Бош саҳифа / Жамият / 8 тоннаю 612 килолик саховат

8 тоннаю 612 килолик саховат

Ўзбек  палови — халқимизнинг нафақат дунёга  донғи  кетган  миллий таоми, балки  унинг  тайёрланиши  қадрият  ва  санъат  даражасига  кўтарилган. Айни  жиҳатлар юртимиздаги  йирик тадбирлар  ва байрамларда, тўйларда яна бир  бор намоён бўлаётир.

Ўзбекистон  Қуролли  Кучлари  ташкил этилганлигининг  26 йиллиги  ва  Ватан  ҳимоячилари  куни  муносабати билан  Денов  шаҳрида  улкан, 8  ярим тонналик байрам оши тайёрланди.

Хабарингиз бор, пойтахтимизда энг катта палов тайёрлаш бўйича дунё рекордини ўрнатиш ва “Гиннес рекордлари” китобига киритиш учун  ўтган  йилнинг 8 сентябрида “Ўзбегим” анъанавий маданият фестивали  доирасида 7 тонна, 360 килограмм ош дамланган ва “Мурувват”, “Саҳоват”, қариялар ва ногиронлар  уйларига  ҳамда  фестиваль  меҳмонларига тарқатилганди.

Денов  шаҳридаги  марказий  ўйингоҳ  ҳам  эрта  тонгданоқ вилоят, туман  ҳокимлиги  вакиллари, санъат  ва адабиёт намоёндалари, ОАВ ходимлари, деновликлар  билан  гавжум  бўлди. Таниқли санъаткорларнинг  чиқишлари   ҳам байрамга ўзига хос кўтаринкилик бағишлаб  турди. 46 нафар моҳир ошпазлар Олмалиқ  тоғкон металлургия комбинатида махсус қуйиб тайёрланган,  диаметри 4,2 метр, сиғими  8 минг 500 литр бўлган йирик  қозонда ош пиширишди. Қозоннинг умумий оғирлиги  7 тонна 70 килограмм, чуқурлиги эса 1 метр, ўчоқнинг оғирлиги  эса 3 тоннани  ташкил  этади.

— Денов ошига  2 тонна 200 килограмм гуруч, 2 тонна  гўшт, 250 килограмм қўй ёғи, 2,5  тонна  сабзи, 250 килограмм пиёз, 210 литр ўсимлик, 250 литр зиғир ва 100 литр писта ёғлари, шунингдек, 70 килограмм туз, 240 килограмм нўхат, 100 килограмм майиз, 5 килограмм зира ва 5 килограмм қора мурч  каби  масаллиқлар  ишлатилди, — дейди  бош  ошпаз  Ғофуржон Абдураҳмонов.

— Бу тантанали тадбирда Ўлмас Ражабов, Жўра Хўжақулов, Карим Қўлдошев, Абдуҳамид  Имомов, Жўра Эшбоев, Аббос Раҳмонов каби кўплаб деновлик моҳир ошпазларнинг машаққатли ва масъулиятли  меҳнати  натижасида  тушга  яқин  палов  тайёр  бўлди. Пишган паловхонтўра кенг жамоатчилик иштирокида тумандаги  маҳаллаларга, ҳарбий қисмлар, мурувват уйи, мактаб-интернат  тарбияланувчилари, беморлар, ногиронлар ва эҳтиёжманд оилаларга  тарқатилди.

Деновлик  ошпазлар  томонидан пиширилган  паловнинг  сурхонча  таъми  тадбирда  йиғилганларга, туман аҳлига  манзур бўлди.

Сарвар ТЎРАЕВ
Икром АМИРҚУЛОВ   суратга олган

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Газетанинг янги сонини ўқинг!

“Сурхон тонги” газетасининг 2020 йил 5 августдаги сонида сиз кутган мақолалар нашр этилган: — “Тез …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan