Қадимда саводхон бўлгандир элим…

0
58

Собиқ шўро давридан токи қонли инқилобгача Ўрта Осиё халқлари, жумладан, ўзбеклар саводсиз бўлган, деган нотўғри талқин бор эди. Бу асоссиз фикр, афсуски, айрим Ғарб мутахассислари томонидан такрорланиб келинарди.

Ҳолбуки, Марказий Осиёда эрамиздан олдинги тўрт минг йилликда дастлаб ёзув расм шаклида, сўнгра эса михсимон белгилар кўринишида ишлатилган.

Тарихда ҳарфларга асосланган ёзувга милоддан аввалги икки минг йилликда финикияликлар асос солганлиги, унинг негизида эса оромий ва юнон ёзувлари келиб чиққанлиги тарихшунослар томонидан эътироф этилган. Академик Аҳмадали Асқаров томонидан воҳамизнинг Сополлитепа ва Жарқўтон археологик ёдгорликларида олиб борилган узоқ йиллик археологик қазишмалар натижасида 28 та пиктографик белги топилдики, уларни  қадимги ота-боболаримизнинг расмларда ифодаланган илк ёзувлари деб тахмин қилиш мумкин. Агар Сополлитепа ва Жарқўтондан  топилган пиктографик белгилар алоҳида-алоҳида  ёзилган бўлса, Шерободнинг  Ғоз қишлоғидан топилган ўғир сиртидаги, яъни бир жойдаги 12 та пиктографик белги уларни ёзув дейиш учун асос бўлади.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, қадимги бақтрия, сўғдий, хоразмий ёзувларининг пайдо бўлишида оромий ёзуви асос бўлиб хизмат қилган. Ўрта Осиёда оромий ёзувининг энг қадимий нусхаси милоддан аввалги V-IV асрга оид бўлиб, хум сиртидаги бу битик археолог-олим М. Мамбетуллаев томонидан Катта Ойбў- йир қалъадан топилган эди.

Сурхондарё ҳудуди шу билан эътиборни тортадики, бу жойда айни пайтнинг ўзида бир неча хил ёзувни учратиш мумкин. Эрамиздан аввалги 329 йилда Александр Македонский Амударё ва Сирдарё оралиғидаги ерларни ҳам эгаллагач, бу ерда, хусусан, жанубий ҳудудларда давлат ишлари кўпинча  юнон  ёзувида  олиб борилган. Бундай хат-ёзув намуналари Афғонистоннинг шимолий шарқида — Қундуз дарёсининг Амударёга қўшилиш жойидаги Ойхоним шаҳри харобаларидан ва Тожикистоннинг жануби-ғарбидаги Тахти Сангин тарихий обидасидан кўплаб топилган. 2004-2006 йилларда эса Эски Термиз яқинидаги  Фаёзтепа будда ёдгорлигидан археолог олим Тўхташ Аннаев томонидан эрамиздан олдинги I аср ва милоднинг I асрига оид, сополга ёзилган икки хат бўлагининг топилиши оромий-бақтрия ёзувининг ҳам шаклланиб борганлигини кўрсатади. Ҳолбуки, Кампиртепадан юнон ёзуви битилган сопол парчалари топилган бўлиб, улар бирмунча олдинроқ  даврга мансуб эди.

Халқимизнинг азал-азалдан саводхонлик даражаси анча юқори бўлганлигига шу ҳам шоҳидлик берадики, Александр Македонский бостириб келишидан илгари юртимизда зардуштийлик дини ҳукм сурган. Берунийнинг “Осор ул боқия” асарида таъкидланишича, ”Авесто”нинг қадимий тўлиқ нусхаси 12 минг ҳўкиз терисига тилла ҳарфлар билан битилган экан. Ҳозиргача зардуштийларнинг бу муқаддас китобининг жуда оз қисми сақланиб қолган.

1979 йилда археолог олим Баҳодир Турғунов Айритом буддавийлик ёдгорлигини такрорий ўрганиш жараёнида, оқ тошга ўрнатилган ҳайкаллар мажмуини топди. Ҳайкаллар пойида  360 ҳарфдан иборат ёзув ўйиб ёзилганлиги, чанг, ёғингарчилик, сув, шамол ва бошқа табиий офатлар таъсирида ёзувдан 260 та ҳарф сақланиб қолганлиги маълум бўлди. Ёзув мутахассислар томонидан ўқилганида, бу бақтр битигида Кушон подшоси Хувишка ҳукмронлигининг тўртинчи йилида Шудиа исмли шахснинг ташландиқ ҳолга келиб қолган буддавийлик ибодатхонасини тиклашга юборилганлиги, ибодатхонага Канишка  номи берилганлиги акс этган экан.

Эски Термиздаги Қоратепадан эса бахтар ва ҳинд, кхораштха ёзувларини Эски Термиз атрофида яшаган буддавийлар пухта эгаллаганлар. Дхармамитра ва Дхарманандин каби термизлик ва тоҳористонлик авлиё- лар муқаддас сутраларни ўргатгани Мўғулистон, Хитой ва Узоқ Шарқдаги бошқа мамлакатларга йўл олганлар. V-VIII асрларда ҳам Бақтриянинг ўрнида юзага келган Тоҳористонда бақтрия ёзуви кенг қўлланилган. Илк ўрта асрларда эса ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида туркий ёзув тарқала бошлаган. Бундай ёзувлар Фарғона водийсининг Қува ва Тошкент яқинидаги Банокатдан топилган. VIII асрнинг иккинчи ярмидан Мовароуннаҳр ҳудудининг араблар томонидан забт этилиши натижасида араб ёзуви кириб кела бошлайди. Кейинги асрларда ислом динини қабул қилган ота-боболаримиз эски мактабларда, мадрасаларда савод чиқарганлар. Биздан жуда кўплаб  ҳадисчилар, олим ва тарихчилар, етук уламолар, шоир ва адиблар етишиб чиққан. Шу ёзувда ўнлаб, юзлаб китоблар яратилган ва мутолаа қилинган. Демак, халқимиз азал-азалдан ўз ёзуви ва китобларига эга бўлган энг саводли халқлардан биридир.

Юлдуз ЗОИРОВА,
вилоят тарих ва маданият давлат
музейи етакчи мутахассиси

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг