Бош саҳифа / Жамият / Абжир устага иш кўп

Абжир устага иш кўп

Ўзбекнинг қурилиши кўп. Баҳор келиб, кунлар исиши билан биров уй қураман дейди, бошқаси ошхонамни созлай дейди.

Яна биров молхона қуриш ташвишида бўлади. Шундай пайтда усталарга эҳтиёж сезилади. Ҳар бир киши уйимни моҳир уста қурсин, деб абжир уста излайди.

Ҳар бир қишлоқнинг устаси бор. Термиз туманидаги “Солиобод” маҳалласида ҳам элнинг ишончини қозонган, одамларнинг кўнглидагидай ишлайдиган усталар анча. Улар орасида моҳири Ёдгор Эсоновдир. Ёдгор ҳар қандай иморатнинг пойдевори-дан тортиб, устини ёпишгача, уйнинг эгасига калитни топширгунча бўлган барча ишларни қойилмақом тарзда бажаради. Шунинг учун ҳам буюртмачиси кўп, талабгори кўп. Иши шунчалик пухтаки, ҳар бир қурилиш хом-ашёсини тежамкорлик билан жой-жойида ишлатади ва унга иш буюрганлар рози бўладилар.

Ёдгорнинг бирор кун бўш юрганини кўрмайсиз. Бир қарасангиз бир одамнинг уйида пойдевор тиклаш билан банд, бир қарасангиз ғишт қуйиб турган бўлади. Яна бир қарасангиз бир иморатнинг томини ёпаётганини кўрасиз.

Абжир Ёдгорга устачилик отасидан мерос. Раҳматли Бекпўлат ака қишлоқнинг олди устаси эди. Бош фарзанди ақлини таниганидан ёнига олиб юриб, уй қуришнинг барча сирларини ўргатарди. Ҳали мактабда ўқиб юрган кезлари ҳамма тенгдошлари мол боқиб, ўт тергилаб юрганда Ёдгор отасига эргашиб том ёпиш, ғишт териш, қумсувоқ қилиш, эшик, дераза ромларини ўрнатиш сирларини пухта эгаллаганди. Ўнинчи синфни битирганда мустақил равишда буюртма олиб, уй қура бошлади. Ўзида ҳам қурилиш ишларини бажаришга қизиқиш, ҳавас баланд эди.

Мактабни битиришганда синфдошлари қатори Ёдгор ҳам олийгоҳга ўқишга киришга уриниб кўрди. Лекин омади чопмади. Бундан у сира тушкунликка тушмади. Чунки гулдай ҳунарни эгаллаганди. ғишт қуйиш ва териш, қумсувоқ қилиш, том ёпиш учун ҳам аввало қизиқиш, ҳаракат, энг муҳими, қунт, сабр-бардош талаб этилади. Бу фазилатлар Ёдгор феълида ёшликдан шаклланганди. У нон топиб ейиш машаққатлар эвазига бўлишини отасидан ўрганганди.

Биласиз, иморат қурмоқчи бўлганлар ҳаммага ҳам уй қуришни ишониб топширавермайди. Чунки уй қуриш учун анча маблағ сарфланади. Ҳеч ким катта харажатлар эвазига бунёд этиладиган уйи қурилишини нўноқ устага бериб қўймайди. Ёдгорнинг қурган уйларини кўрганлар ёш устанинг иши пишиқлигини билиб “мен ҳам уй қурсам Ёдгорни чақираман”, дейишарди. ғирромликни билмайдиган, бировнинг мулкига хиёнат қилмайдиган, ишини пухта бажарадиган, нафси унча баланд бўлмай, дейлик, ғишт теришда юқори баҳо белгиламайдиган, ҳар қурилиш хомашёсидан фойдаланишда етти ўлчаб бир кесадиган Ёдгор уста мана 16 йилдирки, уй қуради, қишлоқдошларининг ҳожатини чиқариб келаяпти.

— Ишлайман деган одам учун қишлоқларимизда ҳам иш кўп. Пул топаман деб бегона юртларга бориб овораю саргардон бўлиб юриш шарт эмас, — дейди Ёдгор Эсонов.— Элимиз йил сайин бойиб бораяпти, турмушлари фаровонлашаяпти. Меҳнат қилиб, пул топган одамлар замонавий уйларда яшашни исташаяпти. Моҳир, абжир устага иш, буюртма кўп. Қўлингда ҳунаринг бўлса, пул сени қувиб юради, деганлари рост. Эпчил уста бўлиш учун, аввало дангасаликдан қочиш, сўнгра ҳар ишни моҳирлик ва қунт билан буюртмачининг кўнглидагидай адо этиш керак. Шунда устанинг ошиғи олчи бўлади, буюртмачилари кўпаяди. Эл орасида ишлаб, устачилик қилиб кам бўлганимиз йўқ, эл қатори яшаяпмиз…

Ҳар йили камида беш-олти иморатни пойдеворидан бошлаб, то калитини топширгунча бўладиган бун- ёдкорона ишни пухта дўндириб, буюртмачиларни хурсанд қилиб келаётган моҳир уста Ёдгор Эсонов шу йиллар давомида ҳунарини бир неча нафар ёшларга ўргатди. Бугунги кунда шогирдлари ҳам мустақил равишда қишлоқдошларига замонавий уйлар қуришмоқда. Ёдгор устанинг шогирдларидан энг абжири, энг маҳоратлиси — укаси Сирожиддин. У акаси билан ишлаб, уй қуришнинг барча сирларини ўрганган. Айниқса, Сирожиддин қумсувоқни қойилмақом тарзда бажаради. Унинг иши пишиқ, сифатли. Сирожиддин қумсувоқ қилган уйларнинг қумсувоғи узоқ йиллар мустаҳкам туради. Қисқаси, ака-ука усталарнинг харидори кўп, буюртмаси кўп. Йилнинг тўрт фаслида ҳам улар учун бўш куннинг ўзи йўқ.

Саидвафо БОБОЕВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ногиронлар – эътиборда

Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, айниқса, уларга сифатли тиббий хизматлар кўрсатиш, зарурий тиббий-ижтимоий …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE