Бош саҳифа / Жамият / Қадимда сув тошқини бўлганми?

Қадимда сув тошқини бўлганми?

Археология ўз номи билан ўтмиш давр маданиятини ўрганадиган фан бўлсада, бошқа фанлардан кенг қамровлиги ва аниқ (табиий) фанлар билан чамбарчас боғлиқлиги жиҳатидан ажралиб туради. Археологиянинг ўтмишда содир бўлган табиат ҳодисаларини аниқлашда ўзига хос ўрни бор.

Вилоятда қадимда юз берган табиат ҳодисаларидан бири — сув тошқинидир. Ҳозирги  давримиздан 1850-1900 йил олдин бўлиб ўтган бу табиат ҳодисасини Бойсун туманининг Оқжар қишлоғидаги Пойқўрғон ёдгорлиги тасдиқлайди. Пойқўрғон (Туманқўрғон) асримиздан аввалги IV аср охири III аср бошида барпо этилган ва Бойсун — “Темир дарвоза” орқа-ли Мароқанд (Самарқанд)га йўналган қадимги савдо йўлини муҳофаза этиб турган қалъа. Умумий майдони қарийб бир гектарни ташкил этган бу ёдгорликнинг бир томони туб жарлик, қолган томонлари сой ўзани билан муҳофазаланган. Номига мос бу иншоот эрамиздан аввалги IV асрнинг 20 йилларида Ўрта Осиё икки дарё оралиғига македониялик Александр бошчилигидаги юнон-македон қўшинларининг юриши ва яна қатор тарихий жараёнлар тарихини ёритишда муҳим археологик манба.

Вилоятимиздаги жаҳонга машҳур ёдгорликлардан яна бири — Кампиртепада ҳам ҳаётнинг сўниши эрамизнинг иккинчи асри иккинчи ярмида қайд этилган. Милоддан аввалги IV асрнинг охиридан то II асрнинг ўртаси ёки иккинчи ярмига қадар Кампиртепа (Пандахейон, Пардагви) Амударё орқали айни шу жойдан ўтган кечувни қўриқлаб турган мустаҳкам қалъа бўлиб хизмат қилган. Бу шаҳар — қалъа ҳам Кушон давлати юксалиб, Хан Хитойи, Рим, Парфия билан бир қаторда кўҳна дунёнинг тўрт империясидан бирига айланган даврда инқирозга юз тутган. Ўз навбатида Кампиртепанинг жанубий, жануби-шарқий тарафларини ҳам Амударё ювиб кетганлигини қазишмалар исботлайди. Эски Термизнинг Чингиз 2 деб номланган ёдгорлигининг Амударё тарафларидаги биноларида табиий ҳодисалар туфайли ёриқлар ҳосил бўлган. Барча мавжуд ашёвий манбалар таҳлилига кўра, бу жараён бевосита тоғли ҳудудларда, шу жумладан, Бойсунтоғда бўлиб ўтган кучли ёмғир (жала) туфайли юзага  келган. Натижада Пойқўрғон (Туманқўрғон) қалъаси батамом яроқсиз ҳолга келиб қолган ва аҳоли Бойсун маркази ва Бойсунсой юқори ҳавзаси (Қўрғони боло яъни Юқори қўрғон) ҳудудига кўчиб ўтган. Пойқўрғон (Туманқўрғон)да ҳаёт фақатгина 16-18 асрларда қайта жонланади. Кофрун қишлоғидаги Бойсунсойнинг давоми Кофрунсойнинг икки қирғоғида жойлашган қалъаларнинг айни сой қисми шу тошқин туфайли ювилган. Тошқин сувининг катта қисми Бандихонсой орқали Сурхондарёга оқиб тушган. Оқибатда Сурхондарё ўзининг қуйи оқимида  икки минг йил ичида тўлиб оққан. Қирғоқлардан тошиб чиққан сув оқимлари унинг бўйида жойлашган қалъа ва қишлоқларнинг катта қисмини ювиб кетган.

Т. АННАЕВ,
М. ҲАСАНОВ,
республика ФА археологик
тадқиқотлар институти катта
илмий ходимлари,
Ж. АННАЕВ,
Ўзбекистон миллий
университети ўқитувчиси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Газетанинг янги сонини ўқинг!

“Сурхон тонги” газетасининг 2020 йил 5 августдаги сонида сиз кутган мақолалар нашр этилган: — “Тез …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan