Бош саҳифа / Таълим / Афғон фуқаролари ўқув маркази

Афғон фуқаролари ўқув маркази

Азал-азалдан  ўзбек-афғон халқларини ён қўшничилик, дўстлик ришталари боғлаб туради. Бу ришталар ўтган йил давомида икки давлат раҳбарларининг дўстлик учрашувларидан сўнг янада мустаҳкамланди.

Бундан уч ой аввал Остонада Ислом ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида Ўзбекистон ва Афғонистон Ислом Республикаси давлат раҳбарлари ўртасида бўлиб ўтган музокаралар чоғида Термиз туманида Афғонистон фуқароларини ўқитишга мўлжалланган ўқув марказини ташкил этиш режалаштирилганди. Ушбу келишув ижросини таъминлаш мақсадида, Термиз туманидаги Янгиариқ қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи биноси реконструкция қилиниб, Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази ташкил этилди.

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузурида ташкил этилган Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.Маҳмудов, вилоят ҳокими Э.Турдимов, давлатимиз раҳбарининг Афғонистон бўйича махсус вакили И.Эргашев,  Афғонистон Ислом Республикаси Президентининг инфратузилма, технологиялар ва инсон ресурслари масалалари бўйича бош маслаҳатчиси Ҳумоюн Қаюмий, Афғонистон Ислом Республикаси Президентининг МДҲ давлатлари билан ҳамкорлиги бўйича махсус вакили Шокир Коргар, Афғонистон Ислом Республикасининг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Шаҳобиддин Тимурий ва бош- қалар сўзга чиқиб,  янги иш бошлаган ўқув маркази давлатларимиз ўртасидаги дўстлик муносабатларини мустаҳкамлашга, маданий-гуманитар соҳадаги алоқларни янада ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлашди.

— 750 ўринга мўлжалланган марказ биноси асосий турдаги компьютер ва мультимедиа воситалари, синхрон таржима, видеокузатув ускуналари ва замонавий мебеллар билан жиҳозланди, — дейди таълим маркази директори Ойбек Рўзиев. — Шунингдек, 100 ўринли ошхона, 60 ўринли ахборот ресурс маркази, спорт заллари, 110 ўринли талабалар турар жойлари ташкил этилиб, зарур барча шароитлар яратилди. Эндиликда ушбу марказда олий таълимнинг 17 та, ўрта махсус касб-ҳунар таълими бўйича эса 16 та йўналишда талабалар ўқитилади.

Ҳозирча таълим марказига ўқишга қабул қилинган 97 нафар афғонистонлик ёшлар ўзбек тили ва адабиётини чуқур ўрганишни мақсад қилган. Келгусида темир йўл ва электр муҳандислигига қизиққан яна 100 нафар ёшлар ўқув марказига қабул қилинади. Машғулотлар ўзбек ва дарий тилларида олиб борилади. Талабаларга нафақат Термиз давлат университети ўқитувчилари, балки Тошкент шаҳридаги нуфузли олий таълим муассасалари мутахассислари ҳам онлайн мулоқот орқали сабоқ беришади. Шунингдек, ўқув марказида электрон кутубхона тизими яратилган бўлиб, унинг базасига 700 дан ортиқ электрон адабиётлар жойлаштирилган. Марказнинг “Электрон таълим тармоғи”га уланиши натижасида талабалар бу ердан туриб,  республикадаги барча олий таълим муассасалари электрон таълим  ресурсларидан фойдаланиш имкониятига ҳам эга бўлади. Марказ битирувчиларига қисқартирилган,  икки йиллик таълим муддатида ўзбек тили ва адабиёти таълим йўналиши бўйича бакалавр даражасини берувчи  тегишли ҳужжат берилади.

— Ушбу таълим марказига келиш учун Қобулда махсус имтиҳондан ўтдик, — дейди афғонистонлик Руҳшона Ҳакимий. — Бизда 7 миллионга яқин ўзбеклар истиқомат қилади, аммо ўзбек тилида сабоқ берадиган мутахассислар етишмайди. Шу боис, бу ерда ўзбек тили, адабиётини ўрганиб, юртимиздаги болаларга ўзбек тилидан дарс бермоқчиман.

— Мени қувонтиргани бу ердаги замонавий компьютерлар ва кўплаб адабиётлар билан бойитилган кутубхона бўлди, — дейди Афғонистоннинг Самонгон вилоятидан келган Асила Ноибзода. — Энди бу заминда ҳам ўзбек тили ва адабиёти йўналиши бўйича таҳсил оламан, ҳам компьютерда ишлашни, инглиз тилини ўрганаман.

Дарвоқе, қўшни юрт болаларига илм, зиё улашишдек эзгу иш икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатларда янги саҳифа очди. Энг муҳими эса, бу ташаббус афғонистонлик ёшларнинг ҳаётида туб бурилиш ясайди.

Ф.РАҲМОНҚУЛОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ижодий ёндошаман

Мактаб улуғ даргоҳ. Ҳар бир ота-она фарзандларини мактабга топшириб, келажакда Ватаннинг муносиб ворислари бўлиб етишишини …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan