Бош саҳифа / Жамият / Аҳоли маҳалла фаолиятидан розими?

Аҳоли маҳалла фаолиятидан розими?

«Маҳалла раислари ҳеч кимга ёрдам бермайди, фақатгина ўзига тўқ хонадонларга кўмаклашади, ёшга доир нафақаларни ҳам бойларнинг фарзандлари олади, оддийгина маълумотнома бериш учун ҳам пул талаб қилишади», деган гаплар одамлар орасида болалаб кетган.

Хўш, аслидачи? Аслида ҳам маҳаллада фаолият олиб бораётган аксарият раҳбарлар бир-ёқлама фаолият юритадими ёки фуқароларда бу каби тушунчалар ноўрин шаклланиб қолганми?

Аслини олганда, бугун маҳалла оқсоқоллари қандай вазифалар билан шуғулланаяпти? Аҳоли ўртасида маҳаллага нисбатан қандай муносабат устунлик қилмоқда? Бу каби саволларга ойдинлик киритиш мақсадида Қумқўрғон туманидаги “Пахтаобод” ҳамда “Мунчоқтепа” маҳалла фуқаролар йиғинига ташриф буюрдик.

Дастлаб, ушбу маҳаллаларнинг идораси билан боғлиқ муаммоларга дуч келасиз. Негаки, “Пахтаобод” маҳалласининг идораси ҳудуддаги 8-умумтаълим мактабининг ошхонасида жойлашган. “Мунчоқтепа” маҳалла идорасининг ҳам ҳолати мақташга арзигулик эмас.

Ушбу масала юзасидан туман “Маҳалла” хайрия жамғармаси раҳбари Исмоил Усанов билан боғландик. У кишининг айтишига қараганда, туманда 63 та маҳалла мавжуд. Шу кунга қадар 6 та маҳалла идораси янгидан қурилган ҳамда 2 та фуқаролар йиғини идораси яқин кунларда фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Келгуси йилда яна 3 та маҳалла идораси қурилади. Айни пайтда эса 19 та фуқаролар йиғинининг идораси йўқлиги туфайли турли хил ташкилотларнинг бўш турган биносида вақтинча фаолият юритаяпти.

“Пахтаобод” фуқаролар йиғинига Бозор Абдуллаев раислик қилиб келмоқда. 5380 нафар аҳоли истиқомат қиладиган маҳаллада 1132 та оила мавжуд бўлиб, шундан 32 таси кам таъминланган оилалар сирасига киради. Маҳаллада жами 35 нафар фуқаро 14 ёшгача бўлган болаларга бериладиган нафақа пулини олади. Июнь ойидан буён жами 8 нафар фуқаро моддий ёрдам билан таъминланган.

Маълумотларга қараганда, йил бошидан бери аҳолидан 196 та мурожаат келиб тушган, шундан 98 таси қаноатлантирилган. Қолган мурожаатлар эса ўрганиб чиқилиб, тегишлича жавоб берилган. Мурожаатларнинг асосий қисми газ баллонларига бўлган эҳтиёж ҳамда 2 ва 14 ёшгача бўлган болалар пули олиш билан боғлиқ. Бундан ташқари, моддий ёрдам сўраб мурожаат қилганлар ҳам кўпчиликни ташкил қилади.

Бундан чиқди, бугунги кунда аксарият фуқаролар маҳаллани фақат эҳтиёжманд оилаларга ёрдам бериш маскани, деб ҳисоблайдиган кўринади. Унутмаслигимиз керакки, маҳалла фақатгина маиший эҳтиёжларни қондириш идораси эмас. Инсоннинг тўрт мучаси соғ экан, турмуш тарзини яхшилаш йўлида ўзи ҳам муносиб ҳаракат қилиши лозим.

—    Яқинда маҳалламизда 380 хўжаликни ичимлик суви билан таъминлайдиган артезиан қудуғи қазилди, — дейди маҳалла раиси Бозор Абдуллаев. — Маҳаллада истиқомат қилаётган ҳар бир оила эътибор марказимизда. Кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар, ёшга доир нафақа олувчилар, ногиронлар ҳолидан хабар олиб турамиз. Маҳаллада яшовчи, чин етим ҳисобланадиган 12 ёшли қизни Бухорода даволатиб келиш учун ҳомийлар топиб кўмаклашдик. Иш сўраганларнинг ҳам 8 нафарини жамоатчилик асосида ишга қабул қилдик. Кредит олиш борасида ҳам фуқароларга йўл-йўриқ кўрсатаяпмиз.

—    Жорий йилда уйимни таъмирлаб беришди, — дейди боқувчисини йўқотган Шахзода Кўчарова. — 3 нафар фарзандим билан қийналиб қолган эдик. Маҳалла оқсоқолларидан, туман ҳокимлигидан миннатдорман. Янги уйда яшаш завқи бош- қача бўлар экан. Энди ишга кирмоқчиман. Мен ҳам маҳаллага суяниб оёққа туриб олсам, албатта, жамият ривожи учун ўз ҳиссамни қўшаман.

“МУНЧОҚТЕПА”-
ЛИКЛАРНИНГ ДОДИНИ КИМ ЭШИТАДИ?

Бу ердан чиқиб, “Мунчоқтепа”га йўл олдик. Норқобил Абсаттаров раҳбарлик қилаётган маҳаллада 3702 нафар фуқаро истиқомат қилади. Жами 898 та оила мавжуд бўлиб, шундан 10 таси кам таъминланган оила ҳисобланади. Жорий йилда фуқаролардан 52 та мурожаат келиб тушган.

—    Ҳозирги кунга қадар 108 нафар фуқаронинг газ баллони бўйича аризаси турибди, — дейди маҳалла раиси Норқобил Абсаттаров. — Улар бир йилдан буён газ баллони ололмаяпти. Чунки йил бошидан буён Шўрчи туманлараро газ таъминоти участкаси Қумқўрғон бўлимидан бир дона ҳам газ баллони ололганимиз йўқ. Кўплаб фуқароларимиз ёшга доир нафақа сўраб мурожаат қилишаяпти. Уларга нафақаларни бериш бўйича “Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низом асосида мурожаатлар ўрганиб чиқилиши ва лойиқ деб топилсагина нафақа тайинланишини кўп бор уқтирганмиз. Минг афсуски, уларнинг онгига маҳалла раислари, котиблар ўзларининг таниш-билишига ёрдам беради, деган фикр ўрнашиб қолган. Газ баллони билан боғлиқ яна бир муаммо шундаки, маҳалладаги 48 нафар фуқаро маҳалланинг баённомасиз Шўрчи туманлараро газ таъминоти участкаси Қумқўрғон туман бўлимидан тўғридан тўғри газ баллони олган. Уларнинг қандай тартибда олгани бизга қоронғу.

Ушбу муаммоли масала юзасидан Шўрчи туманлараро газ таъминоти участкаси Қумқўрғон бўлими етакчи муҳандиси Абдухолиқ Хуррамов билан боғландик. Унинг айтишича, жорий йил бошидан буён туманга 7262 та газ баллони келтирилган. Шундан 139 таси “Мунчоқтепа” маҳалласига берилган. Маҳалла аҳолисининг айримлари ҳукумат порталига, вилоят ҳокимининг сайёр қабулига қилган мурожаати туфайли ҳам маҳалладан баённома олиб келмасдан, фақатгина яшашини тасдиқловчи маълумотнома асосида газ баллонини навбатсиз олган. Бундан ташқари, маҳалладан бериладиган маълумотнома билан I-II гуруҳ ногиронлари, айрим боқувчисини йўқотган оилаларга ҳам тўғридан-тўғри газ баллони берилган.

Энди маҳалла раисининг “жорий йилда бир дона ҳам газ баллони маҳаллага ажратилмаган, маҳалланинг 48 нафар фуқароси эса ноқонуний равишда газ баллонини туман газ таъминотидан олган”, деган фикрини бир ўйлаб кўринг. Бундай тушунмовчиликлар келиб чиқмаслиги учун Шўрчи туманлараро газ таъминоти участкаси Қумқўрғон бўлими ва маҳаллалар ўртасида доимий ҳамкорлик яхши йўлга қўйилиши керак эмасмиди?

ГАПИ ЎТМАГАН РАҲБАРНИНГ
РАҲБАРЛИГИ ҚАЕРДА ҚОЛАДИ?

Маҳалла раисининг сўзларига қараганда, бу ердаги савдо дўконларида спиртли ичимлик сотилади. Ҳудудда жойлашган Иброҳим Каримов раҳбарлик қилаётган “Али” тўйхонаси тунги соат 1-2ларда ҳам ёпилмайди. Тўйхона раҳбари билан маҳалла оқсоқоллари гаплашганда, “Давлатга кредит тўлаяпмиз, бизга халал берманглар” қабилидаги жавоб олишган. Бу маҳалла профилактика инспектори Икром Хўшбоқовнинг ҳам эътиборидан четда қолган. Аслида раиснинг гапига қараганда, у икки ойдан бери қорасини кўрсатмаган. Аксарият ҳолларда жанжал-тўполонлар, аввало, спиртли ичимлик ичиш натижасида содир этилишини ҳисобга олсак, маҳалладаги ярим тунда ҳам ёпилмайдиган тўйхона ва ичкилик сотадиган дўконлар фаолияти назоратга олинмаганлигига бефарқ қараш мумкинми? Бундан маҳалла оқсоқоли хабардор бўла туриб, профилактика инспекторини баҳона қилиб, муаммоларнинг олдини ололмаслигига қандай қараш мумкин?

Бу масалага ойдинлик киритиш мақсадида туман ички ишлар бўлим бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари, подполковник Ғайрат Ашуров билан боғландик. У киши бизга “Мунчоқтепа” фуқаролар йиғини раиси томонидан Икром Хўшбоқовнинг ўз хизмат вазифасини бажармаётгани юзасидан билдирги берилган. Ушбу ҳолат бўйича И. Хўшбоқовга огоҳлантириш берилди. Тўйхона ва ичкилик сотадиган дўконлар масаласига келадиган бўлсак, туман солиқ инспекцияси билан биргаликда назорат қиламиз. Маҳалла профилактика инспекторининг маҳаллада бўлишини доимий назоратга оламиз”, деди.

Фикримизча, бу масала юзасидан маҳалла раиси ва туман ички ишлар бўлими алоқани яхши йўлга қўйганида бу каби муаммолар келиб чиқмасди.

Биз туман ички ишлар бўлими мутасаддиси билан боғланганимиздан сўнг, “Мунчоқтепа” маҳалла фуқаролар йиғини раиси бизга қўнғироқ қилиб, “профилактика инспектори маҳалла идорасига келиб, узр сўради ва бундан кейин маҳалла фуқаролари билан ҳамкорликда, ҳудуднинг осойишталигини таъминлашга ва хизмат вазифасига астойдил ёндашишга ваъда берди”, деган хабарни айтди.

Маҳаллаларни ўрганиш жараёнида кўплаб хонадонларда бўлганимизда улар маҳалла оқсоқолларига нисбатан эътирозларини яширишмади. Бири газ баллонини вақтида таъминлаб беролмаган раиснинг қўлидан нима ҳам келарди дейишса, яна бири эҳтиёжмандлигимга қарамасдан ёшга доир болалар пулини ололмаяпман, дея жиғибийрон. Яна кимдир эса маҳалламизда 2-3 ойдан бери ичимлик суви билан боғлиқ муаммони ҳал этиш масаласига маҳалла оқсоқоллари бефарқ қарашяпти, дейишмоқда. Бир сўз билан айтганда, бугун маҳалла фуқаролари маҳалла раисларига нисбатан ўринли эътирозлар билдиришаяпти.

Бугун ҳукуматимиз томонидан ўзини ўзи бошқариш органларига кенг имкониятлар берилган. Маҳалла раисларининг ваколат доираси кенгайтирилган бир пайтда айрим маҳалла оқсоқолларининг ўз вазифаларини тўлалигича англаб етмаётгани, тегишли ташкилотлар билан ҳамкорлик қила билмаётгани, қўл остидагиларга сўзини ўтказа олмаётгани, маҳалла аҳлининг ишончини қозона билмаслиги натижасида уларнинг эл орасида обрўйи тушиб кетишига сабаб бўлмоқда.

Адолат МЎМИНОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ҳидоят деб залолатга кетманг!

Юртимизда барча соҳаларда бўлгани каби диний соҳада ҳам катта ўзгаришлар кузатилаяпти. Муқаддас динимизга қаратилган эътибор …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE