Бош саҳифа / Жамият / 65 та кам таъминланган оилага уй

65 та кам таъминланган оилага уй

Юртимизда Наврўз нафаси эсиб юрган шу кунларда вилоятимиз аҳли яна бир эзгу амалнинг гувоҳи бўлмоқда.

— Президентимизнинг 2017 йил 12 сентябрдаги “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ кам таъминланган оилалар учун янгидан қурилган уй-жойлар фойдаланишга топширилмоқда. Мазкур қарор асосида ишлаб чиқилган дастурга мувофиқ вилоятда кам таъминланган оилаларга уй-жой қуриб бериш, уй-жойини таъмирлаш, тиббий хизмат кўрсатиш, маиший техника воситалари билан таъминлаш учун Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши томонидан вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасида очилган махсус ҳисоб рақамига 16 миллиард сўм маблағ ташлаб берилди. Ана шу маблағнинг 6 миллиард 965 миллион сўми эвазига 65 та кам таъминланган оила учун янгидан замонавий уй-жой қурилди.

Куни-кеча Жарқўрғон, Бойсун ва Сариосиё туманларида уй-жойга муҳтож 17 та кам таъминланган оилага янги уйларнинг калити давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида тантанали топширилди.

Ҳар бири тўрт сотих ер майдонига эга янги уйларда барча шароит яратилган. Шинам, ёруғ ётоқхона, меҳмонхона, ошхона ва бошқа қўшимча хоналарда барча қулайлик бор.

Дастур доирасида 490 та кам таъминланган оиланинг уй-жойи таъмирланди. 168 нафар кишига тиббий хизмат кўрсатилди, дори-дармон ва тиббий жиҳозлар олиб берилди. 3 минг 10 оила газ плитаси, газ баллони, баллон редуктори, уланиш шланги билан таъминланди. Бундан ташқари, кам таъминланган оилаларга 8,9 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратилди.

Яқин кунларда яна 48 та янги уйнинг ўз эгаларига топширилиши кам таъминланган оилалар учун муносиб туҳфа бўлади.

Уй-жойга эга бўлган оилалар ғамхўрлик учун раҳбарларга миннатдорчилик билдириб, уй тўйлари ўтказишмоқда. Аҳолини ижтимоий ҳимоялаш асосий вазифалардан бирга айланган бугунги кунда ҳеч ким эътибордан четда қолмайди. Уйли бўлган шахслар эса шубҳасиз, юрт тараққиёти учун ўзларининг ҳиссаларини қўшадилар.

Икром АМИРҚУЛОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Газетанинг янги сонини ўқинг!

“Сурхон тонги” газетасининг 2020 йил 5 августдаги сонида сиз кутган мақолалар нашр этилган: — “Тез …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan