Бош саҳифа / Жамият / 5-йўналиш ўгайми?

5-йўналиш ўгайми?

Термиз шаҳридаги 5-кичик даҳадан ўтувчи А. Навоий кўчасидан 7-, 305-йўналишлар бўйича “Дамас”лар қатнайди. Лекин улар шоҳбекатдан бориб қайтишади. Биттаю-битта 5-автобусдан ташқари, шаҳар марказидаги “Термиз Бақтрия савдо” МЧЖ ёки “Дарё порти” томонга қатнамайди. Бу макон шаҳардаги энг катта даҳалардан бири бўлишига қарамасдан, фуқаролар марказий бозор, “Дарё порти”, қурилиш моллари бозори, Термиз ҳайвонот боғига боришга жуда қийналишади. Борганда ҳам такси ёллашдан бошқа чоралари йўқ.

Ҳар куни ўқишга, ишга боришда ва қайтишда коллеж, мактаб ўқувчи ва ўқитувчиларининг дуч келган енгил машинага қўл кўтариб, жиғибийрон бўлишаётганига кўзим тушади. 5-автобус эса ҳа деганда келавермайди. Бир соатда зўрға битта автобус келиб кетади. Кеч соат 5:30-6:00дан сўнг, кўпинча йўналишда мутлақо кўринмайди. Одамлар дуч келган йўналишдаги машинага ўтириб, “Юбилейный” чорраҳасига келиб тушадию яна бошқа йўналишга ўтиришга мажбур бўлишади. Агар йўловчи “Дарё порти” томонга бормоқчи бўлса, уч марта йўналиш алмаштиришга тўғри келади. Шу ҳисобда юқоридаги манзилларга бориб келиш учун 10-15 минг сўм етмайди. “Баркамол авлод” ва “Тараққиёт” кўчаларининг кесишувида 3-мактаб ўқувчиларининг турнақатор бўлиб турганлигини кўриб, ҳайфингиз келади. Қиш кунлари қисқа бўлганлиги учун улар ғира-шира қоронғуда ҳам “Дамас” ва таксиларга қўл кўтариб дийдирашиб туришади.

Хўш, ўқувчи ва ўқитувчиларнинг айби нимада? Оддий мактаб ўқувчиси кунлик дарсга бориб келиш учун 5-6 минг сўм сарфлашга мажбур.

— Ўғлим чет тилини яхши ўргансин, деб 3-мактабга ўқишга қўйгандим. Дарсга бориб келгунча, юрагимни ҳовучлаб ўтираман, — дейди Д. Раҳимова.

— “Юбилейный”даги буюм бозори марказга кўчирилганига 3-4 йил бўлди. Истайсизми, йўқми кунора бозорга боришга тўғри келади, — дейди меҳнат фахрийси Р. Тўраев. — Боришга 2-3 машинага минамиз. Айниқса, кўпроқ нарса харид қилсангиз, қайтиш жуда азоб бўлади. Бунинг устига 5-автобус жадвалга қараб эмас, ўзи истаган пайтда юради. Йўловчи ташиш бўйича хизмат кўрсатаётган МЧЖлар ва шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари бу нарсаларга эътибор беришса яхши бўларди.

Дарҳақиқат, фуқароларнинг талаби тўғри. Биз ҳам Термиз шаҳар ҳокимлигидан юқоридаги муаммолар бўйича тегишли жавоб кутиб қоламиз.

Сафар ОМОН,
“Сурхон тонги” мухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Аёл ва замон” марказида янги лойиҳа

Воҳамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам ўз ўрни бор. Бу борада “Аёл ва замон” …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan