Бош саҳифа / Жамият / Қадриятлар бешигига марҳабо!

Қадриятлар бешигига марҳабо!

«Бойсун баҳори”нинг овозаси юртимизнинг ҳар бир оиласига, қолаверса, етти иқлимга етди. Катта байрамга тараддуд кўраётган Бойсун аҳлининг бунёдкорлик ишлари билан танишиш мақсадида қадим маскан сари йўл олдик.

Сафдошларимиз ўтган йилги томошаларда иштирок этган эса-да, аммо илк бора янгиликни кўрмоққа ошиққан кишидек қувонгани-қувонган. Нечук бундай шодумонлик, ахир, одам аввал кўрганларини яна шундай соғинса, кутса-я!.. Элимизнинг суюкли шоири Усмон Азимнинг қуюқ хотиралар завқи билан ёзилган “Бойсун ҳақида ғамгин баллада”сининг барча сўзларию шеърнинг руҳи юрагимга киргандай, айрича ҳисларни уйғотаётибди: “ Кўрдим, Кездим, Бойсундай жой, Бу оламда йўқ экан…”

 Ҳали манзилгача масофа узоқ. Шерободдан ўтиб борамиз, ҳув олисдаги юксак чўққилар қўл чўзиб тургандек туюлади. Нондаханадан қайрилганимизда сой йўли билан эсаётган тоғ шамоли димоғимизга урилади. Ҳаводаги намхушликда ёмғирнинг иси сезилади. Йўл бўйи кўкламнинг ёқимли нафаси, обод бўлаётган қишлоқлар ва равон йўллар, селу тошқинларга бардошли кўприклар бизни Бойсун сари яқинлаштириб борарди. Бир ҳафта бурун шу томонларга йўлимиз тушганди, тавба, табиатга шугина  муддат ҳам гўзаллик яратмоғига кифоя  экан-да! Изма-из ёққан ёғмир сабаб атроф яшилликка бурканган, гўё ҳаёт жонланаётгандек.

“Қизғалдоқ баргидек учар дилдан ғам…”. Шоирнинг ташбеҳи, шеърнинг руҳи шу лаҳзаларда дилдаги кутиш сўроғига жавоб бўлаётгандек. Англайманки, ўтган сафар излаганим қизғалдоқ экан, тоғликларнинг баҳордан кутганлари эса ёмғиржон. Ана боқинг, ўша қизғалдоқлар самодан тушгандек йўл бўйлаб сочилган, ҳовлиларнинг эшигидан кирмоққа изн сўраб турибди гўё. Баҳорнинг юрагидек титраётган қизғалдоқ юракдан учиб кетаётган ғамнинг ифодачиси. Аждодларимизнинг асрлар оша баҳор қуруқ келган йилларда кўкламдан умидвор бўлиб “Суст хотин”ни куйлашганларининг ҳикматини тушунгандек бўламан.

Бойсун кафтдек кўринадиган нуқтадан атрофни кузатамиз, кўкламнинг барча ранглари бунда зоҳир. Қуйироқда бойсунликлар Сарғиёзи демиш қишлоқ ва унга туташ Работ, кейин бошқа қишлоқлар кўринади. Илонизи йўлларда уловларнинг тинимсиз ҳаракати кўзга ташланади. Қадим ва навқирон яшил шаҳарнинг бағрида эса минглаб уйлар, уларга белги бўлиб дарахтлар бўй чўзиб туради. Йўл бўйи “Бойсун баҳори”ни кўришга келаётган хорижлик сайёҳларнинг автомашиналарига дуч келамиз. Ҳа, гарчанд фестиваль бошланишига бироз фурсат бўлса-да, меҳмонлар шаҳардаги миллий ҳунармандлар маҳаллалари бўйлаб саёҳатларини бошлаб юборишган.

Очиқ фольклор фестивали бўлиб ўтадиган Паданг қишлоғига етиб келдик. Элимизнинг узоқ ўтмиши билан боғланган қадриятлари, урф-одатлари, анъаналарини ўзида намоён этадиган фестиваль майдонига олиб бориладиган йўллар таъмирланиб, автомобиллар ва пиёдалар қатнови учун зарур шароит яратилган. Олисдан моҳир усталар томонидан тикланган 150 га яқин ўтовлар кўзга ташланади. Унинг эртакли осмонида парқу булутлар, адирларида табиат оҳангларидан чайқалаётган ўт-ўланлар меҳмонларга яна-да кўтаринкилик бахш этаётибди.

— Сиз кўриб турган мана бу ўтовлар аслида алоҳида овуллар,— дейди Бойсун тумани ҳокими ўринбосари Саодат Жўрақулова. — Уларда халқ амалий санъати, ҳунармандлар, темирчилар, ошпазлар, чорвадор-деҳқонлар, косиблар, бахшилар ва бошқа соҳа вакиллари бир вақтлар меҳнат қилган Бойсундаги махсус маҳаллалар қиёфаси гавдалантирилади. Фестиваль кунлари иштирокчиларимиз туманимизда миллий ҳунармандчилигимиз намуналарини, таомларимизни, ноз-неъматларимизни ҳамда қадим санъатимизни  намойиш қиладилар.

*************

Шу сўзларни эшитибоқ уларнинг ҳузурига шошдик. Дастлаб, 2006 йилда фаолиятини бошлаган “Бойсун” миллий ҳунармандчилик марказида бўлдик. Унга уста-ҳунарманд Алим Арипов раҳбарлик қилади. Ҳозирда тўқимачилик, гиламдўзлик, каштачилик, табиий бўёқлар тайёрлаш йўналишларида иш олиб бораётган марказда 30 дан ортиқ ҳунарманд ва касаначилар доимий иш билан банд. Улар томонидан алифи, жанда, олача, тик ҳамда қадимий бўз матолари тўқилмоқда. Улар нафақат мато тўқиш, балки  кийим-кечаклар ва буюмлар яратиш борасида ҳам катта маҳоратга эга.

— Марказда 9 йилдан буён меҳнат қиламан,— дейди моҳир ҳунарманд Зарина Самадова. — Гиламчилик ва жанда матосини тўқиш бўйича маҳоратимни ошириб бораяпман. Ишларимизга асосан жанубий Осиё, хусусан, Япония, Корея давлатларидан келадиган сайёҳларимиз катта қизиқиш билан қарайдилар. Қўл меҳнати билан тайёрланган табиий матоларимиз ва кийимларимизнинг харидорлари кун сайин ортиб бормоқда.“Бойсун баҳори” фестивалида янги ишларимизни яна бир карра намойиш этмоқчимиз.

*************

Бойсунлик ака-ука Эркин ва Тўлқин Шойим-қуловлар темирчиликда еттинчи авлод усталар ҳисобланишади. Устахонада рўзғор учун зарур бўлган бел, кетмон, ўроқ, шоха, теша, болта, капгир каби меҳнат анжомлари тайёрланиб, арзон нархларда сотилмоқда. Ўқувчилик чоғларидаёқ отаси Намоз бободан ҳунарнинг барча сир-асрорларини ўрганган усталарнинг бугун 10-15 нафар шогидлари бор. Улар орасида қўшни туманлардан келиб темирчилик касбини ўрганганлари ҳам талайгина.

— “Бойсун баҳори” очиқ фольклор фестивалида биринчи бор тайёрлаган ишларимиз билан иштирок этамиз, — дейди уста темирчи Эркин Шойимқулов.  — Отамдан яна қадимий созларимиздан бўлган чанқовуз ясашни ҳам ўрганганман. Бу соз икки қисмдан иборат бўлади, унинг кунда деб аталадиган қисми темир, мис ва бронзадан, тили эса пўлатдан тайёрланади. Фестивалда шу жараённи жонли кўрсатмоқчимиз.

*************

Бойсунлик Ҳамроқул  Ёқубов ошпазликда катта тажрибага эга.

Мана, 28 йилдирки, турли таомлар тайёрлаб вилоят ва республика танловларида фахрли ўринларни қўлга киритиб келмоқда. Улар орасида воҳамизда севиб истеъмол қилинадиган тандир гўшти таоми ҳам бор. Фестивалда ошпазлар учун ажратилган овулда айнан ушбу таом ҳам меҳмонларга тайёрланиб кўрсатилади. Ҳамроқул ошпаз бор маҳоратини йиғилганларга намойиш этиш истагида.

— Ушбу таом кейинги йилларда вилоятимиз ошпазларининг ташриф қоғозига айланди. Уни тайёрлашда қўй, эчки ва товуқ гўштига зираворлар билан ишлов берилиб, вазнига қараб 1-1 соат 15 дақиқа  мобайнида тандирда пиширилади. Ёшларимизнинг ошпазлик сирларини пухта ўрганишига доимий эътибор қаратиб келаяпмиз. “Бойсун баҳори” ошпазларимизга ўз маҳоратларини намоён этишлари учун катта имконият. Бундан улар, албатта, фойдаланадилар.

*************

Новвой Ҳусниддин Болтаев катта ҳажм-ли Бойсун патирини тайёрлаб, харидорларга етказиб бермоқда. Якка тартибдаги тадбиркорнинг новвойхонасида айни пайтда 6 нафар ишчи доимий иш ўрнига эга. Андижонлик усталар томонидан ўрнатилган осма тандирда бир вақтда 4 дона йирик патир ёпилади. Унинг харидорлари ҳам асосан туман аҳли. Келинга нон ушатиш удумини адо этиш учун куёв томондан Бойсун патири олиб борилаяпти. Новвой йирик ҳажмли патирларни фестиваль пайтида томошабинларга пишириб кўрсатмоқчи.

— Бу касбни отамдан ўрганганман, — дейди Ҳусниддин Болтаев. — Атрофимда Жонибек, Зокир, Исмоил, Умид ва Ҳусниддин каби ёш новвой йигитлар хизмат қилишаяпти. Яқин келажакда замонавий новвойхона ташкил этишни ният қилганман. Фестиваль эса бойсунлик новвойларнинг номини дунёга танитишига ишонаман.

“Бойсун баҳори” очиқ фольклор фестивали иштирокчилари мана шундай кайфият билан унга ҳозирлик кўришмоқда. Буларнинг барчасига фестивалда ўзингиз гувоҳ бўласиз.

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Одам савдоси – халқаро муаммо

Бугунги кунда одам савдосига қарши кураш нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг, балки кенг жамоатчиликнинг ҳам …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE