“Ақлли бекат”лари аҳоли хизматида

0
65

Термизлик Тўхтагул момо Ғуломова бу йил саксон ёшни қаршилади. Унинг кўз ўнгида шаҳарнинг қарийб 70 йиллик, яъни ўтган асрнинг  эллигинчи  йилларидан  бугунги кунгача бўлган  қиёфаси бирма-бир  гавдаланиб  туради.

Икки томони  қамишзор, тез-тез қум  барханлари  бекитиб  қўядиган, арава ва машина изи  билиниб турадиган чанг  йўллар  бугунги  кунда чиннидек асфальтланган, кўпқатновли, тротуарларга  эга, чеккаларида анвойи  гуллар  экилган  серқатнов  кўчаларга  айланди.  Онахон  бирор манзилга борар бўлса, яёв йўлга чиқиб, кейинги  йилларда, тез суратларда  рўй  бераётган  шаҳардаги кенг миқёсли  ўзгаришларни  томоша   қилиб   завқланади.  Хотиралар уйғонади.

Аммо беқиёс ўзгаришлар рўй бераётган бўлса-да, Термизнинг саратондаги   тухумпишар   тафти, жазирамаси ҳамон ўзгармаган.    Тўхтагул момо бунга  ўрганган, аммо кексалик йўлда ўз ўрнини билдириб, иссиқ   ҳаво анчагина толиқтираётган  эди.  Набираси  йўл  ёқасидаги  бекатлардан  бирига  етаклади. Кўча ёқаларида шу кунларда бир-биридан   бежирим  бекатлар  қурилибди. Нафақат ташқи кўриниши чиройли, балки ичкариси ҳам роҳати жон  экан. Салқин, юмшоқ ва  ойнаванд жой. Номи  ҳам  янгича — “Ақлли бекат”.

Воҳа марказида худди шундай иккита инновацион жамоат транспорт бекати фойдаланишга топширилди. “Ақлли бекат” деб номланган замонавий бекатларда иситиш ва совутиш тизимлари, жамоат транспортининг ҳаракат жадвали, атроф-муҳит мониторинги  учун сенсор, бепул Wi-fi интернет тармоқлари ўрнатилган.

Термиз —  серқуёш манзил. Бекатда қуёш энергиясидан фойдаланиб, электр қуввати ишлаб чиқарувчи панеллар ҳам ўрнатилган. Ёриткич ва бошқа қурилмаларнинг барчаси шу йўл билан олинган энергия ҳисобига ишлайди. Шундан келиб чиқиб, бекатларда қуёш панеллари ҳам бўлиб, бу панеллардан олинадиган энергия бекатнинг ёриткичлари ва USB электр тармоғи нуқталарини автоном электр энергия- си билан таъминлаш имконини бераётир. Бекатларга аҳолига қулайлик учун банк тўлов терминаллари ҳам ўрнатилган. Пойабзалларни тозалаш ускуналари эса йўловчиларнинг саранжом-саришта юришларига, жамоат транспортининг озода сақланишига хизмат қилади. Бекатлар атрофи ойнаванд, инновацион лойиҳа асосида. Шу ойналар кеч тушгач катта экран вазифасини бажаради. Уларда турли ижтимоий ва тижорат реклама роликлари намо- йиш этилади. Бу роликларни бекатни ичидан ҳам, ташқарисидан ҳам томоша қилиш имкония- ти  мавжуд.

Кейинчалик бундай бекатлар вилоятдаги бошқа шаҳар ва туманларда ҳам қурилиши белгиланмоқда.

Термиз шаҳар  ҳокимлиги томонидан воҳа марказининг ўзида яна 50 та “Ақлли бекат” барпо этилиши режалаштирилган. Айни кунларда эса яна 8 та ана шундай замонавий  бекатнинг қурилиш ишлари  давом этмоқда.

Сарвар ТЎРАЕВ

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг