Адибга эҳтиром

0
62

Нафақат туркийзабон, балки дунё адабиётининг буюк намояндаси бўлган Чингиз Айтматов ҳаёт бўлганида бу йил 90 ёшга тўлган бўларди. Бугун бирон-бир ўзбек хонадони йўқки, Чингиз Айтматовнинг асарлари кириб бормаган бўлса. Адибнинг “Жамила”, “Бўтакўз”, “Алвидо Гулсари”, “Қирғоқ бўйлаб чопаётган олапар”, “Оқ кема”, “Биринчи муаллим” каби ўнлаб қисса ва повестлари бутун дунёда севиб мутолаа қилинади.

Ёзувчининг ёрқин истеъдоди, адабиётда қолдирган бой маънавий мероси, инсониятни меҳр ҳамда оқибатга ундовчи, ёвузлик ва эзгуликдан бохабар этувчи умрибоқий асарлари томонидан яратилган қаҳрамонлар қиёфасида мудом бизни бўлғуси ҳалокат ва таҳдидлардан огоҳ этаётгандек гўё. Зеро адиб “Асрга татигулик кун”, “Кассандра тамғаси”, “Охир замон аломатлари” каби романлари орқали шунга ишорат қилаётгандек. Таниқли қозоқ адиби Мухтор Шохонов билан суҳбат тарзида ёзилган “Чўққида қолган овчининг оҳи зори” номли китобида нафақат Марказий Осиё халқ лари тарихи, диний эътиқоди, давлатчилик балки, дунё сиёсати, мавжуд ижтимоий ҳолат доноларга хос нуқтаи назар, нуктадонлик билан мавзу доирасида қамраб олинади. Бу сингари адиблар билан қирғиз халқи ҳақли равишда фахрланса арзийди.

Президентимизнинг “Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори халқимиз, жамоатчилик томонидан илиқ қабул қилинди. Шу муносабат билан бугунги кунда республикамизда кенг миқёсли тадбирлар, адабий учрашувлар, давра суҳбатлари бўлиб ўтмоқда.

Куни кеча Термиз шаҳридаги “Амударё” болалар соғ- ломлаштириш оромгоҳида Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллиги муносабати билан адабий тадбир бўлиб ўтди. Термиз шаҳар маънавият ва маърифат бўлинмаси ташаббуси билан уюштирилган тадбирда сўзга чиққанлар адиб ҳаёти ва ижоди ҳақида ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Қизғин кечган адабий кечада ўқувчи ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

М. ҲАЗРАТҚУЛОВА,
Жарқўрғон тумани 11-умумтаълим
мактаби кутубхоначиси

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг