Бош саҳифа / Таълим / Абитуриентлар учун яна бир имконият

Абитуриентлар учун яна бир имконият

Хорижий тилларни пухта ўрганишнинг фойдалари кўп. Улар қаторига жорий йил 13 май куни ҳукумат томонидан қабул қилинган янги 395-сонли қарор билан абитуриентлар учун яна битта имтиёз қўшилди.

У ҳам бўлса чет тилларини билиш даражасига қараб махсус малака сертификатига эга бўлганлар учун тест имтиҳонларидан озод бўлиш имкониятидир. Яъни тест синовлари мажмуасига чет тили блоги биринчи бўлган бакалавриат таълим йўналишларига В2 ва ундан юқори даражали миллий сертификат, IELTS 5.5, TOEFL IBT 72, Cambridge Assessment English FCE халқаро имтиҳон тизимлари бўйича тилни билиш даражалари сертификати соҳибларига биринчи блокнинг максимал балли берилади ва улар тест топширишмайди. Тест синовлари мажмуасига чет тили блоги биринчи бўлмаган фан сифатида киритилган бакалавриат таълим йўналишларига ҳужжат топширган ва миллий ёки халқаро сертификатнинг В1 даражасига эга бўлган абитуриентларга эса ушбу фандан имтиҳонларсиз белгиланган максимал балл берилади.

Мазкур сертификатлар қарор асосида қабул қилинган “Чет тилини билиш даражасини аниқлаш ва малака сертификатини бериш тартиби тўғрисида”ги Низомга мувофиқ тақдим этилади. Низомга кўра талабгорлар билими беш босқичли имтиҳонда Давлат тест маркази томонидан синовдан ўтказилади. Улар қуйидаги босқичлардир:

1.      “Аудиалаш” бўлими – оғзаки нутқни қабул қилиш кўникмалари, эшитилган матнлардаги асосий фикр ва детални тушуниш маҳоратини текширади.

2.      “Ўқиш” бўлими – ярим аутент ва аутент матнларни, ўқилган матнлардаги асосий фикр ва детални тушуниш маҳоратини аниқлайди.

3.      “Лексика ва грамматика компетенцияси” бўлими – грамматик тузилиш ва луғат заҳирасини фарқлаш ҳамда улардан тўғри фойдаланиш маҳоратини синовдан ўтказади.

4.      “Хат” бўлимида тегишли даражадаги грамматик тузилишдан ва луғат заҳирасидан фойдаланган ҳолда берилган мавзулар бўйича бир-бири билан боғланган матнлар тузиш талаб этилади.

5.      “Сўзлаш” бўлимида эса имтиҳон топширувчи тегишли даражадаги грамматик тузилишдан ва луғат заҳирасидан фойдаланган ҳолда берилган саволларга мос жавоб бериш ва ўз нуқтаи-назарини асослаши лозим бўлади.

— Чет тилини билиш даражасини аниқлаш ва малака сертификатини бериш бўйича имтиҳонларга талабгорлардан 26 мартдан 26 апрелгача ҳужжатларни қабул қилгандик, — дейди Давлат тест маркази вилоят бошқармаси бошлиғи Ёқубжон Каримов. — Имтиҳонларнинг дастлабки 4 босқичи 29 апрелдан 7 майга қадар Тошкент шаҳрида, сўнгги “сўзлаш” бўлими эса 14-15 май кунлари вилоят санъат мактаб-интернатида бўлиб ўтди. Унда 408 нафар сурхондарёлик талабгорлар ўз имкониятлари ва билимини синовдан ўтказишди. Натижалар эса тез кунларда Давлат тест маркази томонидан эълон қилиниши кутиляпти.

Албатта, илм олишга иштёқи баланд, доим ўз устида ишлаб, хорижий тилларни пухта ўзлаштирган иқтидорли ёшлар бундай имкониятдан унумли фойдаланишади.

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Билимлилар синовларда сараланмоқда

Йилдан йилга севган соҳалари бўйича таҳсил олиб, олий маълумотли бўлиш илинжида бўлган ёшларимиз сафи тобора …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE