Бош саҳифа / Қишлоқ хўжалиги / Аҳиллик самараси

Аҳиллик самараси

Деҳқончиликда йил-йилга ўхшамайди, деган ибора нақадар тўғрилигини ҳис этиб турибмиз. Бу йил чинакам пахта йили бўлди. Ғўза парвариши билан шуғулланган 24 та фермерлик жамоасининг барчаси бугунгача пахта тайёрлаш режасини бажариб, мажбурият ҳисобига ишламоқдалар.

Деҳқонларимиз ҳосил мўл бўлганлигининг асосий омилини нав танлашда  хато қилмаганликлари билан изоҳлашмоқда. 467 гектар майдоннинг ҳаммасига ўрта толали ғўзанинг “Бухоро-6” ва “Бешқаҳрамон” навлари чигити экилиб, парвариш тўғри ташкил этилгани туфайли ҳосил мўл бўлди. Пахтакорларимиз  вегетация даврида ғўза парвариши учун ажратилган маъданли ўғитларнинг бир қисмини суспензияда фойдаланишгани туфайли ҳар туп ўсимликда 20-25 тага кўсак пайдо қилинди.

Тўпланган ҳосилни зараркундалар ва касалликлардан асраш, тунги суғоришни ташкил қилиб, гул, шона, кўсакнинг камроқ тўкилишига  эришиш, далага кўпроқ гўнг киритиш ва суғориш вақтида маҳаллий ўғитни шарбат қилиб оқизишга алоҳида эътибор бердилар. Айниқса, чеканка барвақт ўтказилгани бесамар кетмади. Далаларимизда мўл ва сифатли ҳосил тўплангани туфайли биринчи терим ҳисобига 1200 тонна пахта йиғиб олиб,  режани пешқадамлар сафида адо этдик. Тажрибали деҳқон Холмўмин Ҳамроев бошлиқ “Туркистон” фермер хўжалиги миришкорлари ҳар гектар  пахтазордан 44,2 центнердан хирмон кўтарди. Шуҳрат Ҳақназаров раҳбарлик қилаётган “Вақт ва имконият” фермер хўжалиги деҳқонлари 96 тонна ўрнига 110 тонна, Зиёдулла Мамат қулов етакчилигидаги “Хушбоқ” фермерлик жамоаси 63 тонна, Равшан Ибрагимов саркорлик қилаётган “Жайхун Бандихон” фермер хўжалиги деҳқонлари ҳар гектар пахтазордан 35 центнердан  ҳосил саранжомладилар.

Халқимиз бу мавсум биринчи марта ҳашарчилар ва талабаларнинг ёрдамисиз ҳосилни йиғиштириб олиш мумкинлигини исботлашди. Чунки теримчилар ўз вақтида рағбатлантирилди, ҳар бир фермер хўжалиги дала  меҳнаткашлари учун иссиқ овқат тайёрлаш ва самоварда чой қайнатишни ташкил қилди. Шу боис, ҳозир далаларда терим суръати сусайтирилмаяпти. Мутахассисларимиз ва деҳқонларимиз билан маслаҳатлашиб, даладаги мавжуд ҳосилни инобатга олиб, ҳар гектар  пахтазордан яна 7 центнердан “оқ олтин” олишга қарор қилдик.

Теримни унутмаган ҳолда келгуси йил ҳосили учун ғалла экишни ҳам тезлатаяпмиз. Ҳозиргача 230 гектар ерга уруғ сочилди.

Шафоат АЛИМАРДОНОВ,
Қизириқ туманидаги “Ойбек Бандихон” сув истеъмолчилар уюшмаси раҳбари

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

СОТИХИДАН БИР ТОННАГАЧА

Уй-жойи, томорқаси бор, тоғни урса толқон қиладиган йигитларнинг оиламни  боқаман, деган баҳона билан  хорижий мамлакатларда …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan