Бош саҳифа / Сиёсат / 500 минг ёш касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилади

500 минг ёш касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилади

Бугун ёш-ялангнинг ишлайдиган, меҳнат қиладиган даври. Ҳатто, менга иш беринг, имкониятим ва кучимни сарф этиб ҳалол ишлайман, иссиқхона қураман, тадбиркорлик қиламан дейдиган ташаббускорлари ҳам кераклича топилади. Уларни тўғри йўлга бошқариш, касби бўлмаса ўқитиб, касб-ҳунарли қилиб, бандлигини таъминлаш эса олдимизда турган муҳим масалалардан бири саналади.

         27 январь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилиши мамлакатимизда ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш чора-тадбирларига бағишланди.

Унда, даставвал, 2021 йилда 500 минг нафар ёшларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш зарурлиги айтилди. Чунки, муаммоларнинг 60 фоизи тадбиркорлик фаолияти ва касб-ҳунарга ўқитиш билан боғлиқ.

Қолаверса, «Ёшлар – келажагимиз» жамғармаси билан бирга, икки ойда талаб юқори бўлган 15 та касб-ҳунар ўргатадиган онлайн платформани ишга тушириб, 2021 йилда камида 20 минг нафар ёшларни ўқитилиши ҳам қайд этилди. Бу мақсадлар учун эса жамғармага 20 миллиард сўм маблағ йўналтириладиган бўлди.

Айтиш керакки, бугунги кунда касб ўқитадиган нодавлат таълим ташкилотлари фаолияти йўлга қўйилмоқда. Бироқ, улар асосан, вилоят марказларида жойлашгани учун туман ёшларини қамраб олиш даражаси ўз-ўзидан пастлигича қолмоқда. Бундай таълим марказлари аҳолиси 150 мингдан 200 минггача бўлган 46 та туманда камида 3 тадан, аҳолиси ундан кўп 64 та туманда эса камида 5 тадан ана шундай ўқув курсларини ташкил этилиши бўйича ҳам давлат раҳбари томонидан топшириқ берилди.  Хусусан, вилоятимиз туманларида 1 ой ичида 35 та шундай таълим маркази ташкил этишга вилоят ҳокими Т.Боболов масъул этиб тайинланди.

Бу ишларга эса жорий йилда Жаҳон банкининг 8 миллион доллар кредити ҳамда БМТ Тараққиёт дастури доирасида 3 миллион долларлик грантларни ёшларни ўқитиш ва бандлигини таъминлашга йўналтириш зарурлиги қайд этилди.  

Йиғилишда президент иқтидорли ёшларни кашф қилиш, уларнинг ташаббус ва интилишларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида «Ўзбекистон учун 100 ғоя» лойиҳасини илгари сурди.

Лойиҳа доирасида шаҳар ва қишлоқлардаги ташаббускор ёшларнинг иқтисодиёт, таълим, спорт, соғлиқни сақлаш, ахборот технологиялари каби соҳалардаги ғояларини рўёбга чиқариш учун шароит яратилади.

Бундан ташқари, ҳар бир фермер 2 гектардан ерини ярим гектардан қилиб, 4 нафар ёшларга бўлиб бериши ва ерни олган ёш эса у ерга истаган экинини экишига имкон берилиши ҳақида ҳам айтиб ўтилди. Шу орқали яна 10 мингдан ортиқ ўғил-қизнинг бандлиги таъминланади.

Бир жойда ишлаш учун киши маълум бир касб ва ҳунар кўникмаларини эгаллаган бўлиши лозим. Шунда у қаерга бормасин, бир ишнинг бошини тутишга ҳам қийналмайди, жамоада ҳам ўз ўрнини топа олади. Шу маънода ёшларни ўқитиш, илмли, касб-ҳунарли қилиш, тадбиркорликка жалб этиш кўплаб тенгдошларимизнинг ўз йўлини топиб олишига ёрдам беради.

Умиджон ЧЎТБОЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги

 Ёшлар парламенти аъзоси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 104,4 фоизга ўсган

Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгашининг йигирма учинчи сессияси бўлиб ўтди. Унда вилоятдан сайланган сенаторлар, Халқ …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan