Бош саҳифа / Жамият / Адолатсиз директорга чора кўрилди

Адолатсиз директорга чора кўрилди

“Сурхон тонги”га жавоб берадилар

“Сурхон тонги” газетасининг жорий йил 1 февраль 8-сонида Ф.Раҳмонқулова ва Х.Тоғаймуродовлар муаллифлигида чоп этилган “Халқ ҳақини еган ҳалқумидан илинар ёхуд Музработ туманидаги 25-мактабда қачон тартиб ўрнатилади?” сарлавҳали мақоласи туман ҳокимлиги, прокуратураси, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти туман бўлими, туман халқ таълими бўлими, молия бўлими, Бандликка кўмаклашиш маркази туман бўлими томонидан ўрганиб чиқилди.

Ўрганиш жараёнида Музработ тумани “Халқ йўли” маҳалласида яшовчи фуқаро, 25-умумтаълим мактаби директори Д.Джўраева томонидан ходимларнинг иш ҳақларини вақтида ва тўлиғича бермаганлиги аниқланиб, ушбу масала Музработ туман маъмурий суди томонидан кўриб чиқилди. Джўраева Дилфуза Сафаровна Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жиноят тўғрисидаги кодекснинг 61-моддаси 1-қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбли деб топилиб, унга нисбатан энг кам иш ҳақининг уч баравари миқдорида жарима тайинланди ва мактаб ўқитувчилари Ш.Бахромова фойдасига 1.022.500 сўм, М.Асадова фойдасига 33.000 сўм ундирилди.

Бундан ташқари, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Музработ туман бўлимининг қарорига мувофиқ, жорий йил 15 март куни Музработ туман маъмурий суди Д.Джўраевага нисбатан туман молия бўлимининг маълумотномаси асосида навбатдаги ҳуқуқбузарликни содир этганлиги учун энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисми миқдорида жарима ҳамда давлат фойдасига 3.051.633 сўм миқдорида етказилган зарарни ундириш тўғрисида қарор чиқарди.

Шунингдек, Д.Джўраева ўз лавозимидан шахсий манфаати учун фойдаланиб, камчиликларга йўл қўйгани учун вилоят халқ таълими бошқармаси буйруғига кўра эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Ушбу мақола юзасидан аниқланган камчиликларни бартарф этиш ва келгусида такрорланмаслиги учун туман халқ таълими бўлими ва барча умумтаълим мактаблари раҳбарлари иштирокида муҳокама этилиб, келгусида бундай камчиликларга йўл қўйилмаслиги юзасидан тегишли кўрсатма ва топшириқлар берилди.

Э.АЛИМОВ,

Музработ тумани ҳокими

ТаҲририятдан:

Дарвоқе, бу дунёда ҳар бир ишнинг ҳисоб-китоби ва албатта, жавоби бор. “Ўтирган мансабим ўзимники”, деб нафсга эрк бериш, қўл остидагиларга адолатсизлик қилиш оқил кишиларнинг иши эмас. Бундай кишилар ўз кирдикорларини, ноҳалол ишларини қанчалик яширмасин, барибир кун келиб ошкор бўлади, ҳақиқат юзага чиқади. Биз мақолада келтирган ҳолатларга эътибор қаратилиб, яна бир илм масканида адолат ўрнатилганидан хурсандмиз. Ўйлаймизки, бу бошқалар учун ҳам сабоқ бўлади.

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Янги масжид муборак

Кеча Термиз шаҳрида Ҳаким Термизий номидаги янги жомеъ масжидининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Янги жомеъ …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan