Бош саҳифа / Жамият / Қадриятми, азиятми?

Қадриятми, азиятми?

Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йил 3 августда ижодкор зиёлилар вакиллари билан бўлган учрашувда нозик бир масалага фан, маданият, санъат, оммавий ахборот воситалари ходимлари эътиборини қаратди. У ҳам бўлса, ҳамманинг — халқимизнинг дилидан кечган, тили учида айтолмай турган, виртуал қабулхонага минглаб эътирозлар ёзилишига сабаб бўлган тўйлар масаласидир.

Яқинда тўй машмашаларига шахсан гувоҳ бўлганим учун ҳам, ушбу мулоҳазаларимни билдиришга жазм қилдим…

Бир куни бир ходимим хонамга бежирим,  чиройли, бироз ҳашаматли таклифнома олиб кириб, фалон киши тўйга айтганини, бормасам ҳафа бўлишини билдириб ўтди. Камина таклифномани кўриб беихтиёр, “ўҳҳу”, деб юборганимни билмай қолдим.

— Ҳа опа, таклифноманинг ҳам обрўси бор, қўлингиздаги таклифнома нақд 35 минг сўм туради, — деди ходимим. — Янаям обрўлироқлари 150 минг сўмгача.

— Йўғе, — дедим ҳайратимни яширолмай. Таклифномани кўздан кечирар эканман, наҳотки одамлар умрию соғ- лиги эвазига ишлаб топган сармоясини арзимаган шундай матоҳларга сарфласая, деб ўйланиб қолдим.

Эсимда оиламизда жўжабирдай жон, беш қиз, бир ўғилмиз. Отам раҳматли, айнан, бизни уйли-жойли қиладиган пайтларда касалланиб қолдилар. Энам эса мактабда котиба, машинка чиқиллатиб топган маоши ҳисобига бир амаллаб яшаймиз. Опа-сингиллар бирин-кетин бўйларимиз етиб, турмушга узатиладиганмиз. Шу пайтларда Хитойга қатнаб савдо қиладиган бир қишлоқдошимиз, мен тенги узатилаётган синглисига тилла узук совға қилганлиги тўғрисидаги янгилик қишлоқ бўйлаб яшиндек тарқалиб кетди. Дугоналаримиз билан тўп-тўп бўлиб бахтдан ял-ял ёнаётган дўстимизникига борамиз, узукни қўлимизга олиб ҳавасланамиз. Ўшанда энамга, узук оберасиз, деб хархаша қилганимни, иложи йўқлигини билдирган энамдан хафа бўлиб юрганларимни эслаб уялиб кетаман.

— Сенга оқ фотиҳадан бошқа нарса беролмаймиз, буёғи ўқитаяпмиз, тилла узукли дугонангдан кўра 10 карра бахтли бўл қизим. Тушун ахир, узук олишга кучимиз етмайди, — дедилар энам. Орадан йиллар ўтди. Дугонам акаси бир амаллаб киритиб қўйган олийгоҳни тугата олмади. Куёви ҳам ноқобил чиқди. Биз эса турмуш ўртоғим ҳарбий бўлганлиги учун вилоятлар, туманлар оша яшадик. Қанчадан-қанча дўстлар орттирдик. Бирни кўриб фикр қилдик, яна бошқасини  кўриб шукр қилдик. Йиллар ўтиб, мен учун энам олиб беролмаган узук ўз қийматини йўқотгандек, аҳамиятсиз бўлиб қолди.

Энам айтган бахт саодат ҳамиша ҳамроҳим бўлди. Ўша пайтларда тўйларга таклифномалар ҳам ёзилмасди. Жарчи бобо лақабли бир бобо эрталабдан ҳаммани “Халойиқ фалончиникига тўйга ўтингизлар-ээээй”! — деб отда айтиб чиқарди. Эҳ, ўша даврларни эсласам ҳаприқиб кетаман. Қадриятларимиз-ҳамиятларимиз бўлган даврлар эди ўшанда. Ҳозир-чи? Қадриятларимиз азиятларга айланиб кетмаяптими?

«Қудачилик —
жудочиликми?”

Қудачилик — минг йилчилик, дердилар моможоним. Афсуски, кейинги пайтларда бу олтин қадриятларимизга путур етмоқда. Куёв ёки келин танлашда ота-оналарнинг обрўси, бойлиги, улардан келадиган манфаатдорлик биринчи даражага чиқмоқда.

Тўйдан кейин эса, эндигина қурилган оилалардаги келишмовчиликлар, зиддиятлар, қайнона келин можаролари, молпараст қуда-андаларнинг бир бирига “тош отиш”ларига гувоҳ бўлаяпмиз. Болалигимда “Муштум” журналида “Қизи борнинг нози бор, қўлида тарози бор”, деган карикатурани кўрганим, ўқиганим ёдимда. Бироқ бугунги кунда замон тескарисига ўгрилгандек гўё. Энди “Ўғли борнинг нози бор, қўлида тарози бор”га айланиб бораётгани ачинарли ҳол, деб ўйлайман. Ҳатто халқимизнинг қиз болага нисбатан «Тенги чиқса, текин бер», деган ҳикмати ҳам ўз қадрини йўқотиб қўйгандек.

Негаки яқин 5-6 йил ичида тўйларимизда кўнгилни хира қиладиган «урф-одатлар» ўйлаб топилмоқда. Фотиҳа тўйлари қизнинг уйида чинакамига катта тадбирга айланиб, йигит томондан келадиган  сон-саноқсиз меҳмонни кутиш, куёв томондан борган ноз-неъматлар билан аввал йигитнинг қариндошлари сийланиб, қолгани яна тугунларга тугилиб қайтариб олиб кетилгани етмагандай, қиз томондан ўша куннинг ўзидаёқ куёвникига 40-50 товоқда ноз-неъматлару, безатилган, ҳисобсиз саватлар юборилиши шарт бўлиб бораётганини (аслини олганда бу туркча одат экан) айтмайсизми? Куёв учун тўрт мавсумлик кийимдан ташқари каттакон патнисларга, ялтироқ, шаффоф қоғозлар остига уялмасдан ички кийимларини ҳам жойлаштириб жўнатишлар, ҳатто тиш чўткасидан тортиб, тўйдан олдин келиннинг ота-оналари куёвнинг хонадонида камида иккита хонани пардасию гилами, мебелигача безатиб келиши, ҳали тўйи бўлмасдан туриб қайнота, қайнона билан бозор оралаб, стенка, диван, «спальний» сайлаб юриши, униси бўлмайди, мана буниси ёқди, дея кийим танлаб, пулини қайнонасига тўлатаётган куёвлар ҳақида нима дейсиз?

Надоматлар бўлсинким, бу ишларнинг бошида бош-қош бўлиб турганлар кексаларимиз, ота-оналаримиз, қайнона, қайноталаримиз.

Хўш, нафақат миллий қадриятларимизни, балки ўз қизини, қиз томоннинг сарполарини андишасизлик билан қабул қилиб, ўғлининг орини ҳам таҳқирлаб “оломон маданияти” қулига айланаётган юртдошларимизни тарбиялаш борасидаги вазифалар айнан кимнинг зиммасида?

“Эпли бўлсинми,
сепли бўлсинми?”

Бир пайтлар, миллий қадриятларимиз топталган замонларда яшаса-да, ота-боболаримизнинг назари тўқ бўлган. У даврларда тўйларни ҳозиргидек дунёқараши тор, мол-дунёга ўч аёллар эмас, оқила, маърифатли, маънавиятли момоларимиз, “Сепли келин эмас, эпли келин бўлсин”, деб бошқарганлар. Элга берган тўй-томошалари, эҳсонлари савобга айланиб, эл олдида юзи ёруғ бўлган қайнона, қайнота ва куёвнинг барча оғайнилари  келинга «беточар» қилиб, тўйдан кейинги кун яна хурсандчилик қилганлар, келинларининг юзини очиб, кўрманалар беришган, келин саломларини қабул қилиб, бахт тилаганлар.

Мен бугунги тўйларда бир нечта диск ва ҳашаматли фотоальбомлару санъаткорларнинг тап тортмай доллар ҳисобида айтаётган хизмат ҳақлари, замонавий, хорижий машиналарни турнақатор қилишнинг авж олмоғидан тортиб, дастурхонга спиртли ичимликларнинг меъёрдан ортиқ тортилиши, раққосаларнинг ножоиз хатти-ҳаракатлари, шовқинли мусиқа садолари, узундан-узоқ ваъзхонликлар, келинларимизнинг танасини кўз-кўз қилиб оқ либос кийиши, вальсга тушиши, клип ишланиши, бунинг устига дастурхонларни ҳаддан зиёд ноз-неъматлар билан тўлдиришга уринишлар тўғрисида тўхталмоқчимасман. Мен ушбу иллатларни ҳар бир халқ, ҳар бир элат, ҳар бир инсоннинг ўзи — виждон амри билан, маънавият даражаси, эл-юрт манафаатини ўйлаб, ижобий ҳал этиши лозимлиги, ким ўзарлик, мақтанчоқлик ва исрофгарчиликнинг маънавиятимизга зид эканини фарзандларимизга тушунтира олишга қурбимиз ва салоҳиятимизни ишга солишимиз кераклиги ҳақида фикр билдирмоқчиман, холос.

Тўй — неча ўн йилларда эзгу орзулар ила эришилган дуолар, ниятлар тантанаси. Тўй миллий удум, орзу-умидлар рўёби. Тўйнинг  соҳибию соҳибалари тўйга атаган харажатларининг бир қисмини йўлларни, қабристонларни, гузарларни, маҳалла биноларини обод қилишга ишлатса, бева-бечораларга мурувват қилса, хал- қининг, маҳалласининг, етим-есирларнинг дуосини олса, обрўси ҳашаматли тўй қилгандагиданда   баландроқ бўлмайдими?  Шу ҳақдаги фикр ва мулоҳазаларингизни кутиб қоламиз.

Райҳон РАҲИМОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Жарима тўлади

Бугунги кунда юртимизда тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган шахсларга ҳамма қулайликлар яратилган. Жумладан, кўпчилик шахсий …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE