Бош саҳифа / Маданият / Адабий дўстлик – абадий дўстлик

Адабий дўстлик – абадий дўстлик

Бекорга ота юрт атамаси пайдо бўлмаган. Инсон дунёнинг қайси бир жаннат ҳудудида яшамасин, барибир, туғилган гўшаси — ота юртининг сурат ва сийратини бир умр юрагининг қат-қатида эъзозлаб сақлайди. Тожикистоннинг Хатлон вилоятида яшовчи шоир биродаримиз Неъмат Муҳаммад Сайид икки давлат чегараси очилгач, йилига 2-3 марта Сурхон воҳасига келиб-кетарди.

Ҳар ташрифида қуруқ келиб, қуруқ кетмасди. Тожикистондаги ўзбек ижодкорларининг янги чиққан китобларини олиб келарди. Қайтишда эса бир жомадон янги китобларни олиб кетарди. У кишининг ташаббуси билан Тожикистон Республикаси ва Хатлон вилояти вақтли нашрларида воҳанинг ўнлаб қаламкашлари ижодидан намуналар чоп этилганидан хабаримиз бор.

Ёз охирларида Неъмат аканинг энг яқин дўсти, кекса ўқитувчи ва шоир Холиёр Жўрақулов ишхонамизга келди. Қизиқарли суҳбатдан сўнг менга бир китобни узатди-да, маъюсланиб қолди. “Неъмат акага бу гал келиш насиб этмаган экан, шу омонатни сизга бериб қўйишни тайинлагандилар”, — деди. (Аллоҳ раҳмат қилган бўлсин.) Сўнгра оғир сўлиш олди. “Бу тупроқ сўнги нафасгача бизни ўзига тортаверади. Бир ҳафта туман ва қишлоқларингизни айландим. Бир дафтар қораладим”, деди. Дафтарни варақлаб чиқдим. Саксон ёшли ижодкорнинг ота юртга меҳр-муҳаббати ва соғинчи йўғрилган айрим битикларни Сиз, азиз ўқувчилар ҳукмига ҳавола қилмоқликни лозим топдим.

Сафар ОМОН

Севишга ҳақим бор…

Бойсундан Боботоғ, то Жайхун қадар,
Бу кенглик сиғмади тасаввуримга.
Чиройинг чизолмас гўзал нақадар,
Ачиндим қорачиқ — мусаввиримга.
Бу воҳа — Сурхондир, сеҳрли Сурхон,
Бағрига чорловчи меҳрли Сурхон!

Термизда саратон, Бойсунда баҳор,
Айни қизғалдоқлар очган қулочин.
Вахшивор, Сангардак тоғларида қор,
Бозорда тар мева тўкину сочин.
Ҳар гўшанг экан-а, очил дастурхон,
Қадамда мўъжиза, сирлисан Сурхон!

Қиру адирларинг, далангни кездим,
Ҳис этдим, яшариб кетгандай юрак.
Ҳазорбоғ, Синанинг узумин сездим,
Кузакда улардан бол томса керак.
Яшариб яшнаган, воҳасан Сурхон,
Ўзбек диёрида танҳосан Сурхон!

Элингнинг тенг ярми шоиру бахши,
Балки улар сони ҳазор-ҳазордир.
Шоберди Болтаси ўзбекнинг нақши,
Менимча, етуги Абдуназардир.
Бахшилик мактабин яратган Сурхон,
Дўмбира оҳангин таратган Сурхон!

Чашма-булоқларинг азалдан шифо,
Бир ҳўплам ичсанг бас, чанқоқ қонадир.
Ваъдаси бор экан,минг дардга даво,
Қуминг ҳам, чашманг ҳам давосан Сурхон,
Тенги йўқ, чиройли маъвосан Сурхон!

Ёшлик-болалигим Сурнайтепада
Ўтган дамларингни ҳамон эслайман.
Серсоя гужуми баланд супада,
Хаёлчан онларим ҳамон қумсайман.
Мен сени севишга ҳақим бор Сурхон!

Қизлар бордир куйиклида…

Қумқўрғонда бир қишлоқ бор номи қизиқ,
Куйикли деб аташаркан аҳли суйиб.
Қулоғида тилла балдоқ, қўлда узук,
Тақмасалар қизлар юрар қовоқ уюб.

Таърифи йўқ, Сизга айтсам куйикларнинг
Лайло дейми ёки Барчин, барно қизи.
Ошиқларга атаб қўйган суюклининг,
Бордир айтар нозик, нордон, ширин сўзи.

Куйиклидан қиз олмоқчи йигитларга,
Айтар сўзим, аваламбор ўйлаб кўринг.
Ёқадими қизлар шарти-ўгитлари,
Мосми сўзи, тенгми ўзи бўйлаб кўринг.

Ваъдасининг совғасига учмайди-ей,
Куйиклидан қиз олганлар қолмас куйиб.
Қалбига чўғ-оташ солсанг, ўчмайди-ей,
Муҳаббатнинг булоғидан ичгин тўйиб.

Куйиклининг куйдирмажон қизларида,
Ноз аралаш жиндаккина “ғовға”си бор.
Оҳу мисол, хумор боққан кўзларида,
Бир умрлик вафо деган совғаси бор

Холиёр ЖЎРАҚУЛОВ,
Хатлон вилояти, Шаҳритуз тумани,
Тортқи қишлоғи

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Халқаро хунармандчилик фестивали

Сурхон воҳаси делегацияси Қўқондаги халқаро фестивалда фаол иштирок этмоқда. Қўқон шаҳрида илк бор Халқаро ҳунармандчилик …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE