Бош саҳифа / Сиёсат / АҲОЛИ САЛОМАТЛИГИ ЙЎЛИДА

АҲОЛИ САЛОМАТЛИГИ ЙЎЛИДА

Маълумки, ўтган йил 31 октябрда Президентимизнинг “Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди. Бунга кўра, 2017 йилнинг 1 январидан четдан олиб келинадиган ва мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларидан сотиб олинадиган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларини улгуржи ва чакана сотиш, уларни етказиб беришда иштирок этувчи воситачилар сонидан қатъий назар, улгуржи савдо учун сотиб олинган қийматидан 15 фоиздан, чакана савдо учун улгуржи нархидан 20 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорларда белгиланадиган чекланган савдо устамалари қўлланилган ҳолда амалга оширилади.

Шу билан бирга, қарорда давлат органлари зиммасига ҳам бир қатор вазифалар юклатилди. Жумладан, Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги зиммасига рўйхатга киритилган импорт дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларини харид қилиш учун тендер савдолари ўтказиш вазифаси юкланди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига энг муҳим дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларининг барча дорихоналар учун мажбурий минимал рўйхати, шунингдек, шифокор рецептисиз бериладиган дори-дармон воситалари рўйхатини тасдиқлаш, унга зарурат туғилганда белгиланган тартибда ҳар йили ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, юридик шахслар томонидан дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларига нарх белгилаш тартиби қўпол бузилганлиги учун лицензияни бекор қилиш шартлари, шунингдек, минимал рўйхат бўйича мажбурий талабларни назарда тутган ҳолда, бир ой муддатда фармацевтика фаолияти тўғрисидаги лицензия шартномасига қўшимчалар киритиш, шифокорларнинг дори-дармон воситаларини тавсия этиш ва дорихоналарда дори-дармон воситаларини бериш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳасини икки ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритиш ва унда белгиланган тартиб бузилишига йўл қўйган шахсларга нисбатан қатъий жавобгарлик чораларини кўриш каби топшириқлар берилди.

Бундан ташқари, республика Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлимлари зиммасига дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларининг улгуржи ва чакана савдоси билан шуғулланувчи ташкилотларга уларнинг нархини давлат томонидан белгиланган тартибга риоя этишни тизимли асосда назорат қилиш вазифаси юклатилди. Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида бугунги кунда мутасадди идоралар томонидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи билан барча дорихоналарда бўлиши мажбурий бўлган 76 турдаги дори воситалари ва тиббий буюмлар рўйхати ҳамда 2033 турдаги рецептсиз бериладиган дори воситалари рўйхати тасдиқланди. Айни пайтда дорихоналардаги “Истеъмолчи” бурчакларида юқорида келтирилган дори воситалари ва тиббий буюмларнинг рўйхатларини жойлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда республика Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан тасдиқланган графикка асосан ўтган йил охирида Термиз шаҳридаги “Ёшлар маркази”да бош қармамиз ходимлари, соғлиқни сақлаш бошқармаси мутасаддилари, дори воситалари, тиббий буюмларнинг улгуржи ва чакана савдоси билан шуғулланувчи хўжалик юритувчи субъектлар вакиллари иштирокида юқоридаги мазмун-моҳияти юзасидан ўқув-семинар бўлиб ўтди. Бундан ташқари, бошқармамиз томонидан вилоятимиздаги дори воситалари ва тиббий буюмлар савдоси билан шуғулланувчи 200 дан ортиқ хўжалик юритувчи субъектга хатлар тақдим этилди ва тушунтиришлар берилди.

А. БОБОМУРАТОВ,
республика Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг вилоят ҳудудий бошқармаси бўлим бошлиғи

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Хатосини тан олди

Дин инсонни гуноҳдан, ёмон ишлардан сақловчи, виждон поклигини таъминловчи кучдир. Диний билимларни яхши ўзлаштирган инсон …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan