Бош саҳифа / Жамият / Адибнинг мухлисаси

Адибнинг мухлисаси

Тоғай Мурод услуби ноёблигича қолаётир. Унга баҳс қилиб, кўр-кўрона тақлид этиб, эргашиб кўришди. Ҳеч ким уддасидан чиқа олмади.
Яқинда “Сурхон тонги” газетасида “Бу дунёда ўлмайсиз, ўлолмайсиз!” эссесининг муаллифи буни уддалагандай кўринди. Эсседаги гап тузилишлар, оҳанг беихтиёр буюк адиб услубини ёдга солади.

“Бу гап Тоғай Муродга ўша пайтларда Сурхон ерларидан бир сочини тараган қиз топилмаганмикан, деган гап бўлди. Бу гап агар Сурхондарёдан чеча топилганда, Тоғай Муроднинг чироғини ёқиб, шу ерларда ўтирармиди, деган гап бўлди. Бу гап менинг ичимдаги гап бўлди. Бу гап менинг ҳеч кимга айтолмаган дардим бўлди”.

Эсседа шу оҳанг, шу тарона бир зайлда сақланган. Эссени мутолаа қилар эканман, хаёлим узоқларга парвоз қилди. “Термиз оқшоми” газетаси муҳаррири Шўрчидаги етакчи коллежлардан бирида директор бўлиб ишлаётган опа ҳақида очерк ёзишимни илтимос қилди. Бордим. Эшикни очсам, юз-кўзларидан бир олам нур ёғилиб, бир жувон ўтирибди. Танишгач, диққатимни стол устида турган Тоғай Муроднинг “Қўшиқ” китоби тортди. Қўлга олдим. Унинг тагидаги асарлар ҳам Тоғай Муродники экан. Хаёлимдан кўтарилмайди. Чунки Тоғай Муроднинг ҳақиқий мухлисига, китобхонига дуч келгандим. Шундан бўлса керак кеч куз қуёши уфққа яқинлашиб қолган бўлса-да, бизнинг суҳбатимиз тугай демасди. Директорнинг ўзи ҳам, сўзлари ҳам ипакдай мулойим эди. Аммо коллеж ўқитувчиси Ойбек Баротов шундай бир воқеани ҳикоя қилиб бердики, ўрни келганда, ипакдай майин инсон пўлатдек қаттиқ бўларкан.

Суҳбат асносида Тоғай Муроднинг “Отамдан қолган далалар” романидаги даҳшатли бир воқеа кўз ўнгимда жонлангандай бўлди.

— Пахта терими авж палласига кирган кунларнинг бири эди, — деди ўқитувчи Ойбек Баротов. — Тонг отмасидан туриб, пахта ташвишига тушамиз. Коллежга келмаган ўқувчиларнинг уйларига бирма-бир кириб, теримга жалб қиламиз. Кун бўйи пахта териш норасидаларнинг жонига теккан.

Бир куни ҳашарчи-ўқувчини қориндорлигидан пишнаб нафас оладиган фермер “Нега пахтани бир чигит қилиб тердинг”, деб уриб, бурнини қонатибди. “Термасанг, йўқол!” деб дўқ ураётир. Ўсмир-талаба ўртоқлари олдида йиғламоқдан нари-бери бўлиб, бошини эгиб турибди. Афти-ангори қон. Бу ҳолатга директоримиз тоқат қилолмади. Унинг ранги ўзгариб кетди. Жаҳл билан улар томон шошилди. Йўл-йўлакай, ғўзапоянинг бир-иккитасини суғуриб олди. У билан фермерни ура кетди. Ураркан: — Бу бола-менинг болам, қошу кўзидан тортиб, кипригигача мен жавобгарман. Сенга айтай. Пахтани мен ҳам, бу йигитча ҳам эккани йўқ, уни сен эккансан. Керак бўлса, ўзинг териб ол. Белингда майибинг борми? Унинг нонини ейсан. Нега болани урасан, нега турткилайсан? Бундан кейин бировга ножўя қўл теккизсанг…— дерди. Фермер лапанглаб қочар, директор унинг елкасига ғўзапоя билан туширарди. Чиндан ҳам бу воқеа машҳур роман “Отамдан қолган далалар”даги воқеаларга эгизакдай эди. Кейин фермер туман ҳокимига директор опа устидан арз қилди. Воқеа сабабини билган катта раҳбар аксинча фермернинг ўзини “тузлади”, — деган эди.

Мен вилоятимизнинг отахон газетасида ҳамюртим, елкадошим Тоғай Мурод асарлари хусусидаги, унинг услубидаги асарни ўқиб, ҳайратда қолдим. Эссе муаллифи эса мен пахта воқеаси билан тилга олган ўзбегимнинг Барчини, ўшанда коллеж директори, ҳозирда эса вилоят “Сурхон тонги” газетаси бош муҳаррири бўлиб ишлаётган Райҳон Раҳимова эди…

Жўра ҚОДИРОВ,
Олтинсой тумани

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Кўчат экиш савоби

Анас ибн Молик розий аллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллолоҳу ва салламдан ривоят қилади: “Агар бир муслим …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE