ўқийди, сабоқ беради. Шукроналар айтамизки, бугун мен каби кўплаб ўзбек ёшларини ҳаваслантирган орзулар сўнмасдан, ҳақиқатга айланди. Ўзбекистонда ўзбек тили ва адабиёти муаллими бўлишдек гўзал орзуимиз ушалаётганидан чексиз бахтиёрмиз. Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказида устозларимиздан ўзбек тили ва адабиётининг тарихий ривожланиши ва бугунги жараёнлари ҳақида билимларга эга бўлаяпмиз. Она тилимиз ва адабиётимиз ҳақидаги қарашларимиз мутлақо ўзгарди, Навоий тимсолидаги буюк сўз санъаткорларининг мероси биз ўйлагандан ҳам юксакроқ эканини тушундик. Шу боис, машғулотлардан сўнг, мустақил равишда марказимиздаги адабиётлар ва интернет орқали Ўзбекистон кутубхоналаридаги манбалардан самарали фойдаланишга ҳаракат қилаяпмиз.

Таъкидлаш ўринлики, Афғонистон Конституциясида ҳам ўзбек тили учинчи расмий тил сифатида эътироф этилади. Тўғри, узоқ давом этган урушлар ўзбек тилидаги таълимни йўлга қўйишга монеълик қиларди. Мамлакатмизда тинчлик, барқарорлик секин-аста изга тушиши билан бу масалага ҳам жиддий эътибор қаратила бошланди. Айниқса, кейинги йилларда ўзбек тилини ўқитиш, яратилган бой адабий хазиналардан ёшларни ҳам баҳраманд этиш ишлари ривож топмоқда. Хусусан, мактабларда, олий ўқув юртларида ўзбек тилини ўқитишга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Бунда фидойи муаллимларнинг хизматини эътироф этиш жоиз. Энг муҳими, ёшларнинг ўзбек тилини ўрганишга бўлган иштиёқи ва қизиқиши ниҳоятда юқори. Ўзбек тилининг тарғиботига, айниқса, юртимиздаги газеталар ва телеканаллар ҳам самарали таъсир кўрсатмоқда. Умид қиламизки, бу хайрли ишлар фақат эзгуликка хизмат қилади.

Раъно ШЕРЗОД

Эй фалак

Эй фалак, ҳар кунни бошимга гирён айладинг,
Бир ширин дўстим ғамидан мени бийрон айладинг.

На гуноҳ қилдим манам сен ҳақингга эй фалак,
Мисли Мажнун йиғлатиб йўлим биёбон айладинг.

Сени йўлингда кўп экан, қанча фириб-найранглар,
Ширин умрим кул қилиб қанча саргардон айладинг.

Мард эдим, номард экан, сен хору нодон айладинг,
Мард бошимни сен босиб, номардга қурбон айладинг.

Эй фалак, чархинг сени тобакай мундай бўлур,
Ёри дўстдан сен қочиб, ёмонни жонон айладинг.

  Сайед АСАДУЛЛАҲ БАШАШ

Устозларим

Маърифат ичра гўзал у меҳрибон, устозларим,
Шам каби ёниб турар ёруғ жаҳон, устозларим.

Бул ҳаётим равнақи устозларимнинг файзидин,
Маърифатнинг эгаси очиқ, аён, устозларим.

Устозимнинг сўзлари сийму зардан яхшироқ,
Юзи пур нур — ой каби олий баён, устозларим.

Устозга ҳурмат фарздур ҳар йигит, ҳар болага,
Чин юракдан сўзласам, яхши инсон, устозларим.

Гар дуо олса йигит орзуларига етадур,
Сайраса булбул каби ширин забон устозларим.

Тўғри йўллар кўрсатиб шогирдни қилса тарбият,
Ҳар ёмон кунлардин бўлсин омон, устозларим…

 Нуруллаҳ МУҲАММАД ўғли

Кўк масжид

Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳрида осмон рангида жилоланмиш Кўк масжид зиёратго-ҳи бор. Маҳаллий аҳоли ушбу обидани Шоҳи- мардон ёхуд Равзаи сахий ҳам деб атайдилар.

Зиёратгоҳ ҳазрати Али номи билан боғлиқ. Ривоятларга қараганда, Ҳирот тахтини эгаллаган Султон Ҳусайн Бойқаро бир куни туш кўради. Эмишки, Мозори Шарифда улуғлардан бирининг хоки бор, аммо у қаровсиз аҳволда. Шунда шоҳ устози Абдураҳмон Жомийни шу жойга жўнатади. Жомий бу ерда ҳазрати Али дафн этилган қабр- тош борлигини кўриб, бу хабарни подшоҳга етказади. Шундан Мозори Шарифда катта қурилиш ишлари бошлаб юборилади. Айрим манбаларда, Амир Алишербек, яъни Навоий бобомиз шу зиёратгоҳнинг қурилишида ҳам бош-қош бўлган. Шарқ меъморчилиги анъаналари асосида барпо этилган зиёратгоҳ бугун ҳам одамлар билан гавжум. Айниқса, ҳар йили 21 мартда бу ерда янги йилнинг бошланишига бағишланиб “Гули сурх” байрамини ўтказиш анъана тусини олган. Эзгу ният билан байроқ баланд кўтарилиб, у 40 кун давомида шу ҳолатда туради. Зиёратгоҳ ичида музей ва масжид жойлашган. Музейда афсоналарга кўра, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в)нинг сочи, ҳазрати Алига тегишли ашёлар, қиличлар, тангалар, турли буюмлар сақланади. Зиёратгоҳда чиллахона ҳам борки, кўпчилик уни ниҳоятда муқаддас деб билади.

Кўк масжид осмонида парвоз қилаётган минглаб кабутарлар зиёратчиларни ҳайратга солади. Улар инсонлардан ҳам ҳадиксирамайдилар. Бу забонсиз қушлар зиёратгоҳга келган эзгу ниятли кишиларнинг қалбидан гўё хабардордек, Яратгандан ниятларининг ижобатини сўрар эмишлар. Шу сабаб, зиёратчилар бу қушларга алоҳида меҳр билан қарайди. Бу ерга борган ҳар бир инсон эса халқимиз ва дунё учун ҳам тинчлик ва омонлик сўрайди.

Собира ЯҚУБИЙ

Тақдир

Меҳрдан бир булоқ эрурсан Ватан,
Ота-онам каби менга азизсан.
Муқаддас тупроғинг мен учун олтин,
Ҳам руҳим, қувватим мангу ўзингсан.

Билурман қирқ йилдир, ярадор бўлдинг,
Бошингга тушгани бариси Ҳақдан.
Маърифат макони, мусаффо эдинг,
Дардкаш бўлиб қолдим сенга юракдан.

Кимдир конинг учун этсалар қадр,
Дейман, садоқатинг йўқмиди ахир.
Ватанга хиёнат энг буюк хато,
Сен уни қилмагин, куймасин тақдир.

 Ферузуллоҳ СИРДОШ

Меҳрибонимга мактуб

Она сўзи дунёдаги энг кучли ва муқаддас сўздир. У зот дунёнинг машъалидирки, барча томонларни ёритади, бизга ҳақиқатни танитиб, буюк меҳрини, оналик муҳаббатини кўрсатади.

Онам менинг қанотларим, юксакларга парвозим учун ҳар вақт беқиёс куч ва ишонч бағишлаган. Ҳақиқат шуки, биз инсон фарзандларига оналаримизнинг камолимиз йўлидаги заҳматларини ҳурматламоқ ва қадрламоқ энг олий шарафдир.

Онажон, бугун дарё ортидан, ота-боболарим юртидан сизга ёзаётган мактубим ушбудир. Худди сизга ўхшаш меҳрибон инсонларни мен шу ерда, одамлар орасида кўп кўрдим. Меҳри офтобга, феъл атвори хокисор шу тупроққа қиёс. Бироз олисроқдаману аммо сизнинг хаёлингиз, интизор нигоҳларингиз кўз олдимдан асло кетмай туради. Шу оқшом барча меҳрибончиликларингиз ҳақида дурустроқ ўйлаяпман. Муқаддас китоб ларда сизнинг чеккан заҳматларингиз ҳаққини адо этиш фарз, бироқ у осон иш эмаслиги баён этилади. Умидим, таҳсилни муваффақиятли тамомлаб, сизга муносиб дилбанд бўлай, эл хизматин қилай. Сизни соғинган қизингиз Фаришта.

Фаришта ЮСУФИЙ

Саҳифани Баҳром НОРМУРОДОВ тайёрлади

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Сариосиёдаги олис тоғли ҳудуд — “Чош”ликлар ҳаётидан ҳикоя

Сариосиё туманининг олис тоғли ҳудудида жойлашган “Чош” маҳалласида 399 та хўжаликда 1610 нафар фуқаро истиқомат …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan