Ақл нурномаси

0
80

Илм — инсоният дунёсининг етакчи кучи, тараққиёт гарови. Шу сабабли қадимдан илмга, китобга алоҳида аҳамият берилган ва кўп минг фондли кутубхоналар барпо этилган.

Кутубхоналарда диний ва дунёвий илмга оид китоблар жамланган ва фойдаланилган. Навоий, Фаробий, Беруний, ибн Сино, ал Хоразмий каби аллома-ю фозилларимиз китобни ўзларига энг яқин дўст, илмни ҳаётининг мазмуни, деб билишган.
Жумладан, Абдураҳмон Жомий китобга бўлган меҳр-муҳаббатини шундай акс эттирган:

Жаҳонда китобдан
яхши ёр бўлмас,
Давр ғамхонасида
ғамгусор бўлмас.
Ёлғизлик кунжида
ундан ҳар қачон,
Юз роҳат етар, лек
бир озор бўлмас…

Китоб — офтоб. У ўз нури билан оламни ёритади, инсонларни яхшиликка, эзгуликка, маърифатга, камолотга етаклайди. Китоб кишига руҳий озиқ беради, бадиий дидини ўстиради, фикр-мулоҳаза, тафаккурини кенгайтиради. Шу боис ҳам китоб —адабиётшунос олим Иброҳим Ғофуров айтганидек, илмлар, ҳиссиётлар, ақлларнинг нурномасидир.

Яқинда туманимиздаги маиший касб-ҳунар коллежида ахборот ресурс марказининг тантанали очилиш маросими бўлди. Унда туман ҳокимлиги маҳалла фаоллари, адабиёт ихлосмандлари, ижодкорлар, мактаб директорлари иштирок этиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Бу замонавий кутубхонада барча шарт-шароит муҳайё. Ортиқча буюмлар, қишги кийимлар илиб қўйиладиган гардероблар ва махсус хоналар ташкил этилган. Махсус ўқув зали 20-25 кишига мўлжалланган.

Ҳозирги кунда бу ерда 4 нафар ходим фаолият кўрсатмоқда. Электрон кутубхона интернет тармоғига уланган ва у ерда 16 та компьютер мунтазам ишлаб турибди.
Бугун айрим ёшлар тушуниб-тушунмай ижтимоий тармоқлар таъсирига тушиб қолмоқда. Бундай ҳолатнинг олдини олишнинг йўли ёшларни китоб мутолаасига ошно қилишдир. Бунда албатта, ота-оналар эътиборли бўлишлари лозим. Ҳар бир хонадонда болаларбоп сеҳр ли эртаклар, “Олам ва одам энциклопедияси“, “Болалар энциклопедияси” ва шунга ўхшаш фойдали китоблар бўлиши мақсадга мувофиқдир.

Ёқуб НОРМУРОДОВ,
Шеробод туман
халқ таълими бўлими мудири

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг