Бош саҳифа / Жамият / “Ақлли” бекатлар нега ёпиқ?

“Ақлли” бекатлар нега ёпиқ?

Сурхондарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Баҳодир Пўлатов Термиз шаҳридаги боғча, мактаб, шифохона ва бошқа муҳим ижтимоий аҳамиятга эга бўлган объектлардаги мавжуд аҳвол, уларнинг қишки мавсумга тайёргарлик ҳолатини ўрганди.

Хусусан, Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказининг Термиз филиали ҳамда вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказидаги аҳвол билан яқиндан танишар экан, вилоят ҳокими беморлар учун яратилган шароитлар, дори-дармон таъминоти, таомлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари сифати, санитар аҳвол билан қизиқди. Беморлар билан суҳбатлашиб, палаталар совуқлиги, иситиш тизими ҳамон ишга туширилмаганини кескин танқид қилди.

10-мактабгача таълим муассасаси ҳамда 2-умумий ўрта таълим мактабидаги аҳвол эса янада аянчли. Боғча тарбияланувчилари электр симлари издан чиққан, иситиш тизими ишламайдиган қоронғу ва совуқ хоналарда маш- ғулотларни ўташмоқда. Мактабдаги синфхоналар совуқлигидан мактаб ўқувчилари дарсда қишки кийимларда ўтиришибди. Электр энергиясини тежашмоқчи шекилли, тўгарак машғулоти қоронғу синфхонада олиб борилаётган экан.

Ташрифдан сўнг эса вилоят халқ таълими бошқармасининг хабар беришича, 2-умумий ўрта таълим мактабида қозонхоналардаги камчиликлар бартараф этилиб, барча синф хоналар иситила бошланган. Мактаб ҳовлисида ободонлаштириш ишлари амалга оширилган.

Марказий деҳқон бозори ўрганилганда яроқлилик муддати ўтган озиқ-овқат маҳсулотлари сотилаётганлиги, бу ерда кўплаб савдо ходимларининг на кийими ва на у сотаётган маҳсулотлари мавжуд санитария талабларига жавоб бермаслиги ҳолатлари аниқланди.

Ёзда қуёшдан, қиш ва баҳорда қор ва ёмғирдан сақланиш ва автобус кутиш учун шаҳарда шу кунгача замонавий шароитларга эга 8 та инновацион “ақлли” бекатлар фойдаланишга топширилди. Бугунги совуқ ва ёмғирли кунда эса уларнинг айримларига қулф осилганининг гувоҳи бўлдик. Йўловчилар совуқдан дийдираб ташқарида автобусни кутишга мажбур бўлишмоқда.

Ўрганиш жараёнида аниқланган ушбу ҳолатлар юзасидан мутасаддиларга ўз фаолиятига талабчанлик, жавобгарлик ва масъулият ҳисси билан ёндашиши лозимлиги ва камчиликларни қисқа фурсатларда бартараф этиш тўғрисида қатъий топшириқлар берилди.

Термизга ташриф буюрган киши борки, даст- лаб Археология музейи фаолияти билан танишади. Ўрганиш жараёнида ушбу музейда ҳам бўлган вилоят ҳокими воҳа тарихи ва маданиятига оид экспонатлар сонини янада кўпайтириш, бу ерга ёшларни кенгроқ жалб қилиш, экс курсиялар ташкил қилиш борасида кўрсатмалар берди.

ВИЛОЯТ ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Uchovlonning to’rtinchisi

Ommaviy axborot vositalari odatda to‘rtinchi hokimiyat sifatida tilga olinadi. Jurnalistlar esa bevosita jamiyatda mavjud uch …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan