Афғонистон ёшлари мамнун

0
47

Мўъжазгина саҳна. Саҳнанинг бир бурчида беқасам тўн кийиб, дуторда моҳирона куй ижро этаётган ўзбек йигити ўз санъати билан кўпчиликни ҳайрат сари етаклаётир. Аввал сеҳрли “Муножот”ни ижро этди, олқишлар тинмагач, завқи ошиб “Куйгай” ва “Дилхирож”ни ҳам тақдим қилди.

Беихтиёр ана шунда куйнинг, санъатнинг сеҳрли қудрати, чегара билмаслиги, чинакам истеъдод эгасининг яратаётган мўъжизасидан яна бир бор ҳайратга тушасиз.

Дарвоқе, Абдуқодир Ғайрат — Афғонистон Республикаси Фарёб вилояти Андхуй шаҳрида туғилиб ўсган, ўзбек миллатига мансуб ёш авлод вакили. Айни пайт да Термиз туманидаги Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази ўқувчиси. У май ойида 35 нафар ҳамюрти, шу жумладан, 33 нафар ўғил, 2 нафар қиз билан биргаликда Термиздаги таълим масканига “Темир йўллар муҳандислиги” йўналиши бўйича таҳсил олиш учун келганди.

Куни-кеча улар ўзбек тилини ўрганиш бўйича 3 ойлик курсни муваффақиятли тамомлаб, малака сертификатларига ҳам эга бўлишди. Эндиликда бу ёшлар сентябрь ойидан бошлаб, асосий мутахассислик — “Темир йўллар муҳандислиги” йўналиши бўйича таълим олишни бошлашади. Муассасада Абдуқодир Ғайрат сингари истеъдод эгаларини истаганча топиш мумкин. Абдуллоҳ Ҳомидий —ажойиб нотиқ, Муҳаммад Мансур Барлос — оташнафас шоир. Агар қўшни юртда ҳам тинчлик ўрнатилса, бу йигитлар юрт юкини, орини кўтарадиган, мамлакатни тараққиётга бошлайдиган бир навқирон авлодга айланса, ажаб эмас, деган хаёлга келасиз. Айни пайтда таълим марказида 131 нафар Афғонистон фуқароси таҳсил олаётир.

— Тарихда ҳам, бугунда ҳам ҳеч бир давлат биз афғонистонлик ёшлар учун бундай кенг кўламли шароит яратиб бермаган, — дейди Аҳмад Фаёз. — Шунингдек, ўзбек қурувчилари бизнинг юртда темир йўллар бунёд этишяпти. Биз бу ерда таҳсил олиб, касб сирларини ўрганиб, юртимизга қайтгач, у ердаги темир йўллар тизими ривожига хизмат қиламиз.

Сарвар ТЎРАЕВ

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг