Бош саҳифа / Жамият / Қабристонларни зиёрат қилиш

Қабристонларни зиёрат қилиш

қоидаларидан хабардормисиз?

Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан одатга кўра, юртдошларимиз қабристонларни зиёрат қилишади. Албатта, зиёрат қилувчи инсонлар учун кўплаб фойдалар бор. Динимизда ҳам қабрларни зиёрат қилишга тарғиб этилади.

Бундан  кўзланган мақсад эса дунёнинг ўткинчилиги, ўлим ва охиратнинг ҳақ эканлигини, бир кун келиб зиёрат қилаётган киши ҳам шу манзилгоҳдан ўз жойини олиши ва қилмишларига яраша муносабат кўришини эслатишдир. Аммо, зиёрат қилиш амалларига ҳар доим ҳам амал қилинавермайди.

Жумладан, пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида шундай деб марҳамат қилганлар:   “Қабрларни зиёрат қилинглар, чунки у охиратни эслатади”. Қабристонга имкон қадар таҳоратли, пок ҳолда кирган афзал, дабдаба билан, ясан-тусан қилиб кириш макруҳ, чунки бу жой охиратни эслаш, хокисорлик изҳор этиш демакдир. Зиёрат асносида қабрлар устини босмасдан, белгиланган йўлаклардан юриш лозим. Чунки қабр устини босиб оёқ ости қилиш гуноҳ ҳисобланади.

Қабристонларга мевали, қимматбаҳо, ноёб дарахт ва ўсимликларни экиш мумкин эмас. Бу зиёратга келган инсонларни кўзланган мақсаддан чалғитиб қўяди. Шу билан бирга қабр устига қимматбаҳо тош ва мармарлар ўрнатиш, уларга марҳумнинг сурати ва ҳар хил битикларни ёзиш мумкин эмас. Хусусан, Қуръони карим оятларини ёзиш мутлақо жоиз эмас. Негаки, бу Аллоҳнинг оятини таҳқирлаш саналади. Имом Муслим ривоят қилишича, “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам қабрларнинг гипс билан сувалишидан, уларнинг устига ўтиришдан ва бино қуришдан қайтарганлар”. Қабр устидаги кўкариб турган ўсимлик, дов-дарахт ва майсаларга тегилмайди, чунки уларнинг тасбеҳидан майитга манфаат бор. Қуриган ўт-хасларини йиғиштириш қабрни обод қилиш   савоб бўлади.

Айтиш керакки, қабристон ва зиёратгоҳлар масъул мутасаддилар томонидан муҳофаза қилиниши лозим. Яъни, қабристон ҳудудини панжара ёки девор билан ўраш, унга кириш учун алоҳида йўлак очиш ва дарвоза ўрнатиш, чорва ёки ёввойи ҳайвонларнинг киришини олдини олиш, зиёратга келганлар қабрларни босмай ўтишлари учун қулай йўлаклар ўтказиш, тиловат ва дуо қилиш учун махсус ўриндиқлар ўрнатиш, зиёратга келган кишиларга зиёрат одобларини эслатиб, ножоиз, хурофий амалларни қилишларидан қайтариб туриш қабристон масъулларининг вазифаси саналади. Демак, қабристонларнинг масъуллари қабристон зиёратига оид бўлган динимиз таълимотларидан ҳам етарли даражада маълумотга эга бўлишлари лозим. Инсон азиз экан, хотираси ҳам азиздир. Қабристонларни обод қилиш тирикларнинг бурчи ҳисобланади.

А.ҲАБИБУЛЛАЕВ,
Шўрчи туман имом хатиби

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ўзимизни қачон топамиз?…

Эл нетиб топгай мениким, Мен ўзимни топмасам.А.Навоий Мавзуни бежиз Навоий ҳазратларининг ҳикматли иборасидан бошламадим. Хўш, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE